Кузги рапс – бебаҳо мойли экин

Деҳқончиликда рапснинг икки – баҳорги ва кузги тури мавжуд. Кузги рапс фойдаланилишига қараб мойли экинлар гуруҳига киради ва асосан мой олиш учун экилади. Бугунги кунда рапс дунё деҳқончилигида 30 млн. гектарга яқин майдонда етиштирилмоқда. Жумладан, Хитойда 7,3, Ҳиндистонда 6,7, Россияда 1,5, Германияда 1,3 млн. гектарни ташкил қилади.

Кузги рапс мой берувчи истиқболли ўсимликлардан бири бўлиб, уруғидан ўсимлик мойи олинади. Бир гектар ерга кузги рапс экилганда 10 ц мой ва 5 ц оқсил олиш мумкин. Кейинги йилларда яратилган рапс навлари уруғлари таркибида 45–48% мой, 20–22% оқсил мавжуд.

Рапснинг мойи ўз хусусиятига кўра, чала қурийдиган мой бўлиб, озиқ-овқат саноатида, полиграфия ва тери ошлаш саноатида ишлатилади. Бундан ташқари рапс мойи лак-бўёқ ва каучук олишда, тўқимачиликда сунъий матолар ишлаб чиқаришда қўлланилади.

Рапс гуллари сариқ рангли, жуда чиройли кўринишда бўлганлиги учун ариларни ўзига тез жалб қилади ва асалчил ўсимлик ҳисобланади.

Рапс гуллари эрта баҳордан бошлаб бир-бир ярим ой давомида очилиб туради. Бир гектар рапс майдонидан 90 кг. гача асал олиш мумкин. 100 кг рапс уруғидан 56 кг. гача кунжара олинади. Кунжарасида оқсил миқдори 38–40 фоизни ташкил этади. 100 кг кўк массасида 16 озуқа бирлиги бўлиб, унда 190 г ҳазм бўладиган протеин мавжуд.

Рапснинг кўк массаси эрта баҳорда чорва моллари учун тўйимли озиқа бўлиши мумкин, аммо тез ўриб олинмаса, кейинчалик баргларини моллар яхши емайди. Рапсни оралиқ экин ва кўк масса учун ҳам экиш яхши натижа беради. Молларга рапсни кўклигича, сенаж, силос, ўт уни ҳолида бериш мумкин.

Марказий Осиёда, хусусан, Ўзбекистонда узоқ йиллар рапсдан оралиқ экин сифатида фойдаланиб келинган ва бу борада бир қатор илмий ишлар бажарилган. Собиқ Самарқанд қишлоқ хўжалик институтида профессор Е.П.Горелов раҳбарлигида ҳамда Тожикистон Деҳқончилик илмий-тадқиқот институтида илмий изланишлар олиб борилган.

Рапс сидерат экин сифатида қовун навлари касалликларига қарши курашда яхши самара беради. Рапснинг яхши жиҳати шундаки, у тупроқни тозалайди, кислотали тупроқларни меъёрга келтиради.

Ґозир селекцияда мойи таркибида эрук кислотаси бўлмаган рапс навлари яратилмоқда.

Кузги рапс қишки совуқларга нисбатан чидамли. Майсалари қор тагида қолганда совуққа чидамлилиги янада юқори бўлади. Қорсиз пайтда майсалар -12–15оС совуқда нобуд бўлади Баҳорда 2–3°С да ўса бошлайди ва қисқа муддатли -10°С совуққа бардош беради.

Рапс намга талабчан. Тупроқда ҳаво ҳарорати қуруқ бўлса, ўсимлик паст бўйли бўлиб, яхши ривожланмайди. 30–32°С ҳаво ҳароратида нам етарли бўлганда яхши ўсади.

Рапс нисбатан шўрланган ва қумоқ, оғир соз тупроқларда яхши ўсмайди. Ўтлоқ ва бўз ҳамда ўртача шўрланган тупроқларда жуда яхши ўсади. Кузги рапснинг ўсув даври 220–240, баҳорги рапсники эса 120–140 кунни ташкил этади. Рапс чорва моллари учун ем-хашак мақсадларида, гуллаш фазасида ўрилади. Кейинчалик, қўзоқлаганда моллар яхши емайди.

Алмашлаб экишда карамгуллилардан бошқа ўсимликлар рапс учун яхши ўтмишдош бўла олади. Рапснинг ўзи ўтмишдош ўсимликларга унча талабчан эмас.

