Малина ўстириш агротехникаси

Малина тупларининг илдизлари ер юзига яқин жойлашганлиги боис, қатор оралари 10–12 см, туп атрофи 4–5 см чуқурликда юмшатилади. Унинг илдиз тизими кўп йиллик бўлиб, новдалари эса икки йил яшайди. 1-йили новда ўсиб ривожланиб, 2-йили ҳосил беради.

Ҳосил берилган новда кузгача қуриб қолади. Кузда ёки эрта баҳорда қуриб қолган новдалар кесиб ташланади, ўрнига янги ўсиб чиққан новда қолдирилади, 1 йиллик новдаларнинг юқори қисми (150–160 см юқоридан) кесилади. Шунда гул куртаклари яхши ривожланиб, мевалари йирик, сифатли ва мўл бўлади.

Малинанинг айрим навлари 2 марта ҳосил бериш хусусиятига эга. Ушбу навларда 2-йили новдада ҳосил пишиб етилиб бўлгач (майнинг охири ва июнь ойи), август ойига бориб 1 йиллик новда ўсиб-ривожланиб, новданинг юқори қисмида гул куртаклари ривожланади ва сентябрь ойида меваси пишади. Малина бир ерда 10–12 йил ва ундан ҳам кўпроқ ўсиб ҳар йили ҳосил беради.

Чириндига бой, таркиби яхши ҳамда сувни ўтказувчи қумоқ тупроқларда яхши ўсади ва мўл ҳосил беради. Оғир тупроқли, ботқоқ ерларда экиш ярамайди. Ҳосилдорлигини оширадиган муҳим агротадбирлардан бири – ўғитлашдир. Маълумки, малина ҳар йили жуда кўп миқдорда бачки илдизлар ҳосил қилади ва тупроқдан кўпгина озиқ моддаларни ўзлаштиради.

Шу боис мўл ҳосил олиш учун ҳар йили минерал ўғитлардан 1 гектарга суперфосфат 500–600кг, калий тузи 100кг, аммиакли селитра 150–200кг солиш керак. Тупроқ унумдорлигига қараб, ҳар йили ёки йил оралатиб гектарига 60–80т органик ўғитлар солинади. Гўнг, фосфорли ва калийли ўғитлар кузда ер ҳайдашда, азотли ўғитлар эса баҳорда ерни юмшатишдан олдин солинади.

Вегетация пайтида малина 12–15 маротаба суғорилади, суғориш миқдори 1 гектарга 500–600 м3. 1-сув ғунча тугаётганда, 2-си гуллаш олдидан, 3-си мева тугиш олдидан, 4-дан 8-гача мева пишаётганда, 9-дан 15-гача суғориш ҳосилни йиғишдан аввал ўтказилади.

Манба: @AGROBLOGER