Комсток қуртининг зарари ва қарши кураш чоралари

Тенг қанотлилар туркумининг, кокцидлар – Coccinea кенжа туркумига, сўрувчи ҳашаротларнинг унғуборли қуртлар оиласига мансуб бўлиб, хавфли ички карантин ҳашаротдир. Уни деярли барча мевали ва манзарали дарахт, дарахтсимон ўсимликлар ҳамда айрим ўтсимон ўсимликларда (ҳатто тут қаторларига яқин жойларда, ғўзада ҳам) учратиш мумкин. Мевали дарахтлардан анор, олма, нок, шафтоли, шунингдек тутларни қаттиқ зарарлайди. Комсток қурти ҳар қандай дарахтда учраши, панада ҳаёт кечириши, биологик хусусиятлари жуда кўп уруғли бўлиб, табиатда тез тарқалиши ҳисобига унга қарши курашиш жуда қийиндир.

Комсток қурти Ўрта Осиёнинг барча Республикаларига Қозоғистонга, шунингдек Гурузия, Арманистон ва Озарбайжонга тарқалган.

Унинг Ўзбекистонга кириб келган вақтдан бери ўтган бўлсада 75 йил мобайнида  карантин  чора-тадбирлари  қатъий  олиб  борилишига  қарамасдан тарқалмоқда.  Бугунги  кунда  МДҲ  давлатларида  комсток  қурти  барча минтақаларга кенг тарқалиб кетиш хавфи мавжуд. Комсток қурти тарқалмаган ҳудудларни  ундан  муҳофаза  қилиш  учун  кўчатларни,  ўсимлик маҳсулотларини киритиш ва чиқаришида барча карантин қоидаларига амал қилиш  ва  унга  қарши  кураш  чора-тадбирларини  кенг  кўламли  олиб  бориш лозим.  Комсток  қуртининг  биологик  ривожланиш  вақтини  ва  унга  қарши кураш чора-тадбир усулларини яхши билиш,  бу вазифани муваффақиятли бажарилишини таъминлайди.

Тарқалиши. Комсток қуртининг ватани Япония ва Хитой  давлати бўлиб, энтомолог С.Куван 1902 йилда бу қуртни таърифлайди ва унга америка энтомологи Комсток шарафига Комсток номини беради.

Комсток қурти тўғрисида кўп йиллар мобайнида адабиёт манбаларида маълумотлар берилмаган. 1920 йилга келиб матбуотда унинг янги ўчоқлари пайдо бўлиши тўғрисида хабарлар тарқала бошлади.

Ҳозирги вақтда комсток қурти Осиё, Африка, Австралия, Америка ва Европанинг  кўпгина  мамлакатларида  тарқалган. МДҲда  комсток  қурти биринчи  марта 1939 йилнинг  август  ойида  Ўрта  Осиё  ипакчилик институтининг  Тошкент  шаҳри  яқинидаги  Жарариқ  тажриба  хўжалигида Япониядан  келтирилган  йирик  баргли  тут  кўчатларида  аниқланди. Ўзбекистонда  комсток  қурти  Тошкент  вилоятининг  бутун  суғориладиган қисмида тарқалиб, сўнгра Республиканинг бошқа вилоятларига ҳам тарқалиб кетди.  Фарғона  вилоятида  комсток  қурти 1947 йилда  топилди.  Бу  ерда қуртнинг тарқалиши Тошкент вилоятидагига қараганда тезроқ бўлди.

1953 йилда бутун Фарғона вилоятига комсток қурти тарқалиб бўлган эди. Боғларнинг, дарахтзорларнинг кўплиги, тутларнинг қалин ўтказилиши ва ариқлар қуртнинг тез тарқалишига ёрдам берди.

1953-1957 йилларда Андижон вилоятининг барча туманларида комсток қурти жуда тез тарқалди. Ушбу зараркунанда 1957 йил Жиззах вилоятининг Зомин, Самарқанд вилоятининг Иштихон тумани ва Самарқанд шаҳрида, 1960 йил эса Бухоро, Навоий вилоятлари ва 1961 йилда Сурхондарё вилоятининг Афғонистон  билан  чегарадош  туманларида  тарқалган.  Хоразм  ва  Урганчда 1962  йилда,  Қорақалпоғистон  Республикаси  ҳудудларида 1964 йилларда пайдо бўлди. Комсток қурти сўнгги йилларда бутун Ўзбекистон ҳудудлари бўйлаб  тарқалиб  бормоқда.

