Кунжут

64

Экиш учун тавсия этиладиган навлар: Тошкент-122, Қора шаҳзода.

Уруғлик танлаш ва экишга тайёрлаш. Экиш учун йирик, тўқ ва шикастланмаган уруғлар танлаб олинади.

Ерни экишга тайёрлаш. Шуни эсда тутиш лозимки, кунжут бир бор экилган ерга 6–7 йилдан кейин қайта экилади, акс ҳолда касаллик ва зараркунандалар ўсимликка катта зарар етказади. Ерни экишга тайёрлаш ишлари ўтмишдош ўсимликларни қолдиқларини тозалашдан бошланади, ер 20–25 см чуқурликда юмшатилади, текисланади ва 70–60 см кенгликда жўяклар олинади.

Экиш муддати. Кунжут ернинг тобига келишига қараб апрель-май ойларида, анғизга эса июнь ойининг охирида экилади.

Экиш меъёри ва схемаси. Кунжут 60х20 ёки 70х20 см схемада экилади. Экиш чуқурлиги 3–5 см. 10 сотихга 500–600 граммм уруғ сарфланади.

Парваришлаш. Ўсимликлар ягана қилинмайди. Гуллагунча 1-2 марта, гуллаш даврида 2 марта суғорилади. Сизот сувлари яқин жойлашган томорқаларда 1-2 марта суғориш кифоя қилади. Қатор оралари ҳар сувдан кейин етилиши билан чопиқ қилинади.

Ўғитлаш. Маҳаллий ўғит ерни экишга тайёрлаш пайтида солинади. Гўнг қанча кўп солинса, шунча яхши бўлади. Зарур ҳолларда (гўнг етмаганда) 10  сотихга 6-8 кг фосфор, 2-3 кг азот сепилади.

Касаллик ва зараркунандаларга қарши курашиш. Кунжутда касалликлардан фузариоз ва вертициллиоз вилт, ун шудринг касалликлари,  зараркунандаларидан эса ширалар, қандалалар, тунламлар, баргхўр қуртлар каби зараркунандалар кузатилади.

Ун шудринг касаллигига қарши ўсимликни ўсув даврида Дуплет ТТ, 22,5% эм.к. (т.э.м; тебуконазол+триадимефон) – 0,3-0,5 л/га сарф-меъёрларда қўлланилади.

Зараркунандаларга қарши Моерметрин 25% эм.к. (т.э.м; циперметрин) – 0,3-0,4 л/га меъёрда қўлланилади. Кунжутдаги касаллик ва зараркунандаларга қарши ишчи суюқлик сарфи 10 сотихга 20 л ҳисобида олинади.

Ҳосилни йиғиштириш. Кунжут поясининг барглари сарғайиб тўкила бошлаган ва пастки кўсакчалари етилган пайтда йиғиб олинади ва қуритилади. Поя боғламларини пастга қаратган ҳолда осиб қуритиш мумкин эмас – кўсаклар ёрилиб, уруғлар тўкилиб кетади. Кўсаклардаги ҳосил янчиб олинади.

Пояларини жодида яхшилаб майдалаб, дағал хашак ўрнида молларга берса бўлади.

Манба: mehnat.uz

Дўстларингизга ҳам улашинг!