ЛИМОНДА ШИРАЛАРГА ҚАРШИ ОЛТИНКЎЗ ҚЎЛЛАШНИНГ БИОЛОГИК САМАРАДОРЛИГИ

Сўнгги йилларда республикамизда цитрус экинларига (лимон, апельсин, мандарин ва бошқалар) кейинги йилларда катта қизиқиш уйғониб, улар экиладиган майдонлар (фермер хўжаликларида, томорқа хўжаликларида) кенгаймоқда.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси президентининг 2018 йил 6 мартдаги “Ўзбекистон Республикасида лимончилик соҳасини янада ривожлантириш чораадбирлари тўғрисида”ги ва 2020 йил 19 февралда “Лимончилик тармоғини янада ривожлантиришга доир қўшимча чора – тадбирлар тўғрисида”ги қарорлари қабул қилинди. Мазкур қарорларга биноан лимончиликни ривожлантириш учун хорижий сармояларни, чет эллик мутахассислар ва инновацион технологияларни фаол жалб қилиш, етиштирилган лимон маҳсулотларини экспортга чиқариш ва шу орқали
аҳоли бандлиги ва даромадлари даражасини ошириш вазифалари белгиланган.
Бугунги кунда иссиқхона шароитида цитрус экинларини бир неча турдаги зараркунандалар зарарлаб, ҳосил миқдорини камайтириб, унинг сифатини
бузмоқда. Бундай зараркунандаларга 1995 йиллардан кейин республикамиз ҳудудларида пайдо бўлган янги цитрус ғовак ҳосил қилувчи куя –(Phillocnistis citrella Stainton),қизил тусли цитрус канаси– (Paratetranychus pilosus),акcация шираси – (Aphis
crassivoraKoch.) цитрус буталари ихтисослашган сохта қалқондорлар – (Coccus
hesperidum), турлари ва бошқа зараркунандаларнинг келтирадиган зарари натижасида
умумий ҳосилдорлик 60 – 70 % га камайиб кетиши натижасида бир неча миллион сўм
йўқотилмоқда. Бу зараркунандалар ичида шираларнинг зарари сезиларли даражада.
Ширалар – бу Aphidinea гуруҳчасига мансуб сўрувчи тенгқанотли ҳашаротларнинг катта (Homoptera) гуруҳидир. Собиқ СССР ҳудудида унинг 800 га яқин турли турлари аниқланган. Уларниг орасида иссиқхоналарда етиштириладиган турли экинларнинг хавфли зараркунандалари учрайди. Ушбу зараркунандалар кўпроқ ёш ўсимликларга зарар келтиради. Келтирилган зарари натижасида ўсимликлар ривожланишдан орқада
қолади, зарарланган жойдаги тўқималар деформацияга учраб барглари буралади, сарғаяди ва новдалари шакли ўзгаради. Ширалар ёпишган жойга сапрофит замбуруғлар ривожланиб, баргдаги фотосинтез жараёни бузилади Шунинг учун ҳам, иссиқхонада экиладиган экинларни зараркунандалардан ҳимоя қилиш учун уларнинг пайдо бўлиш вақтини олдиндан билиш ва шу асосида юқори самарали илмий асосланган, иқтисодий тежамкор ва атроф – муҳитни кам ифлослантирувчи экологик хавфсиз усулларни яратиш муҳим масалалардан бири бўлиб ҳисобланади.
Кейинги йилларда ўсимликларни биологик усулда ҳимоя қилишга катта аҳамият берилмоқда. Чунки кимёвий усул қанчалик самара бермасин, уни ўзига хос салбий томонлари бор. Бу усулнинг қатор воситалари, хусусан кўпчилик кимёвий моддалар инсон саломатлиги, иссиққонли ҳайвонлар ва атроф – муҳит учун, шунингдек барча фойдали хашоратлар зарарли ва ҳавфлидир. Шунинг учун ҳам чидамли навларни
етиштириш билан бир қаторда хашарот ва каналар тушган майдонларда биологик усулдан фойдаланиш мақсадга мувофиқ ҳисобланади.
Энтомафаглар орасида олтинкўзлар оиласига мансуб хашаротлар алоҳида ўрин эгаллайди. Ҳозирги вақтда Марказий Осиёда олтинкўзнинг 24 тури аниқланган.
Ўзбекистонда Chrysopa сarnea Steph., Ch. septempunktatа W., Ch. abbreviatа Curt ., Ch. albolineata L., Ch. vittata W. каби турлари кенг тарқалган ва кўплаб учрайди. Олтинкўз
ва унинг личинкалари ўз ўлжаларини ейишга ниҳоятда ўч бўлган ва жойдан-жойга тез кўчиб, эпчил ўлжа топишга қодир бўлган хўранда ҳашаротлардир.У ҳаммахўр бўлиб,
бўғимоёқлиларнинг 70 дан зиёд турлари шу жумладан, каналарнинг 11 тури билан озиқланади.


Олтинкўз иссиқхоналардаги цитрус экинларида тарқалган ширалар билан озиқланиб фаол ҳаёт кечира бошлайди. Ҳар бир урғочи энтомофаг кунига 65 тагача, бутун умр давомида 500-750 тагача тухум қўяди. Ўзбекистон шароитида 4-5 авлод беради. Тухумларининг ривожланиш давомийлиги ҳароратга қараб, 3 кундан 7 кунгача боради. Личинка 15-28 кун, ғумбак эса 8-17 кун ривожланади. Бир авлодни ривожланиш давомийлиги 52 кунни ташкил этади.
Биз иссиқхоналарда, лимоннинг Тошкент навида олтинкўзни шираларга қарши қўллаб, уни самарадорлигини ўргандик. Кушандани ўсимликнинг шоналаш ва гуллаш
даврларида сунъий равишда турли нисбатда (1:10; 1:15 ва 1:30) қўллаб, унинг самарадорлиги аниқланди.
Олинган натижалар жадвалдаги рақамлардан кўриниб турибдики, олтинкўзни биологик самарадорлиги ҳар иккала вариантда ҳам анча юқори бўлди.
Хусусан, ўсимликларнинг шоналаш даврида самарадорлик 73,1-87,2% атрофида бўлиб, энг юқори кўрсаткич (95,8 %) олтинкўзнинг шираларга нисбати 1:10 бўлганда, кушанда чиқарилгандан кейин 14 кунда қайд этилди.
Ўсимлик гуллаши даврида эса энг юқори кўрсаткич 93,5% худди шу вариантда 14 –
куни кузатилади. Энтомофагни хўжайинга нисбати 1:15 ва 1:20 бўлганда самарадорлик бирмунча пасайди ва энг паст кўрсаткич 1:20 нисбатли вариантда, кушанда чиқарилгандан кейинги 3-кунда қайд этилди.
Бунда биологик самарадорлик 63,5-67,3 % ни ташкил этиб, 14-кунга келганда у 88,4-89,3 фоизга кўтарилди. Демак, иссиқхоналардаги лимоннинг ўсиш даврларига қараб шираларга қарши олтинкўзни 1:10 ёки 1:15 нисбатда тарқатилса юқори самарадорликка эришиш мумкин.

А.ҲАКИМОВ, Қ.БАБАБЕКОВ, “Ўздавкарантин” инспекцияси

Манба: “AGRO KIMYO HIMOYA VA O‘SIMLIKLAR KARANTINI” Илмий-амалий журнал №1. 2021

Сайтда имловий ёки услубий хатога кўзингиз тушдими? Хато жумлани белгиланг ва CTRL+ENTER босиш орқали бизга хабар беринг.