Маккажўхорининг ривожланиш даврлари

Маккажўхорида ўсиш ва ривожланишнинг қуйидаги даврлари мавжуд: майсаланиш, най ўраш, рўвакланиш, гуллаш, сут-мум пишиш, тўлиқ пишиш. Маккажўхори мақбул муддатларда экилганда 8-10 кунда униб чиқади. У биринчи даврда секин ўсади. Пояси тўпгул ҳосил қилиш даврида ўсиши тезлашади. Бу вақтда суткалик ўсиши 8-10 см ва ундан ортиқ бўлади.
Маккажўхорининг навига қараб уруғ униб чиққандан сўнг 60-70 кун ўтгач, оталик тўпгули ва 4-6 кундан кейин оналик тўпгули, сўта ҳосил бўлади. Одатда, сўта рўвакка нисбатан (оталик гултўплам) 2-3 кун кейин гуллайди.
Маккажўхори четдан чангланувчи ўсимлик. Шунинг учун уни сунъий равишда ҳам чанглантириш мумкин.

Маккажўхори уруғлангандан сўнг 15-20 кун ўтгач, сут ва 22-25 кун ўтгач, мум пишиш даври бошланади ва ундан 5-10 кун ўтгач, дон тўлиқ пишиб етилади.
Маккажўхорининг ўсиш даври унинг навига қараб 90-140 кунни ташкил қилади. Даврлар оралиғи навни хусусиятларига қараб об-ҳаво шароити ва ишлов берилишига қараб ўзгариб боради. Маккажўхори биринчи даврда секин ўсади.
Лекин бу даврда унинг илдиз системаси ўсиши тезлашади ва ривожланади. Гуллагандан кейин ўсиши тўхтайди.

Манба: Тузувчилар: Ж.Б. Худайқулов – Тошкент давлат аграр университети
Ўсимликшунослик кафедраси мудири қ.х.ф.д. профессор.
Қ.К.Азизов – қ.х.ф.ф.д. катта илмий ходим, Ф.Г.Бобоев – кичик илмий
ходим, Х.К.Назаров – қ.х.ф.н. доцент, Ф.Э.Юлдашев – қ.х.ф.д. доцент,
Х.К.Азизов – кичик илмий ходим, Д. Еденбаев – Маккажўхори селекция
ва уруғчилиги илмий тажриба станцияси қ.х.ф.н., катта илмий ходими.

Лойиҳа ғояси муаллифи ва ташкилотчи: “Агробанк” АТБ