Морфологик белгилари. Эркак ва урғочи зотлари ташқи тузилиши бўйича кескин фарқланади. Урғочиси ясси шаклли, қанотсиз, кам ҳаракат ва усти оқ мумсимон доғлар билан қопланиб 5 мм узунликда бўлади. Танасининг ён  томонида 17 жуфт  мумсимон  ўсимталари  бор,  дум  қисми  сезиларли даражада чўзинчоқ бўлади. Мўйловлари саккиз бўғинли бўлади (3-расм).

Комсток  қуртининг эркаги 1 жуфт шаффоф қанотли, серҳаракат, ранги қизғиш-жигарранг тусда, узунлиги 1-1,5 мм, мўйловлари 10 бўғинли. Тухумининг узунлиги 0,3 мм, бир томонидан торайган овал шаклда. Ранги сариқ-зарғалдоқ бўлиб, юпқа оқ гард билан қопланган. Комсток  қурти – танасининг катталиги ва дум қисмининг узунлиги билан бир – биридан фарқ қилувчи учта личинкалик ёшини ўтайди.

Биринчи ёшдагиси:  қуртларнинг узунлиги 0,3–0,6 мм катталикда, ён томонида  ўсимталари  бўлмайди,  дум  қисмида  билинар  билинмас  ўсимта бўлади. Танаси сарғиш-қизғиш бўлиб, унсимон қопламаси бўлмайди, унсимон қоплама озиқлана бошлаганидан сўнг аста-секин пайдо бўлади.

Иккинчи ёшдагиси:  қуртларнинг узунлиги 0,9–1,2 мм катталикда, ён томонида  қисқа  ўсимталари  бор,  танасининг  тўртдан  бир  қисмини  дум ўсимтаси ташкил этган. Биринчи ёшдаги қуртлар туллаганидан кейин иккинчи ёшдагилар пайдо бўлиб, сезиларли унсимон қопламга ўралган бўлади.  Мўйловлари  олти  бўғинли.  Туллаб  ташланган  пўстларининг  кўп бўлиши, қуртнинг  иккинчи ёшга кирганлигини билдиради.

Учинчи  ёшдагиси:  қуртларнинг  узунлиги 1,7-2,5 мм  катталикда, эркаги урғочисига ўхшасада, 16 жуфт ён ўсимталари бўлиб, урғочисиникидан қисқароқ бўлади. Танасининг учдан бир – иккидан бир қисмини 1,5 мм гача бўлган дум ўсимтаси ташкил этган. Шунинг учун, учунчи ёшга кирган йирик қуртларни ёш урғочи қуртлар билан осонгина адаштириб юбориш мумкин.

Уларни  ҳамиша  мўйлов  бўғинига  қараб  ажратса  бўлади.  Учинчи  ёш қуртларнинг мўйлови 7 бўғинли, катта урғочи қуртники эса 8 бўғинли бўлади. Бундан ташқари колонияда ёки унинг яқинида узунлиги 1,2-1,5 мм келадиган оқ тусдаги чўзинчоқ шаклдаги урғочи қурт пиллачаларининг пайдо бўлиши учунчи ёш қуртлар пайдо бўлганлигини билдиради.

Биологик хусусияти. Ўзбекистонда  комсток  қурти  бир йилда  3  марта  авлод  беради,  қисман  4  марта  ҳам  авлод  тарқатади. Лекин совуқ тушиши билан 4 авлод қирилиб кетади.

Комсток қурти тухум босқичида қишлайди. Бир урғочи қурт 250 дан 600 донага  қадар  сарғиш – зарғалдоқ  тусдаги  тухумни  мумсимон  оқ  қопчиққа ташлайди.  Бу  қопчиқни  урғочи  қуртнинг  мум  ажратувчи  безлари  ясаб чиқаради. Учинчи  насл  сентябр-декабр  ойларида  қишлаш  учун  тухум ташлайди. Бу мумсимон қопчиқлар ёздагиларига нисбатан сертук ва зичроқ бўлади. Бир авлодининг ривожланиши ҳароратга қараб 42 кундан 65 кунгача давом  этади. Ўзбекистон  шароитида  комсток  қурти  биринчи  авлодининг ривожланиши  апрел ойининг бошидан май ойининг охиригача давом этади, иккинчи  авлоди  май  ойининг  ўрталаридан  июл  ойининг  бошигача,  учинчи авлоди эса июл ойининг бошидан сентябр ойининг ўрталаригача давом этади.

