Колорадо қўнғизи зарари ва унга қарши кураш

Колорадо қўнғизи – баргхўрлар туркумининг қўнғизлар оиласига мансуб ҳашорот, ўсимликларнинг ашаддий зараркунандаси ҳисобланади. Танасининг узунлиги 9-12 мм, елка ва уст қаноти сарғиш ёки сарғиш-қизил, олдинги елкасида 12-14 та қора доғлари бор. Қаноти устидан 5 та қора чизиқ ўтган.
Тухумининг катталиги 1,2-1,8 мм, қуртининг узунлиги 15-16 мм, пушти-қизил, ғумбаги 10-12 мм бўлади. Колорадо қўнғизи тупроқнинг 20-50 см чуқурлигида қўнғизлик даврида қишлаб, апрел ойида қишловдан чиқади ва ўсимликлар билан озиқланади.
Урғочи қўнғизлари ўсимликлар барги орқасига, ўсимлик қолдиқларига 12-80 тадан тўп-тўп қилиб тухум қўяди. Битта урғочи қўнғиз 500-800, баъзида 2400 гача тухум қўяди. Тухумларининг ривожланиши 3-5, ғумбагиники 6-9 кун. Тухумдан чиққан қуртлар 20 кун атрофида ўсимликлар барги билан озиқланади ва тупроқда ғумбакка айланади. 1-2 ҳавфтадан сўнг ёш қўнғизлар пайдо бўлади, барг билан озиқланиб, улар ҳам тухум қўяди.

Колорадо қўнғизи картошка, помидор, бақлажон, тамаки, қалампир, ёш терак ва турли итузумсимон ўсимликларга зарар етказади.

Бир туп картошкада ўртача 20-40 қурт ва қўнғиз тўғри келганда ўсимлик баргининг ярмисини еб, ҳосилни 2-3 марта камайтиради. Барги тўлиқ еб
битирилган ўсимликлар ҳосили эса 10 мартагача камайиши мумкин. Колорадо қўнғизи Ўзбекистонда об-ҳаво шароитига қараб 2-4 марта насл беради.
Колорадо қўнғизига қарши кураш чоралари ўз вақтида кўрилмаса ўсимлик баргларини еб битиради. Қўнғиз бир даладан иккинчи далага учиб ўтиб, экин
майдонига жуда тез тарқалади. Шунинг учун препаратлар билан ишланганда барча далаларга бирданига қўлланса мақсадга мувофиқ бўлади.
Колорадо қўнғизининг ватани — АҚШ ҳисобланади. У дастлаб АҚШ нинг Колорадо штатида, сўнгра Шимолий Америка мамлакатларида, ХХ аср
бошларидан Европа мамлакатларида , кейинчалик Шарқий Европа, Украина, Белоруссияда тарқалди. Ўзбекистонга Белоруссиядан уруғлик картошка
билан дастлаб Бўстонлиқ ва Сўх туманларига 1972 йилда келиб қолган.

Колорадо қўнғизига қарши қуйидаги препаратлардан бири 500-600 л/га сувда аралаштириб пуркалади:

  • Детсис – 0,5 л/га;
  • Карате – 0,35 л/га;
  • Суми-Альфа – 0,5 л/га;
  • Бензофосфат (фозалон) – 2,0 кг/га;
  • Регент – 20-25 кг/га;
  • Нурел Д – 0,7 л/га.

Кузги тунламга қарши экишда уруғликка, вегетация даврида ўсимликларга 0,2-0,5 л/га ДEТСИС, 0,03% ли НУРEЛ, 1% ли дендробатсиллин эритмаси пуркаланади. Бундан ташқари БУЛДОК, КОФИДОР, МАСПИЛАН, ХОСТАТИОН, ЭНТОЛУЧО, ЭНТОМEТРИН, ДEЛТАСИС, ЭНТОСПИЛАН инсектицидларини қўллаш мумкин.

Дўстларингизга ҳам улашинг!