Кунгабоқарни ўғитлаш бўйича тавсиялар

Кунгабоқарни тўлиқ ва тўғри минерал озиқлантириш асосан кузги ишлов беришдан бошланади. Кунгабоқар 1 тонна дон ва шунга яраша вегетатив масса хосил қилиши учун соф ҳолда 40-50 кг азот, 15-20 кг фосфор ва 80-100 кг калий талаб қилади. Кунгабоқарнинг қолдиқлари ерга қайтарилганда ўзлаштирилган азотнинг 40-50%и, фосфорнинг 30-40%и, калийнинг эса 80-90%и ерда қолади. Бундан ташқари кунгабоқар, чуқур қатламларда ўтмишдош экинлардан қолган резидуал озуқаларни ҳам юқорига кўтариб беради. Ўртача хосилдор ерлар учун 50-60 кгдан азот, фосфор ва калий тавсия қиламиз. Охирги йиллар иқтисодий шароитларида нархлар юқорилиги боис, фосфор ва калийнинг етарли даражада қўлланилмаслиги сабабли кунгабоқар хосилдорлигининг сезиларли пасайиш тенденцияси кузатилмоқда. Бу ўз навбатида шуни кўрсатадики, сўнгги йилларда ҳатто қоратупроқли ҳудудларда ҳам озуқа заҳираларининг сезиларли даражада камайиш жараёни жадаллашмоқда, шу сабабли кунгабоқарни уч компонентли ўғитлаш усули билан озиқлантириш ўта муҳимлигини кўрсатмоқда. Фақат азотли ўғитлаш хозирда етарли эмас. Бунда хосилдорликни уч компонентлик ўғитлашга нисбатан анча пасайиб кетиши кузатилади.
Кунгабоқар ўсаётган ва азотни кучли истеъмол қилиш даврида, уни осон ўзлаштирилувчи азот билан етарлича таъминлаш учун азотли ўғитларнинг ярмини ёки кўпроқ қисмини иложи борича экишдан олдин ерни тайёрлаш вақтида қўллаш мақсадга мувофиқ бўлади.