Маккажўхори етиштириш агротехникаси

Тупроқни ишлаш. Бошоқли дон экинлари ҳосилидан бўшаган майдонлар сомондан тозаланиб, зудлик билан суғорилиб, ер етилиши билан 22-25 см чуқурликда ҳайдалади. Тупроқ чизелланади, борона босилиб, молаланиб экишга тайѐрланади.
Ўғитлаш. Такрорий экилган маккажўхорига режалаштирилган ҳосил инобатга олиниб ўғит меъѐри белгиланади. Маккажўхоридан 50 ц дон ҳосили олиш учун 1 гектарга 150 кг азот, 40-50 кг фосфор, 50-70 кг калий солиш тавсия этилади. Такрорий экинда асосий ўғитлаш ерни ҳайдашдан олдин гектарига 40-50 кг фосфор, 50-70 кг калий солинади. Азотли ўғитлар 75 кг/га биринчи озиқлантиришда 3-4 барг ҳосил бўлиши билан, иккинчи озиқлантириш (75 кг/га) ўсимликда 7-8 барг ҳосил бўлганда берилади. Озиқлантириш ўтказилгандан кейин суғорилади.
Уруғни экишга тайёрлаш. Маккажўхори уруғлари экишдан олдин тозаланиб, калибровка қилинади, дориланади. Маккажўхорининг 1-синф уруғларининг унувчанлиги 96%, иккинчи синфники 92% дан кам бўлмаслиги лозим. Уруғлар Раксил 1,5 кг/т, Понактин (2 кг/т), Витовакс (2-3 кг/т) кабилар билан дориланади.
Экиш муддатлари. Маккажўхорини дон учун такрорий экишда суғорилиб, намлиги етарли бўлган тупроқларга уруғлар экилади. Анғизга маккажўхорини Қашқадарѐ вилоятида 5-20 июнда дон ва силос учун экиш мумкин. Бунда уруғлар қанчалик эрта экилса шунча юқори ҳосил беради. Экиш меъѐри нав ва дурагайларнинг биологик хусусиятларига ҳамда экилиш мақсадига боғлиқ ҳолда ўзгаради.
Ёзда ҳаво иссиқ бўлганлиги учун уруғлар экилгандан кейин 4-6 кунда униб чиқади. Маккажўхори қисқа кун ўсимлиги, шунинг учун анғизга экилган маккажўхори баҳорда экилганга нисбатан 10-15 кун эрта етилади.
Экиш усули. Анғизга маккажўхори қатор оралари 70, 90 см ѐки қўшқаторлаб экилади. Энг яхши экиш усули қаторлаб (пунктирлаб) экишдир. Экиш СУПН-8, СПЧ-6 М, СПЧ-8А сеялкаларида ўтказилади.
Экиш чуқурлиги анғизда 5-6 см бўлади. Механик таркиби енгил, қумли тупроқларда экиш пайтида тупроқ юзаси қуриб қолса уруғларни 10-12 см чуқурликка экиш мумкин. Механик таркиби оғир, лой тупроқларда 4 см чуқурликда экилади. Йирик уруғларни майда уруғларга нисбатан 1-2 см чуқурроқ экиш мумкин. Экиш чуқурлигининг ортиб бориши билан экиш – униб чиқиш даври чўзилади.
Экиш меъёри. Анғизга экиладиган маккажўхори дон учун 1 гектарга 25-40 кг, яшил масса учун 50-180 кг уруғ сарфланади. Оптимал туп қалинлигини ҳосил қилиш учун уруғларнинг дала унувчанлиги, ўсиш даврида сийраклашиши ҳисобга олинади.
Экин парвариши. Такрорий экилган маккажўхори парваришида бегона ўтларга, касаллик ва зараркунандаларга қарши курашиш, қатор ораларини ишлаш, озиқлантириш, суғориш каби агротехник тадбирлар амалга оширилади. Биринчи кулътивация маккажўхори 3-4 барг ҳосил қилганда, четки органлари 6-8, 10-12 см, ўртасидагиси (ғозпанжа) 16-18 см чуқурликка ўрнатилиб ўтказилади. Кеч ўтказилган кулътивацияда кесаклар, эрта, тупроқ лой бўлганда ўтказилганда эса палахсалар ҳосил бўлади, ўсимлик илдизлари шикастланади, ўсиши ривожланиши сустлашади. Маккажўхори қатор ораларини ишлашни ўсимлик бўйи 120-130 см бўлгунча ўтказиш мумкин. Ўсув даврида 3-4 кулътивация ўтказилади.
Суғориш режими. Такрорий экишда ерни ҳайдаш олдидан 600-700 м3/га меъѐрда суғориш ўтказилади. Ўсув давридаги суғоришлар сони ва меъѐрлари сизот сувларининг жойлашишига, тупроқ механик таркибига ва бошқа омилларга боғлиқ ҳолда ўзгаради. Суғоришлар меъѐри ўртача 500-600 м3/га. Биринчи суғориш майсалар униб чиққандан кейин 10-15 кун ўтгач ўтказилади. Кейинги суғоришлар ҳар 10-15 кунда ўтказилади.