Рапс майдонига 4–5 йилдан ке­йингина рапс экиш мумкин, акс ҳолда касаллик ва зараркунандалари кўпайиб кетади. Бир далага такроран экмаган маъқул.

Рапс экиладиган ерларни кузда 27–30 см чуқурликда ҳайдаб, гектарига 10 т гўнг ва 30–35 кг (соф ҳолда) фосфорли ўғитлар солинади. Рапс экиладиган дала текис ва нами етарли бўлиши зарур. Тупроқда нам етарли бўлганда рапс уруғлари 3–4 кунда униб чиқади. Агар дала нотекис бўлса, рапс уруғлари жуда майда бўлганлиги боис униб чиқиш миқдори пасайиб кетади.

Экиш даврида ерлар, албатта оғир молалар билан молаланиши зарур. Бундан ташқари, бегона ўтларнинг уруғи бўлмаслиги керак. Чунки бу ўсимлик ўсув даврининг бошида суст ўсади ва бегона ўтлар тупроқдаги бор озуқани ўзлаштириб олади.

Кузги рапсни октябрь ойи бошларида ерни суғориб тезлик билан экиш лозим, чунки 8–10 та барг чиқарган пайтда қишки совуқларга чидамли бўлади. Агар экиш муддати кечикса, ўсимлик ўзи учун зарур бўлган озуқа моддаларини ҳужайра ширасида тўплай олмагани учун нобуд бўлади.

Кузги рапс асосан кенг қаторлаб (60–70 см) экилади, тор қаторлаб экиш ҳосилнинг пасайишига олиб келади. Рапс мой олиш учун экилганда 2–3 марта культивация қилиб, жўяк тортилади. Культивация билан бирга қатор ораларига минерал ўғитлар билан озиқлантирилади. Эрта баҳорда гектарига 60 кг азот, 45 кг фосфорли ўғит берилади. Озиқлантириш икки маротаба ўтказилади.

Кузги рапсни мой олиш учун экилганда экиш меъёри гектарига 6–7 кг, сидерат учун экилганда эса 10–12 кг. Бир гектар майдонга мой учун 1,2–1,5 млн. дона унувчан уруғ экилади.

Уруғлар яхши текисланган тупроқларга 2–3 см чуқурликка дон ёки сабзавот сеялкалари билан экилади. Мой олиш учун экилганда кенг қаторлаб экиб, қатор ораларига ишлов бериш мақсадга мувофиқ.

Кузда ҳаво илиқ келиб, бегона ўтлар униб чиқса, албатта, бир марта культивация қилиш зарур. Кузда ёғинлар ёғмаса, албатта сув берилади, бунга сабаб рапс имкон қадар яхши ўсиб, қишки совуқларга чидамлилигини ошириш зарур. Қишлашга кетаётган ўсимликда камида 8–9 дона барг ҳосил бўлиши ва поясининг баландлиги 15 см. дан баланд бўлса, қишки совуқларга яхши бардош беради.

Баҳорда икки марта культивация қилинади, минерал ўғитлар билан озиқлантирилади, ерости сувларининг жойлашишига қараб суғорилади. Ерости сувлари юза жойлашган дарё воҳалари бўлса 2 марта, ерости сувлари чуқур жойлашган бўлса, 3–4 марта сув берилади.

Нам билан етарли таъминланган пайтда рапс ўсимлигинининг ҳосилдорлиги яхши бўлади, уруғлари яхши етилади. Рапс ўсимлигининг ҳам касаллик ва зараркунандалари мавжуд бўлиб, уларга кимёвий усулларда қарши курашилади.

Умуман, рапс уруғини юртимизнинг қуруқ иқлимида икки фазада йиғиштириш яхши натижа беради. Ґосил комбайнларда ўриб олинади, ўриш пайтида уруғнинг намлиги 30–40% бўлиши лозим. Даст­лаб чала пишиб етилган уруғлари билан ўсимлик ўриб хирмонга тўпланади ва кейин тоза пишиб етилгандан сўнг янчиб олинади.

Ўзбекистонда рапс асосан кузда экилганда жуда яхши самара беради. Кўк поя ҳосилдорлиги гектарига 320–350 ц, уруғлари юқори агротехникада 25–27 ц. ни ташкил қилади.

Д.Ёрматова, Х.Хушвақтова, С.Якубов.