Дарахтнинг  шохлари,  таналари,  илдиз  бўғинлари,  ёриқлар,  пўстлоқ ёриқлари, коваклари, ерга тўкилган барглари, кесак оралари, пахса ва тахта деворларнинг ёриқларида, уй деворининг сувоқлари остида ва комсток қурти тарқалган  дарахтларнинг  яқинидаги  бошқа  жойларда  уларнинг  тўпланган жойлари яхши кўриниб туради.

Тухумлари  тупроқнинг 5 см  дан 16 см  чуқурлигига  қадар  ва камдан-кам  ҳолларда 30 дан 40 см  гача  чуқурликда  бўлади.  Қишлайдиган тухумлар  совуққа  жуда  чидамли  бўлади.  Ҳарорати -300С  бўладиган мамлакатларда (АҚШ нинг Пенсильвания, Огайо, Индиана штатларида) ҳам комсток қурти тарқалган. Одатда комсток қурти октябр-ноябр ойларида ҳам дарахтларда  ва  уларнинг  яқинида  ҳаракатчан  босқичда  ёки  тухум  шаклида жуда  кўп  тўпланади. Совуқ  тушиши  билан  қуртлар  ва  урғочилари  батамом ҳалок бўлади. Қишга ташланган тухумларнинг ҳаммаси қирилиб кетади.

Очиқ жойларда уларни шамол учириб кетиши, ёмғир ювиши мобайнида  ҳалок бўлади. Дарахтнинг илдиз бўғини, кўчган пўстлоғи ости, девор ва ғовак ёриқлари, девор сувоқларининг остидаги тухумлар яхши сақланади. Бегона ўтларнинг илдиз бўғинларида ҳам жуда кўп тухум сақланиб қолади. Бироқ, шу жойларда  намлик  ортиқча  бўлса,  қўйилган  тухумлар  кўпинча  сопрофит замбуруғлардан ҳалок бўлади, йиртқич пашша қуртларни қириб юборади.

Ҳарорат ва ҳаво намлиги комсток қуртининг ривожланишига  таъсир  этувчи  асосий  омиллар  ҳисобланади. Фақат қиш яхши келиб, иссиқ бўлганидагина табиатдаги комсток қурти тухумлари 5-15 фоиз  сақланиб  қолади.  Шунинг  учун,  одатда  комсток қуртининг  биринчи  насли  жуда  оз  бўлади. Қишлаб  чиққан  тухумдан  қурт чиқиш  даври  тутнинг  куртакланиши  ва  дастлабки  барглари  пайдо бўлиши вақтига  яъни  тахминан  март  ойининг  охири  ва  апрел  ойининг бошларига тўғри  келади.  Тухумдан  чиққан  қуртлар  дастлабки 2-3 кун мобайнида мумсимон  қопчиқда  туради, сўнгра  ўрмалаб,  баргларнинг  таги, томирлари бўйлаб ёпишиб олади. Баҳорда ривожланадиган  қуртнинг  биринчи  насли  об-ҳаво  турғун  бўлмаган,  иссиқ кунлар  совуқ  кунларга  алмашинадиган  вақтга  тўғри келади.  Бу  пайтда кўпинча  ёмғир  ёғади  ва  шамол  эсади.  Комсток  қуртининг  баҳорда  очиб чиқишига  феврал  ва  март  ойларидаги  иссиқлик  ҳам  таъсир  этади.  Баҳорда унинг очиб чиқиши 1-1,5 ой давом этади. Офтоб тушадиган тухумлар эртароқ очади.  Шамол  томондаги,  чуқур  нам  коваклардаги,  илдиз  бўғинидаги  ҳамда тупроқ тагидаги тухумларнинг очиб чиқиши анча орқада қолади.

Биринчи  ёшдаги  қуртлар  бир  жойда  узоқ  тўхталиб  қолмайди.  Улар аста-секин барглар, новдалар бўйлаб ўрмалаб, озиқланиш учунгина тўхтайди. Даставвал, бир неча минут тўхтаб, сўнгра анча узоқ муддат ёпишиб туради.

