Маҳаллий ўғит мўл ҳосил гаровидир

Тупроққа маҳаллий ўғитлар солинганда агрокимёвий ва агрофизик хусусиятлари яхшиланади, сингдириш хусусияти ортади, намлик яхши сақланади. Маҳаллий ўғитлар турларига қорамол, от, чўчқа, парранда, қўй гўнги, ипак қурти нажаси ва ғумбаги, дарахт барглари, ем-хашак бўлмайдиган зироатларнинг қолдиқлари, эски деворлар кесаги, зовур ва ариқлар лойқаси кабилар киради.
Маҳаллий ўғитларнинг асосий қисмини қорамол гўнги ташкил қилади. Гўнгнинг таркибида азот (0,4–0,6%), фосфор (0,2–0,3%), калий (0,5–0,6%), микроэлементлар (бўр, марганец, кобальт, мис, қўрғошин ва бошқ.) ҳамда углерод бўлгани учун ҳам қимматли ўғит ҳисобланади. Тупроққа солинган гўнг микроорганизмлар ёрдамида парчаланиб, ундаги углерод эса оксидланади. Бунинг натижасида ҳосил бўладиган карбонат ангидриди тупроқдаги фосфатга таъсир кўрсатиб, унинг эрувчанлигини кучайтиради, бинобарин ўсимлик уни анча кўп ўзлаштиради. Гўнг таркибидаги углерод, яна микроорганизмлар томонидан қайта ишланиб, чиринди таркибига кирадиган мураккаб бирикмаларга айланади.
Тупроққа қанча кўп миқдорда гўнг солинса, чириши натижасида шунча кўп углерод ажралиб чиқади ва ўсимликнинг ҳаводан озиқланиш жараёнини қулай ҳолатга келтиради. Тупроққа ярим чириган 20–30 т гўнг солинганда ҳар куни ажралиб чиқадиган углерод миқдори гўнг солинмаган далага нисбатан гектарига 100–150 кг кўпаяди. Бу экинлардан мўл ҳосил олишда муҳим омилдир.
Маҳаллий ўғитлардан самарали фойдаланиш билан бир қаторда табиий захиралари мавжуд, бойитилган кўмир кукуни, фосфорит ва ноанъанавий агрорудалар (бентонит, бентонитсимон лойлар, глауконитлар ва бошқалар)дан органо-маъдан компостлар тайёрлаш орқали маҳаллий ўғитлар тақчиллигини камайтириш мумкин.
ГЎНГНИ ҚАНДАЙ УСУЛДА САҚЛАГАН АФЗАЛ? Бу борада ўтказилган кўплаб тажрибаларда аниқланишича, юртимизнинг иссиқ иқлими шароитида гўнг ўра ва хандақларда шиббалаб (зич ҳолатда) сақланса, самарадорлиги анча юқори бўлади. Гўнгни сақлашда сифатли тайёрланиши учун устига 10–15 сантиметр қалинликда тупроқ тортилиб, ёзда унинг устига икки-уч маҳал тоннасига 60–100 л ҳисобида сув сепиб турилади. Шу усулда сақланганда гўнг таркибидаги йўқоладиган озиқа моддалар миқдори анча камаяди ва бу миқдор 25–30 фоизни ташкил этади.
Гўнг бошқа усулларда сақланганда сифати пасайиб, таркибида озиқ моддалар миқдори кўпроқ камаяди, яъни гўнг бир йил давомида ўраларда шиббалаб нам ҳолда усти очиқ ҳолда сақланганда озиқа моддалар йўқолиши 54, сув сепилмаганда 57 фоизни ташкил этган. Гўнг шиббаланмасдан кичик тўпларда сақланганда йўқотиладиган озиқ моддалар миқдори баъзан 60–65 фоизгача етган.
Жорий йилда Булоқбоши туманидаги «Ражабова Муқаддас» фермер хўжалигининг 32 гектар пахта майдонининг ҳар гектарига 15–17 тоннадан маҳаллий ўғит чиқариш ҳисобига 48 ц/га. дан ҳосил олишга эришилган. Суғоришлар сони 1–1,5 мартага камайиб, ҳар гектаридан 1000–1500 м3 сув тежалган.
