Ловия тўйимли, жуда лаззатли озиқ-овқат экинидир. Унинг уруғи ва пишмаган дуккаклари пишириб ейилади ва консерва саноатида ишлатилади. Уруғи тез пишади, яхши ҳазм бўлади. Тўла пишмаган дуккаклари таркибида 18% оқсил, 2% қанд, 22 мг. 100 г С витамини бўлади. Доннинг таркибида 20-31% оқсил, 07-3,6% ёғ, 50-60% крахмал, 2,3-7,1% клечатка, 3,1-4,8% кул моддаси мавжуд.
Ловия – Phaseolus vulgaris L., авлодининг Fabaceae оиласига мансуб бўлиб ўз ичига 150 дан ортиқ турларни қамраб олган бир йиллик ўсимликдир. Бу турлар тропик ва
субтропик минтақалар – АҚШ, Осиё, Африкада тарқалган.
Деҳқончиликда 20, 30 га яқин турлари экилмоқда Ҳ.Отабоева ва б., (2000).
Экинларни уруғларини дорилашда тирам энг яхши фунгицид ҳисобланади. Чунки у микороз замбуруғи учун кам заҳарлидир. Бироқ шу нарса қайд этилганки, тирам туганак ҳосил қилувчи ва азот фиксация қилувчи замбуруғларга таъсири нафақат замбуруғ тури билан боғлиқ балки ўсимлик турига ҳам боғлиқ. Ловияда ўсимликларни ўсиши 50 кун давомида ўрганилганда шу нарса маълум бўлганки тирам сояда шу кўрсаткичларга камроқ, ловияда эса юқори бўлган. Ловияда ўсишни яхшиланиши туганакларда азот фиксацияларни ошиши билан тушинтирилган. Тупроқ қатламини 0-6 см қаватида тирамнинг соя ва ловиядаги туганакларни сони ва массасига ҳар хил таъсир қилганлиги аниқланган. Соя уруғида тирам билан дориланган уруғларда туганакнинг пайдо бўлиши назоратга нисбатан кам бўлган. Ловияда эса тирам бу кўрсаткичларга таъсир қилмаган. Суюқ муҳитда тирам Bradyrhizobium japonicum
кам таъсир этган T.Isoi et al., (1990). Ловиянинг Т-9 навида фосфорли ўғитларнинг учта дозасида 0, 50 ва 100 кг/га Р2О5 олиниб ўтказилганда баргларида Colletotrichum sp,
Erysiphi polygonii, Macrophomina phaseolina ва Myrothecium phaseolina ўсимликда касалликни ривожланиши фосфорли ўғитларнинг меъёри билан боғлиқлиги аниқланди ва уларнинг ўртасидаги фарқ статистик хулосага келинган. Ловияда антракнозни кучли ривожланиши аниқланган S.N.Singli, S.K.Srivastava (1998). Ловия антрокноз Colletotrichum lindemithianum замбуруғи кенг тарқалган. Ўсимликнинг барги, пояси ва меваларида оқ доғлар пайдо бўлади.
Кейинчалик пуштисимон спора ҳосил қилувчилар қопланиб яралар ҳосил қилади. Доғлар ўсиб тўқималарга ботиб киради. Дуккакларда дастлаб юмолоқ, ўйилган қизғишсимон доғлар пайдо бўлиб, кейинчалик доғлар катталашиб бирбири билан қўшилиб кетади. Кучли зарарланганда дуккакларда яралар кўп учраши, зарарланган уруғларда жигар ранг қизил доғлар пайдо бўлади. Касаллик дуккаклар ва ёш ниҳолларда пайдо бўлса, кўпроқ зарарли. Касалликнинг ривожланишига нам об-ҳаво ва ёғингарчилик сабаб бўлади. Уруғлар ва даладаги қолдиқ ўсимликлар касаллик
манбаи ҳисобанади А.Ф.Ченкин ва б., (1990).
Ловия ўсимлиги олтингугурт билан ҳафтасига 2-3 марта 10 июлдан 6 сентябрга қадар ишлов ўтказилган.
