Кунгабоқар етиштиришда юқори ҳосил сири: тўғри уруғ танлаш ва экиш қоидалари

Кунгабоқар етиштириладиган ҳудудларга мос бўлган, юқори даражада ҳосил берувчи кунгабоқар уруғларини махсус уруғчилик марказлари кўмагида таъминланади. Ишлаб чиқарувчилар бу уруғларнинг танловида қуйидаги жиҳатларга алоҳида эътибор беришлари лозим:

а) кунгабоқар етиштирувчи фермер ва деҳқон хўжаликларида ҳар йили мутлақо сертификатланган янги уруғ экишлари лозим;

б) экиладиган кунгабоқар уруғлари тоза, унувчанлик даражаси ва униб чиқиш кучи юқори бўлиши керак;

c) оробанч (Orobanche sp.) ёки сил ўти аниқланган далаларда ҳосил пасайишига сабаб бўлмаслиги учун бу паразитга чидамли кунгабоқар уруғи танланиши лозим, шунингдек, кунгабоқар етиштириш жараёнида оробанч зарари кузатилса, кимёвий кураш олиб борилиши зарур;

д) экиладиган кунгабоқар агар чириш (Plasmopara helianthi L.) ёки сўлиш касаллигига чидамсиз бўлса, бу касаликка қарши экилишдан олдин уруғ дориланиши лозим.

Ўзбекистонда кунгабоқар фермер ва деҳқон хўжаликлари, томорқа ер эгалари томонидан парваришланиб келинаётган мойли ўсимлик ҳисобланади.

Томорқа ер хўжалиги, шунингдек, фермер ва деҳқон хўжалиги иш юритувчи ходимлари томонидан кичик майдонларда кунгабоқар етиштириладиган ҳолатларда асосан қўл меҳнати ёрдамида, катта майдонларда эса замонавий уруғ экиш сеялкалари ёрдамида уруғлар экилиб, парваришланиб, мўл ҳосил олишга эришиб келинмоқда.

Уруғларнинг тезроқ униб чиқиши ва ундан юқори ҳосил олиш учун уруғларни экишдан олдин намлаб, имкони бўлса дорилаб экиш тавсия этилади. Бунинг учун кунгабоқар уруғларини тахминан 4-6 соат давомида намлаш ва уруғларни сояда қуритиш, писталар чақилиб кетишининг олдини олишга алоҳида аҳамият қаратиш лозим.

Экиш учун районлаштирилган навнинг уруғи экилади. Уpyғ 1000 донасининг вазни 50 – 100 г бўлиши керак, унувчанлиги 95% дан кам бўлмаслиги, туп сони нам ерларда 40 – 50 минг, қисман суғориладиган ерларда 30 – 40 минг, лалми ерларда 20 – 30 минг ўсимлик бўлиши мақсадга мувофиқдир. Амалда экиладиган ypyғ миқдори ypyғ сифатига, экиш усулига, навларининг биологиясига боғлиқ бўлади.

Кунгабоқар ypyғини экишдан олдин фентиурам билан ишланади (3 кг/т), интенсив етиштириш технологияси қўлланганда ягана қилмаслик учун аниқ ypyғ экилади.

Ўртача 45 – 55 минг дона ypyғ экилади ёки 5 – 8 кг/га ypyғ олиш учун, 35 – 40 кг/га силос тайёрлаш учун, кунгабоқар экиш чуқурлиги 6 – 10 см, қатор ораси 70 см қилиб СУ ПН – 8, СКПП – 12 сеялкаларида кунгабоқар кенг қаторлаб экилади.

Манба: » КУНГАБОҚАР ЕТИШТИРИШ» Тузувчилар:Ж.Б.Худайқулов – Тошкент давлат аграр университети “Ўсимликшунослик” кафедраси мудири қ.х.ф.д. профессор.

Х.Н.Атабаева – Тошкент давлат аграр университети “Соя ва мойли экинлар” кафедраси қ.х.ф.д. профессор.

Лойиҳа ғояси муаллифи ва ташкилотчи: “Агробанк” АТБ