Сувга талаби. Ўсиб ривожланиш даврида маккажўхори кўп сув талаб қилади. Яхши ривожланган маккажўхори муқобил меъёрда сув билан таъминланганда бир кунда 4 л сув буғлатади. Тупроқда сув миқдори 9,5% паст бўлса ўсимлик ўсишдан тўхтайди, 6,7% сўлий бошлайди. Сувни барглари орқали буғлатади. Транспиранция коэффициенти 230-250 (370) ва ортиқ.
Ёруғликка талаби. Ёруғликнинг маккажўхорига ўсиш ва ривожланишда, фотосинтез жараёнида, ҳосил аъзоларининг шаклланишида ва ҳосилдорликнинг ошишига таъсири катта. Ёруғлик хлорофилл яратишда хизмат қилади, чунки баргда хлорофилл бўлмаса фотосинтез жараёни кечмайди. Маккажўхори ёруғлик энергиясининг кўп миқдорини ўзлаштиради, натижада баргнинг ривожланишига ёрдам беради. Барг – ўсимликнинг энг зарур қисми, барг ёрдамида қуёш энергиясини тўтади, СО2 газини ютади, углерод билан озиқланади ва транспирация жараёни кечади.
Об – ҳаво шароити қулай келганда, сув ва озиқ модда етарли бўлганда барг майдони 40-50 минг м2/га ташкил қилади. Маккажўхори – ёруғсевар, қисқа кун ўсимлиги бўлиб, тропик мамлакатдан келтирилганлигини таъсири намоён бўлади.
Шўрга чидамлилиги. Маккажўхори шўрга чидамсиз экин. Маккажўхори ўсимлиги тупроқ эритмасининг муҳитини нейтралга яқин бўлишини хоҳлайди, лекин кам шўрланган тупроқларда фақат шўр ювилганда ёки уруғ “Антисоль” стимулятори билан дориланганда қониқарли ҳосил беради.
Иссиқликка талаби. Иссиқлик маккажўхорининг ўсиб ривожланиш даврида, униб чиқишдан тортиб жуда муҳим аҳамиятга эга. Маккажўхори уруғи униб чиқиши учун, уруғ кўмилган чуқурликда тупроқ ҳарорати 10-12°С қулай ҳисобланади.
Ҳаво ҳарорати майсаларни қийғос униб чиқишида ҳам муҳим аҳамиятга эга. Бир суткада ҳаво ҳарорати 9°С бўлганда майсалар униб чиқиши учун 27 кун, 16 °С бўлганда 11 кун ва 23°С бўлганда 5 кунда униб чиқади.
Қанчалик ўртача суткалик ҳаво ҳарорати юқори бўлган сари униб чиқиши, сўталаш ва гуллаш даврлари ҳам қисқаради. Тажрибада белгиланган маккажўхорининг ўсиш давриларида зарур оптимал ҳаво ҳарорати униб чиқишдан сўталашгача 18-20°С, сўталашдан гуллашгача 20-22°С, пишиш даври 22-23°С. Униш учун 8°С, майсани чиқиши учун ва вегетатив аъзоларининг ва гулининг ривожланиши учун 12°С, пишиб етилиш учун 10°С зарур.
Бу ҳароратдан паст бўлганда ўсиш ва ривожланиш даврларида муҳим жараёнлар кечмайди. Суткалик ўртача ҳарорат 15°С дан паст ва 25°С дан юқори бўлганда ўсиш жараёни қийинлашади, 36°С дан ошганда фотосинтез жараёни тўхтайди. Ҳарорат юқори бўлганда ҳосилдорлиги камаяди. Илдизнинг ўсиши учун тупроқнинг ҳарорати ҳам аниқланган.
Озиқ моддаларга талаби. Маккажўхори донга экилганда
1 тонна ҳосил учун 24,6 кг азот, 9,9 кг фосфор ва 25,5 кг калий сарф этилади. Азот етишмаса бошланғич даврда ўсиш ривожланиш кечикади, рўвак ҳосил бўлиши кечикади.
Азотга максимал талаби: рўваклаш давридан 2 хафта олдин ва 20 кундан кейин сўталаш ва дон ҳосил бўлиш даврида. Агар азот етишмаса барглари сарғаяди.
Ўсимликни фосфорга бўлган талаби сут – мум пишиш даври ҳисобланади. Фосфор ўсимликда 0,30-0,35% ҳисобида қуруқ массага нисбатан бўлади. Фосфор асосан уруғида ва муртагида. Фосфор етарли бўлганда уруғни тез униб чиқишига, илдизни яхши ривожланишига, уруғнинг пишишига ҳосилни ошишига, таъсир қилади. Фосфор кам бўлса 0,20% (қуруқ массага нисбатан) ҳамма жараёнларга салбий таъсир қилади ва барг қизил туска киради.
Калий кўп миқдорда талаб қилинади, уруғни униб чиқишидан сўталаш ва рўваклашгача 10-12 кун ичида талаб қилади. Калий ҳамма аъзоларида, кальций баргида ва поясида, оз миқдорда уруғда учрайди. Магний уруғда кўп, бошқа аъзоларида кам учрайди.
Манба: «Ток ва боғ қатор ораларида маккажўхори етиштириш бўйича тавсиянома»
Тузувчилар:
Р.И.Сиддиков – Дон ва дуккакли экинлар илмий-тадқиқот институти Бош директори, қишлоқ хўжалик фанлари доктори
К.К.Азизов – Маккажўхори селекцияси ва уруғчилиги илмий-тажриба станцияси директори, қишлоқ хўжалик фанлари фалсафа доктори.
Д.Еденбаев – Маккажўхори селекцияси ва уруғчилиги илмий-тажриба станцияси катта илмий ходими, қишлоқ хўжалик фанлари номзоди.
Ф.Юлдашев – Андижон давлат универститети доценти, қишлоқ хўжалик фанлари фалсафа доктори.
Ф.Г.Бобоев – Маккажўхори селекцияси ва уруғчилиги илмий-тажриба станцияси кичик илмий ходими



















