Кўкат етиштириш «авж» олди

Сизу биз яшаб турган заминнинг ҳар қарич ери ҳикматли: нима экса, унади, эскилар ибораси билан айтганда, қуруқ таёқ қадаса ҳам барг ёзади. Шунга мос равишда бизнинг одамлар асл деҳқон: ҳар ишнинг ўзинигина эмас, кўзини ҳам яхши билишади.
Наманган вилояти Норин тумани Юқори Чўжа маҳалла фуқаролар йиғинида деҳқончиликда “пихини ёрган” инсонлар кўплаб топилади. Қишлоқ аҳли меҳнаткаш ва танти. Шу билан бирга янгиликка ўч. Юртимизда иссиқхоначиликка эътибор кучайди-ю, бу ҳудудда иссиқхонада помидор-бодринг, турли кўкатлар етиштириш яхши маънода «авж» олди.
— Кўкатчилик ҳамда помидор, қалампир, булғор қалампири каби сабзавот махсулотлари кўчатини кўпайтириш орқали йилига 8-9 миллион сўм фойда оламиз, — дейди Дониёр Худойбердиев. — Шунингдек, ҳар йили бозорга 700-800 килограмм эртачи картошка етказиб икки, уч миллион сўм даромад оламиз.
Бу даромад олти сотих ердан олинишига кўпчилик ишонмаслиги мумкин. Шу боис бухгалтер бўлиб ишласада, «хобби»си томорқада ишлаш бўлган Дониёр акадан ердан бу қадар унумли фойдаланиш сирлари билан қизиқдик. У шундай изоҳ берди: «Сентябрда плёнка остига турли кўкатларни уруғини сепиб қўямиз. Декабрдан бошлаб, январь ойларида уларни сотиб бўламиз. Сўнгра плёнкани очиб, уч сотихда картошка экамиз. Бунинг учун 100 килограмм уруғ сарфланади. Май ойида ҳосилни йиғиб оламиз. Агар бир килограммини 3 минг сўмдан сотсак, 700 килограмм картошка икки миллион сўмдан ортиққа баҳоланади. Кўкатларни уруғи ва дорилаш учун юз минг сўм сарфласак, бир миллион сўм фойда кўрамиз. Январда уч сотихда сепилган сабзавот уруғи апрелда кўчат бўлади. Уларни ҳам яхшигина фойда эвазига сотамиз.»
Ҳа, тўғри англадингиз Д. Худойбердиев томорқасидан йилига уч марта ҳосил олар экан. Икки мартаси бозорга, учинчиси рўзғорга. Яъни май- июн ойларида бўшаган ерга сентябрга қадар пишиб етиладиган – помидор, булғор қалампири, бодринг, сабзи кабилар экилади. Шу тариқа ердан йил ўн икки ой унумли фойдаланилади. Бу эса ҳам рўзғорга, ҳам чўнтакка фойда келтиради. Ҳая, бу хонадонда хурмо, бодом, анжир ва анор каби мевали дарахтлардан ҳам яхшигина ҳосил олинади.
Шу боис қишлоқнинг икки хонадонининг бирида иссиқхоналар барпо этилган. Бу эса томорқадан унумли фойдаланиб, даромад олиш имкониятини ошираётгани бор гап.
Сайёра Шоева, ЎзА