Наманган туманидаги «Абдураҳим ота» фермер хўжалигининг 59 гектар майдонининг 7 гектарига 14–15 тоннадан маҳаллий ўғит солиниб, ғўза парвариш қилинганда суғоришлар сони бир мартага камайиб, гектаридан 800–900 м3 сув тежалган. Қатор ораларига ишлов беришлар сони 2 марта камайиб, гектарига 5 центнер қўшимча ҳосил олишга эришилган.
Гулистон туманидаги «Юлдуз» фермер хўжалигида фосфорли ўғитлар йиллик меъёрининг 50, азотли ўғитларнинг 16 фоизи шудгор остига солиниб, қишда, ерлар музлаган вақтида 6–7 тонна чириган гўнг сочилиб, фақат шарбат билан суғориш ҳисобига пахтадан гектарига ўртача 33–34 центнердан, ғалладан 54 центнердан ҳосил олишга эришилган. Натижада ишлаб чиқариш харажатлари маъдан ўғитлари ҳисобига камайиб, гектаридан 370 минг сўм қўшимча даромад олинган.
Маълумки, кейинги йилларда суғориладиган майдонларимизнинг шўрланиш даражаси ошиб бормоқда. Ушбу салбий ҳолатларни бартараф этишнинг ягона йўли маҳаллий ўғит қўллашдир. Масалан, Мирзаобод туманидаги «Янги ер қадри» фермер хўжалигининг кучли шўрланган 15 гектар майдонининг ҳар гектарига кетма-кет икки йил давомида 7 тоннадан маҳаллий ўғит чиқариш ҳисобига ҳосилдорлик гектарига 40–45 центнергача ошган. Ваҳоланки, авваллари бу майдонлардан 14–15 центнердан ғалла ҳосили олинган холос.
Юқоридагилардан келиб чиққан ҳолда айтиш мумкинки, экинлардан мўл ва сифатли ҳосил етиштиришда маҳаллий ўғитларни тўплаш, сақлаш ҳамда самарали фойдаланишнинг аҳамияти катта. Қаттиқ гўнг молхона яқинида ёки дала бошидаги уюмларда сақланади. Ҳар икки ҳолда ҳам қаттиқ гўнг шаббалаб босилган тарзда сақланиши мақсадга мувофиқ. Гўнг таркибидаги нам¬лик мақбул меъёридан юқори бўлганда, унга вақти-вақти билан майдаланган похол, ўсимлик чиқиндилари, дарахт баргларини аралаштириб туриш тавсия қилинади.
Хўжаликларда суюқ гўнгни тўплаш ва сақлаш учун фермалар яқинида (ёпиқ ёки очиқ) ва дала бошида (ковланган очиқ чуқурликда) сиғими бутун қиш давомида чиқадиган гўнгга мўлжалланган гўнгхоналарда тўпланади ва сақланади. Бундай гўнгхоналар қиш ойларида молхоналардан чиқадиган гўнгнинг 25–40 фоизини сиғдира олади. Улар қишда музламайдиган гидравлик трубопроводлар тармоғига доимий улаб қўйилади. Қатлам бўйлаб музлаб қолишининг олдини олиш мақсадида гўнг чуқурнинг пастки қисмига ташланади. Бундай гўнгхоналар сиғими 3–4 минг м3 ҳажмида бўлади.
ОРГАНО-МИНЕРАЛ КОМПОСТЛАР ТАЙЁРЛАШ. Органо-минерал компостлар тайёрлашда органик ўғитларнинг оғирлик миқдори ва нисбатларини белгилашда ҳар бири учун алоҳида-алоҳида улар таркибидаги ўртача озиқа моддалар (NPK) миқдорига қараб тенглаштириб олинади. Органик ўғитлардан компост тайёрлашда компостларнинг оғирлигига нисбатан 1–2 % миқдорида фосфорли ўғитлар ёки 1 тонна органик ўғитларга 15–20 кг фосфор солиб компост тайёрланса, компост таркибидаги озиқа моддалар, айниқса, азотнинг йўқолиши камаяди ва фосфорни ўсимлик осон ўзлаштиради. Фосфорли ўғитлар қўшилган бундай компостлар солинадиган далаларга алоҳида фосфор ва калий ўғитларни тупроққа солиш меъёрларини 25–30 фоизга камайтириш мумкин.
