Маккажўхоридан юқори дон ҳосили етиштириш имкониятлари

Маккажўхори дунёда энг кўп етиштириладиган ва тарқалган донли экинлардан ҳисобланиб, дунё деҳқончилигида энг қадимий экинлардан биридир. У ем-хашак, озиқ-овқат ва техникавий экин ҳисобланади. Дони таркибида углеводлар 65-70%, оқсил 9-12%, 4-8% ёғ сақлайди, бундан ташқари, минерал тузлар ва витаминлар бор.
Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО)нинг маълумотларга кўра, дунё бўйича 2019 йил маккажўжори (дон учун) 192 млн. га экилган бўлиб, жами ҳосилдорлик 1046 млн. тоннани ташкил қилган. Экин майдони ва юқори ҳосил етиштириш бўйича АҚШ биринчи, Хитой иккинчи, Бразилия эса учинчи ўринни эгаллаган.
Республикамизда ўртача ҳар йили 30-32 минг га майдонга (асосий экин сифатида) маккажўхори (дон учун) экилади. Самарқанд вилоятида эса бу кўрсаткич ўртача 6,1-6,4 минг га ни ташкил этади. Такрорий экин сифатида 110-120 минг га, вилоятда эса 18-19 минг га ни ташкил этади.
Маккажўхори озиқ моддаларга талабчан. Дон ҳосили 60-70, яшил масса ҳосили 500-700 ц бўлганда, тупроқдан 150-180 кг азот, 60-70 кг фосфор, 160-190 кг калий ўзлаштирилади.
Зарафшон водийси типик бўз тупроқлари шароитида маккажўхоридан юқори ва сифатли ҳосил етиштиришда фосфор сақловчи ўғитлардан самарали фойдаланиш долзарб масалалардан бири ҳисобланади.
Зарафшон водийси эрозияга учраган (ювилган ва ювилмаган) типик бўз тупроқлари шароитида турли шакл ва меъёрлардаги фосфорли янги ўғитларни азотли ва калийли минерал ўғитлар билан биргаликда қўллашнинг асосий ва такрорий экин сифатида етиштирилган маккажўхорининг ўсиши, ривожланиши ва ҳосилдорлигига таъсирини аниқлаш ҳамда уларни қўллаш технологиясини такомиллаштириш бўйича илмий тадқиқот ишлари олиб борилмоқда.
Дала тажрибалари эрозияга учраган типик бўз тупроқлар (ювилган ва ювилмаган) шароитида 11 вариант 4 такрорликда олиб борилди. Пайкалнинг умумий майдони 112 м2, шундан ҳисобга олинадигани 86 м2 ни ташкил этади.
Фосфор сақловчи ўғит (аммофос, полиаммофос, супрефос)ларнинг 90:120 ва 150 кг/га (Р2О5 ҳолида) меъёрлари N240K100 фонида қўлланилди.
Дала тажрибалари ўсимликшуносликда умумқабул қилинган «Методические рекомендации по проведению полевых опытов с кукурузой» и “Методики полевых опытов по изучению агротехнических приемов по возделыванию кукурузы”, “Dala tajribalarini o’tkazish uslublari” қўлланмалари асосида олиб борилган. Олинган маълумотлар математик ва статистик (Б.А.Доспехов, 1985) таҳлил қилинган.
Тажриба даласи тупроқларнинг агрокимёвий хусусиятлари таҳлил қилинди.
Ювилмаган ва ювилган тупроқларда 0-25 см қатламда мос равишда гумус – 1,15:0,51, ялпи азот – 0,12:0,06, ялпи фосфор – 0,26:0,15, ялпи калий – 2,30:1,81% ни ташкил этган бўлса, ҳаракатчан фосфор ва алмашинувчан калийлар 20,4:9,1 ва 320:200 мг/кг ни ташкил қилди. Тупроқ эритмаси муҳити 7,2:7,3 ни ташкил этди.
Типик бўз тупроқлар шароити ювилмаган ва ювилган тупроқларда маккажўхорини ҳосилдорлигига фосфорли ўғит турлари ва меъёрлари турлича таъсир кўрсатар экан. Назорат ўғитсиз вариантида ювилмаган тупроқларда ўртача йиллар бўйича 25,3 ц/га дон ҳосили олинган бўлса, N240K100 вариантида назоратга нисбатан 30 ц/га қўшимча ҳосил олинди.
Ювилган тупроқлар шароитида мос равишда 12,7 ва 32,6 ц/га ни ташкил этди. Ювилмаган тупроқларга нисбатан ювилган тупроқларда минерал ўғитларнинг
самарадорлиги юқорироқ бўлар экан. Ювилмаган тупроқларда фосфор сақловчи ўғитларни NK фонида 90 кг/га (Р2О5 ҳолида) меъёрларда қўллаш орқали 64,1-65,7 ҳосил олинган бўлса, ювилган тупроқларда 45,3-53,5 ц/га ни ташкил қилди.

Энг юқори ҳосил ювилмаган тупроқлар шароитида NK фонида полиаммофос 150 кг/га қўлланилганда 68,8 ц/га олинди. Ювилган тупроқларда эса энг юқори кўрсаткич аммофос 150 кг/га қўлланилганда олинди (1-расм).
Хулоса қилиб айтганда, асосий экин сифатида эрозияга учраган типик бўз тупроқлар шароитида ювилмаган тупроқларда маккажўхори дон учун етиштирилганда N240K100
фонида полиаммофос ўғитини 120 кг/га бериш орқали 68,2 ц/га, ювилган тупроқларда эса шу фонда 150 кг/га полиаммофос қўлланилганда 58,1 ц/га дон ҳосили олиш мумкинлиги исботланди.

Алишер МАХМАТМУРОДОВ, кафедра мудири, қ./х.ф.д., доцент, Мансур МАШРАБОВ,
катта ўқитувчи, қ./х.ф.ф.д., ТошДАУ Самарқанд филиали.

Манба: «O‘ZBEKISTON QISHLOQ VA SUV XO‘JALIGI» аграр-иқтисодий, илмий-оммабоп журнал. 2021 йил, №5. Май