Параллел равишда Xanthomonos campestris pv. phaseoli. бактериясининг суспензицияси билан зарарлантирилган. Ўсимликларнинг зарарланиши олтингугурт билан дориланганда 5% дан ошмаган. Олтингугурт оксидини меъёри оширилганда ловия ҳосили камайган, шу билан бир қаторда бактериялар билан зарарланиши камайган K.L.Reynolds, M.Zanelli, J.A.Laurence (1998). Ловиянинг уруғларини Стрептомицин сульфат (5 мг/л, 5 мг/кг); бактоген (1:100, 200 мл/кг) ва изар (0,2%, 30 мл/кг) билан дорилаб экиш ва шоналаш даврида қўллаш тавсия этилади (И.А.Русских, 2017).
Фермер хўжаликлари ва кластерларнинг дала майдонларида экилган ловияда ўтказилган изланишларда учраган касалликлар Тошкент, Жиззах ва Наманган вилоятларида 2018-2020 йиллар давомида мониторинг асосида олиб борилди. Ловия асосан буғдой ҳосили йиғиштириб олингандан сўнг суғориладиган майдонларда етиштириладиган Қибрай, Зафаробод ва Янгиқўрғон туманларида мониторинг
ўтказилди. Дала шароитда олиб борилган тадқиқотларда касалланган ўсимликлардан намуналар олиниб лаборатория шароитда микологик тахлилдан ўтказилди.
Касалланган ўсимликларнинг бўйи соғлом ўсимликка нисбатан 20-22 см, ҳосил шоҳи 3-5 та, дуккак сони 20-24 донагача кам бўлди. Фузариоз ва антракноз касалликлари
учраб зарар келтираётган далаларда ҳосилдорликга 35-40% таъсир этаётгани кузатилди. Аниқланган касаллик турларига кимёвий препаратларнинг самарадорлигини ўрганиш бўйича синов тадқиқотлари ўтказилди. Бир нечта уруғдори препаратлар ва фунгицидларнинг хар хил сарфмеъёрларда синовдан ўтказилганда 86,0-91,0% биологик самарадорликга эга бўлган уруғдорилагич препаратлар ва
фунгицидлар танлаб олинди.
Уруғ дори препаратлардан Ессензалил 27% сус.к. (им залил+тебуконазол+карбоксин) – 0,5 л/т, Геркулес 6% с.э.сус. (тебуконазол) – 0,5 л/т, Крейсер Экстра Голд 362
сус.к. (тиаметоксам 350 г/л+мефеноксам 3,34 г/л+ флудиоксонил 8,34 г/л) – 3,0 л/т сарф-меъёрларда, ўсув даврида учраган антракноз ва ун шудринг касалликларига қарши Титул 390 КЭК (390 г/л) (пропиконазол) – 0,3 л/га, Дуплет ТТ, 22,5% эм.к. (тебуконазол+триадимефон) – 0,5 л/га, Титул Дуо 40% к.э.к. (пропиконазол+тебуконазол) – 0,25 л/га ва Суперфар 50% эм.к. (пропиконазол+тебуконазол) – 0,2 л/га сарф-меъёрларда қўлланилган фунгицидларда юқори самарадорликка эришилди. Энг асосий кўрсаткичлар яна ҳосил йиғиб олингандан сўнг далани ўсимлик қолдиқларидан тўлиқ тозалаш ва чуқур шудгор
қилиш тавсия этилади.
Рахмонов Жалил Холиқулович, қ.х.ф.ф.д., катта илмий ходим, Ўсимликларни ҳимоя қилиш илмий-тадқиқот институти.
Гулмуродов Рисқибой Абдиевич, қ.х.ф.д., профессор, Тошкент давлат аграр университети.
Манба: “АГРО КИМЁ ҲИМОЯ ВА ЎСИМЛИКЛАР КАРАНТИНИ” Илмий-амалий журнал №5. 2021



