Бегона ўтларга қарши кураш. Такрорий экилган маккажўхорида бегона ўтлар ҳосилдорликни оширишдаги асосий тўсиқлардан бири. Кейинги йилларда уруғларни экишгача Пенитрон гербицидини гектарига 1-2 л, Стомп 3-6 кг/га меъѐрида қўллаш бир йиллик ғалладош ўтлар ва икки паллали бегона ўтларга қарши курашда юқори самара бермоқда. Ўсув даврида Базагрон 2-4 л/га, Бенвил 0,6-0,8 л/га, Парднер (22,5%) 1,5 л/га, Титус (25%)-40-50 г/га қўлланилиши мумкин.
Касалликларга қарши кураш. Такрорий экилган маккажўхорида гелминтоспориоз, пуфакли қоракуя, чанг қоракуя, сўталар бактериози, нигроспорагенез, сўталар фузариози, уруғлар ва майсаларнинг моғорлаши каби касалликлари кузатилади. Уруғда касаллик чақирувчи, қўзғовчи манбалар бўлса улар уруғларни заҳарли дорилар билан ишлаш йўли билан йўқ қилинади. Уруғлик майсаларда пуфакли қоракуя билан касалланган барглар, сўталар, поялар синдириб, даладан чиқариб йўқ қилинади. Маккажщхори навлари:
ВЕЧИТА (БТ 6470). Туркия давлатининг селекцион дурагайи. Ўсимлик бўйи ўртача 251-275 см. Вегетация даври ўртача 95-118 кун. Ўртача ҳосилдорлик 62,5 ц/га.
ДЕЛИТОП Ғ1. Нидерландия давлатининг селекцион дурагайи. Ўсимлик бўйи ўртача 208-308 см. 1000 дона уруғ вазни 280,0-369,0 г. Вегетация даври ўртача 90-111 кун. Ўртача ҳосилдорлик 48,8-90,0 ц/га.
МВ 350. Венгрия давлатининг селекцион дурагайи. Вегетация даври ўртача 98 кун. Ўртача ҳосилдорлиги 62,5 ц/га. Дон чиқими 81,0 %.
МВ 531. Венгрия давлатининг селекцион дурагайи. 2017 йилдан Тошкент вилояти бўйича Давлат реестрига киритилган. Ўсимлик бўйи 263 см. 1000 дона дон вазни ўртача 273,0 г. Ҳосилдорлиги ўртача 51,0 ц/га. Дон чиқими 81,0 %.
НК ТЕРМО. Нидерландия давлатининг селекцион дурагайи. Ўсимлик бўйи ўртача 270 см. Механизм билан ўришга яроқли. Ўртача ҳосилдорлик 57,0-85,0 ц/га. Дон чиқими 81,0%.

Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалиги вазирлиги

Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий маркази

Жанубий деҳқончилик илмий тадқиқот институти

Қарши 2021 йил