КУЗ: ҲОЗИР ДАРАХТЛАР ҚАНДАЙ ПАРВАРИШГА МУҲТОЖ?

Куз мавсуми дарахтларнинг, айниқса, мевали дарахтларнинг саломатлигини назорат қилиш учун энг муҳим мавсумлардан бири ҳисобланади. Баъзи амалларни ўз вақтида бажариш, дарахтларни қишдан эсон-омон чиқиб олиб, янги мавсумда тўла куч билан ривожланиши ва мева беришида жуда катта ёрдам беради.

Куз мавсумида бажарилиши мумкин бўлган баъзи амаллар ва тавсиялар:

Мевали дарахтларни ёки боғларни октябрь ойи ўртаси ёки охирларигача (об-ҳаво шароитларидан келиб чиқиб) мунтазам ва етарлича суғориб бориш.

Мевали дарахтлар қишга (тиним даврига) танасида етарлича сув (намлик) билан кириб бориши шарт. Шундагина дарахтларда сувсизликдан стресс юзага келмайди ва нобуд бўлмайди ҳамда уларнинг совуққа чидамлилиги ортади.

Куз ойлари дарахтларни суғориш керакми? 

Мева пишишига қараб мева теришдан бир ёки икки ҳафта олдин сув беришни тўхтатиб ва мева териб олиниши билан октябрь ойи охиригача суғоришни давом эттириш самарали натижа беради. Қанча сув бериш об-ҳаво шароити ва ёғиши мумкин бўлган ёмғирга боғлиқ. Ёки намликни назорат қилиб бориш учун боғингизга тензиомерт ўрнатишингиз мумкин. Ўзбекистоннинг аксарият ҳудудлари ноябрь ойларигача қуруқ бўлишини эътиборга олган ҳолда, мева териб олингандан сўнг икки ҳафтада бир марта қондириб (томчилатиб суғориладиган боғларда эса 4-5 кунда бир 2-3 соат) суғориб туриш (ноябрь ойи бошигача) дарахтлар саломатлиги ва уларнинг қишга чидамлилигини ошириш учун жуда фойдали.

Дарахтлар остига тўкилган баргларни йиғиштиринг.

Йиғиб олинган баргларни боғдан олиб чиқиб йўқ қилинг. Бу баргларда қишловчи касаллик споралари ва зараркунанда туҳумларини нобуд қилишга ёрдам беради. Албатта, катта боғларда баргларни йиғиб чиқиш мушкул бўлиши мумкин, бу ҳолда боғ юзасига (тўкилган барглар устига азотли сув (тахминан 100 литр сувга 400-500гр карбомид ёки селитра) сепиш уларни чиришга ёрдам беради. Сўнгра уларни қаторлар орасига тортиб тупроқ билан аралаштириб ташлаш мумкин.

Тўкилган барг билан бир қаторда, дарахтлар остидаги бегона ўтларни ҳам яхшилаб тозолаш тавсия этилади. Касаллик ва зараркунанда спора ва туҳумлари бегона ўтларда ҳам қишлайди.

Ортиқча ва нотўғри озиқлантирманг!

Унумдор тупроқ ва мавсум давомида яхши озиқлантирилган мевали дарахатларга куз ойлари ортичқа озуқа бериш эҳтиёжи бўлмаслиги мумкин. Ўзбекистон шароитида июн ойигача озиқлантириш самарали натижа беради. Шундай бўлса-да, боғларни куз мавсумида аммофос, калий ва азот (карбомид ёки селитра ёки аммоний сульфат) билан озиқлантириш яхши натижа беради. Бу озуқалар имкон қадар кеч куз ва барглар тўкилишидан бир ёки икки ҳафта олдин берилиши тавсия этилади. Шунда дарахт берилган озуқани ўзлаштиради, лекин ўсиш учун ишлатмайди, танасига йиғиб уйқуга киради. Акс ҳолда, куз ойларининг бошида озуқа берилса, дарахтлар ўсишни бошлайди (айниқса, янги экилган кўчатлар) ва янги ўсган новдалар қишда нобуд бўлади ва дарахтларнинг совуққа чидамлилиги сусаяди.

Аммофос ва калий озуқаларини фақат кузда берган мақул. Агар аммофос баҳорда берилса, у тупроқдаги кальцийни (Ca) боғлаб қўяди ва дарахт уни ўзлаштира олмайди. Шу сабабдан баҳор ойларии ва мавсумда баланслаштирилган озуқалардан фойдаланиш тавсия этилади (масалан, Кристалон ва бошқалар).

Ҳар қандай ҳолатда озуқа беришдан олдин, тупроқни лабаратория таҳлилидан ўтказиш тавсия этилади. Афсуски Ўзбекистонда ҳар доим ҳам бунинг иложи йўқ. Бу ҳолда тахминий меъёрдан фойдаланишга тўғри келади.

Ташкил этиб бўлинган боғлар учун баъзи тавсиялар (ҳар икки йилда бир марта):

  • 1-5 ёшгача бўлган дарахтла учун: туп сонига 100грам аммофос, калий ва 40-50гр азот;
  • 5-15 ёшгача бўлган дарахтлар учун: туп сонига 150-200грам аммофос, калий ва 80-100гр азот;
  • 5 ёшдан юқори дарахтлар учун: туп сонига 200-300грам аммофос, калий ва 100-150гр азот.