Гўнг-тупроқ компости тайёрлаш ва сақлашнинг энг самарали усулларидан бири молхоналар яқинидаги хандақларда бульдозер ёрдамида шиббаланган компостлаштириш ҳисобланади. Чуқурнинг ҳажми: узунлиги 60–80, эни 3–3,5, чуқурлиги 3,5–4 м. ни ташкил этиб, сиғими минг тонна атрофида бўлади. Моллар тагига солинган қуруқ сомон, силос массаси қолдиғи, гўнг ва моллар шилтаси фермадан олиб чиқилади ва хандаққа бир қават қилиб солинади. Унинг устидан иккинчи қават сифатида ариқ, зовур, канал лойқаси ёки эски деворлар кесаги, шўрланмаган тупроқлар, ўсимлик чириндилари, дарахт барглари, хазонлар ва бошқа органик қолдиқлар ташланади.
Учинчи қаватига компост аралашмасининг ҳолатига қараб 1–2 фоизгача ёки ҳар 1 тонна аралашмага 15–20 кг фосфорли ўғит ёки 150–200 кг паст навли Қизилқум фосфоритларидан(12–14% Р2О5) солиш мумкин. Шундан кейин худди шу тартибда ўрани тўлдириб, элементлар йўқолишининг олдини олиш ва сифатли бўлиши учун гўнгнинг умумий миқдорига нисбатан 40 фоизига тенг миқдорда тупроқ билан аралаштириш мумкин. Ана шундай қават-қават аралашмалар солиш натижасида компостнинг ер юзасидан баландлиги 1,5 метрга етганда керакли миқдордаги сув билан намланади ва унинг устига 15–20 см қалинликда тупроқ билан беркитилади ва тепаси шиббаланади (гўнг билан тупроқ 1:1 нисбатда иккови биргаликда бўлганда ёки тупроқ устига ўсимлик қолдиқлари солинганда 1:2 нисбатда бўлади).
Бу тадбир компост таркибида ҳар хил жараёнларни, жумладан, ҳарорат ўзгариши, мезофил ва термофил микроорганизмларининг ривожланиши, оксидланиш ва чиринди ҳосил қилиш жараёнларини тезлатишга ва ниҳоят гўнг таркибидаги бегона ўт уруғлари ҳар хил зараркунанда ҳамда гельментларнинг тухум, личинкалари нобуд бўлишига олиб келади. Гўнг билан тўлдириб туришни ҳисобга олган ҳолда ўраларни зарурият юзасидан бир нечтасини ёнма-ён қилиб ковлаш тавсия қилинади.
Компостни шу ҳолатда сақлаш 5–6 ой давом этади. Компост тўплаш режалаштирилган фермер хўжаликда гўнг солиш учун 0,2 гектар ер ажратилиб ва унинг устига 500–600 тонна гўнг бир текисда тўшалади, уларнинг орасидаги қаватларга ҳар 1 тонна гўнг аралашмасига 15–20 кг ҳисобида фосфор ўғити ёки 100–200 кг паст навли Қизилқум фосфоритларидан(12–14 % Р2О5) ташлаб, 20–25 см чуқурликда ҳайдалади.
Кейин буларнинг бари дискали борона билан ишловдан ўтказилади ёки ҳаммасини аралаштиришни таъмин этадиган оддий шудгорлаш плуги билан қайта ҳайдалади. Пировардида бутун масса аралаштирилиб, бульдозер ёрдамида бир жойга тўпланади ва усти 20–25 см қалинликдаги тупроқ билан беркитилади. Агар аралашманинг намлиги етарли бўлмаса, у ҳолда тайёрланган уюмлар устидан гўнг суюқлиги ёки заруратга қараб сув қуйилади. Шундай бир уюмда 4–5 ой ичида 1000–1200 тонна компост тайёрлаш мумкин.
Қорамол ёки парранда гўнги+дарахт барги (хазон)+фосфорли ўғитлар асосида компост тайёрлаш ва сақлашда энг самарали усуллардан бири бўлган хандақ ва гўнгхоналардан фойдаланиш мумкин. Қорамол гўнги ва дарахт барги 1:1 нисбатда, парранда гўнги ва дарахт барги 1:3 нисбатда, парранда, қорамол гўнги ва дарахт барглари биргаликда бўлганда 1:2,5:2,5 нисбатда ҳамда нитрокальцийфосфат ўғитини (НКФУ) компост массасига 1,5% нисбатда солиб (қаватма-қават), устига 15–20 см қалинликда тупроқ билан шиббалаб беркитиш ва 5–6 ой сақлаш тавсия қилинади.