Урғочи комсток қуртининг  бутун ҳаёти давомида уч марта туллайди. Ҳароратга қараб, биринчи ёшдаги қуртларнинг ривожланиши 12-16 кун давом  этади.  Туллашдан  сўнг  биринчи  кунлар  кўпчилик  қуртлар  ташлаган пўстлари яқинида озиқланади, сўнгра 5-7 кун дайдиб юради. Бу нарса август ойининг охирида, айниқса кечалари ҳароратнинг пасайишига сабаб бўлади.

Эркак  комсток  қуртининг  иккинчи  ёшга  қадар  ривожланиши  урғочи қуртларникига ўхшаш бўлади.  Биринчи  ёшдаги  эркак  ва  урғочи  қуртлар  сирт  кўриниши жиҳатидан ҳам, юриш-туриши жиҳатидан ҳам бир-биридан фарқ қилмайди. Иккинчи ёшда эркак қурт безовта бўла бошлайди. Колонияни ташлаб чиқади  ва  хилват  жой  қидириб  ўрмалайди  ва  бундай  жойда  мумсимон шаффоф, чўзинчоқ пилла ўраб то очилиб чиққунча шу пиллада ривожланади.

Эркак  қуртнинг  иккинчи  туллаши  пилланинг  ичида  содир  бўлиб,  шу ерда улар оғиз органларини йўқотади. Қурт олди босқичи 2-3 кун давом этиб, сўнгра қуртга айланади. Эркак қуртлар 2 кундан 6 кунгача ривожланади. Улар катта бўлгач, пиллани ташлаб чиқиб, урғочиси билан қўшилади. Унинг очиб чиқиши одатда урғочи қуртлар жинсий етилган пайтга тўғри келади. Табиатда катта  ёшдаги  эркак  қуртларни  топиш  жуда  қийин.  Лабораторияда  эса  улар деразаларда  ва электр лампочкалари  атрофида жуда кўп тўпланади.

Эркак қуртларнинг ривожланиб етилиши учун урғочи қуртларникидай баравар кун талаб этилади.Тухум қўйиш, қуртларнинг очиб чиқиши, туллаш,

эркак қурт пиллачаларининг ҳосил бўлиши тунда бўлиб ўтади.  Эркак қуртларнинг очиб чиқиши ва жуфтлашуви бундан мустаснодир. Бу жараёнлар эса асосан эрталабки соатларда содир бўлади.

Зарари. Комсток  қурти  турли  мамлакатларда маълум экинларга жуда кўп зарар етказади. Масалан, Японияда у тутга катта зарар  етказади.  Хитойда  эса  чой  плантацияларига,  АҚШда  бананларга, Кореяда олма дарахтларига зарар етказади.

Комсток қурти  300 хил ўсимликни зарарлайди. Улар дарахт танаси, шохлари ва баргларида катта-катта колония бўлиб жойлашади ва дарахт ширасини сўриб олиб, унинг дармонини қуритади ва ўсишини  заифлаштиради.  Кучли  зарарланган  дарахтларда  шишлар  пайдо бўлиб, ёш новдалар қурийди ва барглар тўкилади.  Шафтоли, беҳи, нок, олма, узум, заранг, чинор, картошкада ҳам оз бўлсада, учраб туради. У пенсильвания шумтоли, тоғолча, ўрик,  оқ  акация,  қайроғоч,  гледичия,  тол,  америка  зарангида,  ғўза,  полиз, сабзавот ва дуккакли экинларда жуда оз учрайди.

Тутда,  кўпгина  манзарали  дарахтлар  ва  бута  ўсимликларида  комсток қурти  баргларнинг  остки  юзида,  куртаги,  кўк  новдаларининг  бутоғида, шунингдек дарахт таналари ва шохларида озиқланади. Комсток қурти мевали дарахтларда  гулкосалар  ва  мева  бандлари  теварагида  тўпланишни  яхши кўриб, баргларидан қочади ва новдаларда унча ривожланмайди.

Комсток  қурти  баҳор  ва  ёзда  анор  тупининг  илдизи  ва  новдаларида ривожланиб,  кузда  эса  мева  косачаларининг  ич-ичига  кириб  кетади.  У сабзавот экинларининг барг қатларида ва илдиз-меваларининг юқори қисмида тарқалади.  Картошкада  бу  қурт  илдиз  бўғнининг  ва  картошканинг  ўзини шикастлантиради.  Питомникларда  эса  кўпинча,  олма,  шафтоли,  олхўри  ва шумтол  илдизларида  ривожланади.  Оранжерея  ўсимликларида  эса  яхши ривожланмайди.