Изоҳ: юқоридаги тавсияга боғланиб қолманг, самарали натижа учун тупроқларингизни ва мавсумда баргларингизни лабаратория таҳлилидан ўтказинг! Малакали мутахассис маслаҳатидан фойдаланинг!

Аксарият ҳолларда калий ва фосфорни ортиқча бериб юбориш унчалик катта муаммо туғдирмайди. Фосфор ва калийни 2 ёки 3 йиллик меъёрини бир бериб, бир неча йил бермаслик амалда кўп учрайди ва бу норма ҳисобланади. Шундай бўлса-да лаборатория таҳлилларига асосланиш энг яхши ҳулоса!

Янги ташкил этилувчи боғларда, тупроқ таҳлили натижаларига асосланган ҳолда ёки бунинг иложи бўлмаса, қуйидагича тавсия бўйича кўчат экишдан олдин тупроқ унумдорлигини ошириш самарали натижа беради:

1 гектар майдон учун:

Дастлаб ерни чуқур ҳайдаш ёки ёриш (60 смдан 1 метр чуқурликкача). Имкон бўлса, махсус техника ва тупроқни ёриш учун мўлжалланган чизел билан (одатда узунлиги 1-1.5метр бўлади).

Сўнгра қуйидагиларни сепиб ерни яхшилаб ҳайдаб тиндиришга қўйилади. Қор ва ёмғир остида баҳоргача (кўчат экилгунгача) ер тобига келиб дам олади:

800 кг — 1000кг гача аммофос ва калий,

чиритилган гўнг, ва тупроқ рН ни тушуриши учун 4-5 тонна олтингургут ёки шўрлиги юқори тупроқлар учун 2-3 тонна гипс

Изоҳ: ташкил этиб бўлинган боғларнинг рН кўрсатгичини нормаллаштириш учун ҳам бир гектарга 4-5 тонна олтингургут ёки шўрлиги юқори тупроқлар учун 2-3 тонна гипс қўшиб ҳайдаш. 

Экиб бўлинган ёки янги экилиши мўлжалланган ерларга гўнг солиш тупроқ унумдорлигини оширшга ёрдам беради, фақат чиритилган гўнг ишлатиш тавсия этилади. Акс ҳолда ҳолда май қўнғизи личинкаси (илдиз кемирувчи оқ қурт) каби муаммоларни орттириб оласиз.

Касалликларга қарши курашиш: 

Келгуси йилда юзага келиши мумкин бўлган касалликларга қарши курашиш куз мавсумида бошланишини ёдингиздан чиқарманг!

Барглар 60-70% тўкилганда, дарахтларга 4-5%ли бордо суюқлиги сепилади.

Изоҳ: Ўзбекистонда кенг тарқалган ва нисбатан арзон калий тури бу – Калий Хлориддир (KCl). Бу турдаги калийнинг муаамоси, тупроқнинг ортиқча шўрланишига сабаб бўлади, Ўзбекистоннинг аксарият ҳудудларида тупроқ шўрланиши шундоқ ҳам жуда катта муаммо.

Шу сабабдан агар молиявий имкониятингиз кўтара олса, Калий Нитрат (KNO3)дан фойдаланиш самаралироқ натижа беради. Афсуски, Калий Нитрат (оқ калий) Калий Хлорид (қизил калий) га нисбатан анча қиммат туради.

Ўзбекистоннинг аксарият ҳудудларида тупроқ энг кўпи билан 25-30см чуқурликкача чизель қилинади ёки ҳайдалади. Бу пахта ва буғдой учун етарли бўлиши мумкин, лекин мевали дарахтлар учун эмас. Йиллар давомида пахта ва ғалла, ҳамда сабзавот экилган ерларнинг тупроқлари пресланиб боради. Шу сабабдан бундай ерларда 40-50 смдан кейи сув яхши юрмайди. Илдиз чириши касалликлари кўп учрайди ва дарахтларнинг риожланиши бир хилда кечмайди.

Айниқса, эски боғ ўрнига янги боғ экилганда тупроқни 1.8 — 2 метр чуқур ёриш эски дарахтлар илдизларини майдалаш ва янги улар билан боғлиқ бўлиши мумкин бўлган муаммоларни бартараф қилиш, ҳамда ер остидаги қаттиқ қатламни юмшатишда жуда катта ёрдам беради.

Юқори ҳосил олиш учун албатта пайвандтаг, нав ва парваришлар (озиқлантириш, суғориш ва ҳ.к.) жуда муҳим, лекин дарахт экишдан олдин ер тайёрлаш муваффақиятнинг энг биринчи калити ҳисобланади. Нотўғри ерга экилган энг сифатли дарахт ва унга берилган энг яхши ишлов ҳам ҳосилдорликни максимал даражага олиб чиқа олмайди. Шу сабабдан, янги боғ экувчилар кузда ер тайёрлашга жуда яхши эътибор бериши тавсия қилинади.

манба: Fruit master

Дўстларингизга ҳам улашинг!