Меҳнатдан ризқ-барака топаётганлар

Мамлакатимизда яратилаётган қулай ишбилармонлик муҳити йилдан-йилга тадбиркорлар сонининг ортиб боришида муҳим омил бўлмоқда. Хусусан, Кармана туманидаги «Катта мачит» маҳалласида бўлганимизда мавжуд имкониятлардан кенг фойдаланаётган тадбиркорларнинг кўплигига гувоҳ бўлдик.

Дастлаб маҳалла фуқаролар йиғини раиси Ка­мол Жўраев ҳамда фаоллар билан ҳам­роҳ­ликда томорқасида гулчилик билан шуғул­ланаётган Тўхта ая Баҳронова хонадонига бордик. Саксон олти ёшни қаршилаган момо­­­нинг ҳовлиси чаман­зор­нинг худди ўзи. Бу ерда турк чиннигули, мойчечак, канна, ирис, нилуфар каби ўттиздан ортиқ гул турлари ўс­ти­рил­моқда. Унча катта бўлмаган томорқадан шун­дай моҳирлик билан фойдаланаётган онахонга боқиб, ҳавасимиз келгани рост.

Турмуш ўртоғи Мардон Баҳронов бевақт оламдан ўтганида Тўхта ая қирқ ёшда эди… Ўшанда беш қиз, икки ўғли ҳали ёш бўлиб, аёл боши билан рўзғор юкини тўла бўйнига олди. У ўзининг меҳнат­се­вар­лиги, бардоши сабаб бугунги дорил­амон кунларга етиб келди. Фарзандларини ҳам ўзидек меҳнаткаш қилиб тарбиялади. Шу боис, бугун қизларининг ҳовлиси ҳам момо­­ники каби гулзор.

— Меҳнат қилган одам кам бўлмаскан, — дейди Тўхта ая биз билан суҳбатда. — Ҳар эрталаб гулзорни айланиб, кайфиятим кў­тарилади. Ўзимни яна тетик, бардам ҳис қиламан. Шукрки, замонамиз тинч. Ҳа­ракатдан қочмаган, интилган одам албатта, барака топади.

Турфа гул кўчатларига харидорлар ма­ҳалланинг ўзида анчагина. Қолаверса, бо­зорда кўзни қувнатувчи бу гулларга талаб катта.

Улуғбек Адизов ҳам маҳалладаги фаол тадбиркорлардан. У бундан уч йил олдин томорқасидаги 5,5 сотих майдонда ис­сиқхона ташкил қилганди. Жорий йил у ер­да ўтқазилган минг туп помидор кўчати мўл ҳосил берди.

У. Адизов турмуш ўртоғи Дилбар Ка­ри­мова билан бирга астойдил меҳнат қилди. Кўчатларни вақтида озиқлантириб, маромида парваришлади. Бунда уларга фар­занд­лари ҳам ёрдамчи. «Меҳнатнинг таги роҳат», деб бежиз айтишмайди. Фев­рал­нинг ўзида бир тонна помидор Россияга экс­порт қилинди, қолгани маҳаллий бо­зорга чиқарилди.

— Жорий йилги соф даромадимиз 45 миллион сўмга етди, — дейди Д. Ка­римова. — Ўтган йилги фойдадан «Nexia» русумли автомашина сотиб олган эдик. Бу йил тўй бошлаб қўйганмиз. Тўнғич ўғлим Қозоғистондаги олий таълим муас­саса­лари­­нинг бирига ҳужжат топшир­ганди. Яқин­да имтиҳонлардан аъло ўтиб, талаба бўлди. Топганларимиз яхши кун­ларга сарф бўлаётганидан хурсандман. Келгу­сида кредит олиб, иссиқхонамизни яна тўрт сотихга кенгайтириш ниятидамиз. Шу билан бирга, ҳовлида мингта бройлер жўжа парвариш қиляпмиз. Ўтган йил пар­ран­дачиликнинг ўзидан олти миллион сўм даромад олдик. Ҳали режаларимиз кўп.

Яна бир тадбиркор — Абдукарим Қаҳҳоровнинг ҳовлисидаги уч сотих иссиқ­хонада ҳам помидор кўчат­лари ҳосилга кирган. Май ойи охиригача улар пишади ва бозорга чиқарилади. А. Қаҳҳоровнинг таъкидлашича, ўғли Ак­бар ва келини Хуршида кўчатлар парва­ри­шига бош-қош. Улардан ўрнак олиб, на­биралари ҳам ўқишдан бўш бўлди, де­гунча иссиқхонага кириб, кўчатларни бе­гона ўтлардан тозалашади.

— Ўтган йили икки ярим тонна ҳосил ол­гандик, — дейди А. Қаҳҳоров. — Бу йил­ги ҳосилдорлик ҳам мўл бўлади, деган умиддамиз. Уйдаги бир парча ерни ҳам бўш қолдирмаганмиз. Иссиқхонадан таш­қари, томорқага картошка, пиёз, сабзи, шолғом эк­дик. Рўзғорда бозордан саб­за­вот маҳсу­лотлари сотиб олишга эҳтиёж қол­магани яхшида. Ҳаммаси меҳнатга боғ­лиқ экан, бе­корчиликдан наф йўқ.

Сафар давомида маҳалланинг меҳнат­севар, томорқасидан мақсадли фойда­ла­ниб келаётган тадбиркор кишиларини кўриб, хурсанд бўлдик. МФЙ раисининг таъкидлашича, 850 та хо­надонда 4 минг 205 нафар фуқаро истиқомат қи­либ ке­лаётган ҳудуддан яна қирқ нафар фуқарога паррандачилик, чорвачилик, иссиқхона таш­кил этиш бўйича банкдан кредит олиши учун тавсиялар берилган. Демак, «Катта мачит»да яна тадбиркор, иш­билармонлар сони ортиб бораверади.

Зулфия БОБОЕВА,

«Дўстлик байроғи» газетаси мухбири.

Сурат муаллифи Дониёр РАВШАНОВ.

Ушбу мақолани дўстларингизга ҳам улашинг!