БИОГУМУС – САМАРАЛИ ВОСИТА. Қизил Калифорния (АҚШ) чувалчанглари ёрдамида, яъни вермикультура усули билан турли органик ўғитларни (қорамол гўнги, парранда қийи, шаҳар чиқиндилари ва бошқ) қайта ишланиб озиқа моддаларга бойитилган ўғит чувалчанг компости ёки биогумус (вермигум) деб аталади. Унинг таркибида: 40–60 % қуруқ модда, 30–35 % органик модда, 10–12 % гумус, 0,8–3,0 % умумий азот, 1,3–2,0 фосфор, 1,2–3,0 % калий, 0,6–2,5 % темир, 0,6–2,3 % магний, 4,5–8,0 % кальций, 3–5,1 мг/кг мис, 60–80 мг/кг марганец, 28–36 мг/кг рух бўлади. Биогумус кузги шудгор олдидан гектарига 10 тонна меъёрида уч йилда бир марта қўлланилади.
Биогумус солинган йили қўлланиладиган маъдан ўғитлар меъёрини 20–25 фоиз камайтириш мумкин. Маҳалий ўғитлардан тўғри ва самарали фойдаланиш учун ҳар бир фермер хўжалик жойлашган ҳудудда маҳалий ўғитни ерга навбат билан солиш бўйича маҳаллий ўғит обороти кўрсатилган режаси белгиланган бўлиб, маҳалий ўғитлар биринчи навбатда аввалдан ҳайдалиб, кўп йиллардан бери бир хил экин экиб келинаётган майдонларга солинади. Бедапоя ҳайдалгандан кейин ғўза экини экилган майдонларга тўртинчи йили, қолган майдонларга икки-уч йилда бир марта қўллаш тавсия этилади.
Fўза ва бошқа экинларга маҳаллий ўғит гектарига 20–30 тонна ёки органо-маъдан компостларни 30–40 т/га меъёрда шўрланмаган ва кучсиз шўрланган ерларга кузги шудгор олдидан, ўртача ва кучли шўрланган майдонларга ерни экишга тайёрлаш олдидан гўнг сочар мосламалар ёрдамида солинади. Шарбат усули қўлланилганда маҳаллий ўғит ғалла экинларига озиқа бериш билан бирга мульча вазифасини бажаради, сувнинг буғланишини камайтиради, унинг тупроққа сингишини яхшилайди.
Шарбат усулида суғориш учун эгатлар бошларига хандақлар ер ости суви яқин бўлган жойларда чуқурлиги 0,8–1, эни 0,4–0,6, бўйи 0,6–0,8 м бўлиб, хандақлар шилта (суюқ) маҳаллий ўғит ёки ярим чириган ҳолдаги маҳаллий ўғит билан тўлдирилади. Суғоришдан 5–6 кун олдин хандақлар сувга тўлдирилиб, жижа тайёрланади ҳамда ғалла экинларини суғоришда сув билан бирга оқизилади. Тайёр компостлар ер бетига тупроққа солинмай очиқ ҳолда қолса, унинг таркибидаги углерод ва азот ҳавога буғланиб, фойдали хусусиятлари қолмайди. Шунинг учун далага олиб чиқилганидан кейин тезроқ тупроққа солиш чораларини кўриш керак.
Маҳалий ва минерал ўғитларни ерга қўшиб берилганда ўғитлар таркибидаги озиқа унсурларидан тўлиқ фойдаланиш имконини беради. Чунки бу ҳолда улар тупроққа кам бирикади. Таъкидлаш керакки, айрим хўжаликларда кўпинча маҳаллий ўғит очиқ ва сочилган ҳолатда сақланади. Бундай сақланган гўнгда озиқа унсурларининг камаяди. Бунда маҳаллий ўғитнинг ҳар 10 тоннасидан 23–24% қуруқ модда, 44 фоизгача умумий азот йўқолади. Юқорида билдирилган тавсиялар амалда қўлланилса, тупроқ унумдорлиги сақланиб ғалла, пахта ва бошқа экинлардан мўл ва сифатли ҳосил олишга эришилади.
Б.Ниязалиев, Б.Тиллабеков

Ушбу мақолани дўстларингизга ҳам улашинг!