Малина экиш ва парваришлаш бўйича тавсиялар

Малина бир ерда кўчирилмасдан 10-12 йил, баъзан ундан ҳам кўпроқ ўсади. Шунинг учун экин майдони танлашга алоҳида эътибор бериш керак бўлади.
Малина учун совуқ шамоллардан тўсилган, панароқ, ҳосилдор ҳамда сув қатлами ер юзасидан 1,5 м дан паст бўлган майдонлар ажратилади.
Малина чириндига бой, сувни яхши ўтказувчи қумоқ тупроқли ерларда яхши ўсади ва мўл ҳосил беради. Оғир тупроқли, шўрхок, ботқоқ, карбонати кўп ерларда малинани экиш ярамайди. Малинанинг илдиз тизими ҳайдаладиган қатламда горизонтал жойлашади. Шунинг учун ер қанчалик чуқур бўлса, унда озиқ моддалар ва нам шунчалик кўп тўпланади. Илдиз системаси бақувват ривожланиб, экин серҳосил бўлади. Малина экиладиган ер 30-35 см чуқурликда ҳайдалиб, 1 м2 ерга 6-8 кг гўнг ва 80 г суперфосфат солинади. Сўнгра текисланиб, 1,5-2 м оралиқда жўяк олинади.
Малина кўчатларни экиш жараёни Ўзбекистон шароитида суғориладиган ерларда кузда октабр-ноябр ойларида ёки эрта баҳорда бошланади.

Кузда экилган кўчатлар яхши ўрнашиб олади ва эрта баҳорданоқ ўса бошлайди. Кўчатларни ораси 50 см дан қилиб, чуқурлиги ва эни 40 см дан қилиб ковланган чуқурларга экилади. Экишдан олдин касалланган, синган, зарарланган илдизлари кесиб ташланади. Жуда узун илдизлари ҳам қисқартириб кесилади. Малина кўчатини ўтқазишнинг яна бир муҳим жиҳати шуки, кўчатнинг илдиз бўғзи ер сатҳи билан тўғри келиши керак. Илдизлар ҳамма томонга бир хилда таралади, тупроқ билан кўмилган заҳоти 5-6 литр сув қуйилади. Чуқурчалар усти гўнг, торф кабилар билан беркитилади ва қолган қисми кесиб ташланади.

Малина кўчати экилгандан сўнг иккинчи йили ҳосил беришни бошлайди. Учинчи-тўртинчи йиллари эса ялпи ҳосилга киради. Малина меваси ниҳоятда нозик бўлгани учун банди билан узилади. Унинг ўта пишиб кетишига йўл қўймасдан, тезда териб олиш керак. Терилган куни истеъмол қилинадиган, шунингдек қайта ишлашга мўлжалланган малинани банди билан термаса ҳам бўлади. Малинанинг меваси қулупнай тугаш даврларида яъни май ойининг охири ва июн ойининг бошларида пишишни бошлайди. Йиғиб олиш август ойига қадар давом этади.

Пишиш бошланган дастлабки кунларда ҳосил 2 кунда, ҳосил охирлагани сари эса 3–4 кунда терилади. Ҳосилни 1,5–2 кг мева сиғадиган идишларда йиғиб олинади. Чунки катта идишларда йиғилганда меванинг сифати бузилиб кетиши мумкин. Малинани эрталаб ёки куннинг иккинчи ярмида ҳаво салқин пайтда териб олиш керак бўлади.
Манба: mirishkor.uz

Дўстларингизга ҳам улашинг!