Кураш чоралари. Комсток қуртига қарши муваффақиятли кураш олиб бориш учун бир қанча кураш тадбирлари ишлаб чиқилган. Карантин, тадбирлари бажарилган шароитдагина қуртнинг зарарли фаолиятини  тўхтатиш  ва  унинг  бундан  буён  тарқалишига  йўл  қўймаслик мумкин. Буларга  қуйидаги  карантин  тадбирлари  киради:  кўчатларни  кўздан кечириш  ҳамда  комсток  қуртига  қарши  агротехник,  биологик  ва  кимёвий кураш усуллари ишлатилади.

  1. Ташкилий-хўжалик, агротехник, биологик ва кимёвий усуллар ёрдамида зарарланган дарахтлардаги комсток қурти зичлигини камайтириш, унинг кейинчалик ривожланиши учун ноқулай шароит яратиш ва тўғридан-тўғри дарахт ва мевани ҳимоя қилиш тадбирларини амалга ошириш лозим.
  2. Биологик кураш сифатида псевдафикусни лаборатория ва дала шароитларида кўпайтириш мумкин. Бунинг учун кузда мумиялашган комсток қуртларини табиатда йиғиштириб олиб, лабораторияга олиб келинади ва совутгичларда -3 дан +60 гача бўлган шароитда баҳоргача сақланади. Март-апрел ойларида эса қайтадан табиатга, комсток қурти тарқалган дарахтларга қўйиб юборилади.
  3. Кимёвий кураш сифатида комсток қурти тарқалган дарахт ва ўсимликларга қуйидаги инсектицидлар билан ишлов берилади: циперфос – 0,1%, дурсбан – 0,1%, каратэ, талстар – 0,05%, бензофосфат – 0,3%, моспилан – 0,02%, конфидор – 0,03%, циперметрин – 0,03%.
  4. Карантин тадбирлар. Комсток қурти ўчоқларини  топиш, тарқалиш  чегарасини белгилаш ҳамда қарш кураш миқёсини аниқлаш учун мутахассислар  ҳар  йили  тут,  анор  кўчатлари  ҳамда  бошқа  дарахт  ва  дала экинлари, бегона ўтларни кўздан кечирадилар.

Комсток  қурти  тарқалмаган  ҳудудда  унинг  тарқалиши  эҳтимоли кутилган жойларда (шаҳарлар, туман марказлари, аҳоли яшайдиган пунктлар, питомниклар, илмий-тадқиқот муассасалари, томорқалар,  вокзал, аэропорт, автостанция,  бозор  ҳудудлари  комсток  қурти  тарқалган  ҳудуддан  келтириб ўтказилган кўчатлар ва қўриқхоналарнинг тевараги) тут, анор кўчатларлари батамом  кўздан  кечириб  текширилади.  Дарахтда  комсток  қурти  топилган бўлса, шу ўчоқдан 5-10 км кенгликдаги барча дарахтлар текшириб чиқилади.

Карантинга олинган ҳудудда хўжалик, ташкилот, корхона раҳбарлари шу  зараркунандага  қарши  курашиш  тадбирларининг  ўз  вақтида  ва  тўла бажарилишига  масъулиятли  бўлиб,  қуйидаги  карантин  қоидаларига  амал қилишлари даркор.

1)  пайванд  қилинадиган  тут  ва  бошқа  дов-дарахтлар  фақат комсток  қурти  билан  зарарланмаган  участкалардангина  олиб  тайёрланиши керак;

2) комсток қурти билан зарарланмаган туманларга тут барги олиб борилишига йўл қўйилмайди ;

3) зарарланган зонадан бошқа хўжаликлар, туман, шаҳар, вилоят ва   Республикаларга  кўчат  ҳамда  ўсимликлардан  олинадиган  бошқа маҳсулотлар ўсимлик карантини бўйича давлат хизмати органлари берадиган карантин  сертификатларига  асосланган,  карантин  қоидаларига  риоя  қилган ҳолда юборилади;

4)  комсток  қурти  карантин  остига  олинган  ҳудудларда  янги кўчатзорлар,  тутзорлар,  боғлар,  токзорлар,  анорзорлар  фақат  ўсимлик карантини бўйича давлат хизматининг рухсати билангина барпо қилинмоғи шарт.

Дўстларингизга ҳам улашинг!