Маккажўхори касалликлари ва уларга қарши кураш

Маккажўхори касалликлари – замбуруғ, бактерия ва вируслар вужудга келтирадиган касалликлардир. Уларнинг 70 дан ортиқ тури маълум. Кўп тарқалганлари: уруғ ва майсаларнинг моғорлаши. Уни замбуруғлар пайдо қилади. Касалланган уруғ сиртида кўкимтир, кулранг ёки бошқа тусдаги ғубор бўлади, бундай уруғ униб чиқмайди. Уруғ камроқ касалланган бўлса, экканда майса чиқади, лекин ер ости қисми зарарланган бўлади, 4-5 та барг чиқаргунча ўсиб, кейин ўсишдан тўхтайди.

Ёки бундай қуриб қолишга яна бир сабаб, ўсимлик илдизига тушадиган қуртдир. Яъни ўсимлик униб чиқганидан сўнг қурт унинг илдизини еб битиради ва кейинги ўсимлик илдизига ўтади. Буни олдини олиш учун экишдан олдин ерга камроқ миқдорда ўғит (мачовина) солиш керак. Бу ўғит билан ўсимлик қуртлардан ҳимоя қилиниши билан бирга дастлабки озуқа билан таъминланади ва тез ўсиб-ривожланади. Агар бу ишлар қилинмаган бўлса ўсимлик униб чиққанидан сўнг, 3-4 барг бўлиши биланоқ ёш майсалар препаратлар билан дориланади.

Пуфаксимон қоракуя — замбуруғ ҳаво орқали юқиб, маккажўхори сўтаси, попуги, пояси, барги ва баъзан илдизи бўғзини зарарлайди. Касалланган
органларда оқимтир доғ ҳосил бўлиб, турли катталикдаги пуфакка айланади. Ўсимлик яхши ривожланмайди.

Чангсимон қоракуя — замбуруғ ўсимлик пояси ўсиб, гуллаш даврида сўтаси ва попугини зарарлайди. Касалланган сўтада шиш пайдо бўлиб, бу шиш
олдин оқ ёки пушти парда билан қопланади. Ичи эса тўқ жигарранг ва қора чанг массага айланади. Ўсимлик ўсишдан тўхтайди, шохлаб кетади, барглари
кенгаяди, ҳосил тугмайди.

Гелминтоспориоз — барг, барг қўлтиғи, дон қобиғи, баъзан сўталарни зарарлайди. Касалланган органларда жигарранг ҳошияли малла, йирик, чўзиқ доғлар ҳосил бўлади. Улар бир-бири билан қўшилиб, йириклашади, касалланган тўқималар қурийди, кўк поя ва дон ҳосили камайиб кетади.

Бактериал сўлиш — ўсимликнинг пастки баргларида оч яшил чизиқ доғлар ҳосил бўлиб, доғлар кейинчалик сарғаяди. Аста-секин бутун барг бўйлаб узун йўллар ҳосил бўлади. Сўнгра барглардан пояларга ва юқориги баргларга ўтади, ўсимлик сўлийди.

Сўта бактериози — зарарланган донларда, айниқса, сўтанинг юқори қисмида думалоқ, ярасимон доғ пайдо бўлади. Бундай касалликлар билан касалланган майдонлардан олинган донлардан уруғлик сифатида фойдаланиб бўлмайди. Чунки кейинги йили ҳам бу касалликлар уруғлик билан яна
тарқалиши мумкин.

  • Маккажўхори касалликларига қарши кураш чоралари:
  • алмашлаб экишни жорий қилиш;
  • ўсимлик қолдиқларини йўқотиш;
  • ерни кузда шудгорлаш;
  • уруғни экишгача дорилаш;
  • уруғликни соғлом пояларда пишиб-етилган сўталардан олиш;
  • касалликка чидамли навларни экиш;
  • зараркунанда, ҳашаротларга қарши вақтида курашиш ва шу кабилардир
Дўстларингизга ҳам улашинг!