Мева териш вақтини аниқлаш усуллари ҳақида батафсил

Мева териш вақтларини аниқлашдан олдин қуйидаги икки сўз, «ЕТИЛИШ» ва «ПИШИШ» ўртасидаги фарқни яхшилаб тушуниб олишимиз керак:

  • Етилиш деганда меванинг маълум бир ҳолатгача ривожланиши ва шу ҳолатда териб олинса, вақт ўтиши билан туриб пишиши тушунилади.
  • Пишиш деганда эса мевага таъм кириб ейишга яроқли ҳолатга етиши тушунилади.

Мева ҳар доим дастлаб етилади ва сўнгра пишади. Мевалар етилгандан сўнг уларни дарахтда тўлиқ пишгунгача қолдириш мумкин, лекин уларни етилган ҳолатда истемол қилиш ёки сотиш мумкин эмас. Пишган меваларни эса узоқ сақлаш тавсия қилинмайди.

Агар мевалар етилишидан олдин териб олинса, улар совуқхонада яхши пишмайди ва узоқ сақланмайди. Асосий мақсад, меваларни керакли вақтда ва аниқ бир мақсад учун териш: сақлаш ёки дарҳол сотиш учун (ёки дарҳол истемол қилиш учун).

Агар етиштираётган мевангиз совуқхонада узоқ сақланишини истасангиз, уларни доим «ЕТИЛГАН» вақтда узишга ҳаракат қилинг. Шу сабабдан четдан келаётган олмаларнинг таъми баъзида бизга бир оз бемаза ёки шираси йўқдек туйилади. Албатта, етилган мева таркибидаги шакар миқдори юқори бўлмайди, шу сабабдан таъмсиздек туюлади.

Аксинча, агар етиштираётган меваларингизни териб олиниши билан бозорга олиб чиқсангиз ёки шарбат қилишга топширсангиз уларни «ПИШГАН» ҳолда узасиз. Афсуски тўлиқ пишган мева жуда ширин бўлиши мумкин, лекин у узоқ сақланмайди.

Олма

Одатда олма мевасининг териш вақтини аниқлашнинг саккиз (8) усули мавжуд

Биринчи усул: Тўлиқ гуллаган вақтдан мева етилгунгача бўлган вақтни аниқлаш орқали териш вақтини аниқлаш

Тўлиқ гуллаш деганда гулбаргларнинг тўкилишни бошлаган вақти тушунилади.

Бу усул турли климатик ва махаллий ҳолатлардан келиб чиққан ҳолда ўзгармайди. Одатда муҳитга қараб 5-10 кун вақт оралиғи билан фарқ қилиши мумкин.

Агар гуллаш вақтли юзага келган бўлса, бу усул унчалик аниқ бўлмаслиги мумкин. Агар гуллашдан кейинги 6 ҳафта ичида ўртача ҳарорат одатдагидан салқинроқ бўлса меваларнинг етилиши 1-5 кун фарқи билан содир бўлади.

Ўрта меъёрдаги ҳарорат бу вақт оралиғига унчалик катта таъсир ўтказмайди. Лекин мева теришдан олдинги ўртача ҳарорат кутилмаганда қизиб кетса, бу меваларнинг етилишига ўзининг таъсирини ўтказади.

Азотли (N) озуқаларни ортиқча берилиши, меваларнинг ранг олишини (ва етилиши) кечиктириши мумкин, ҳамда меваларни муддатидан олдин тўкилишига ҳам сабаб бўлиши мумкин.

Сийракроқ ҳосилли дарахтлар кўп ҳосил туккан дарахт меваларига нисбатан бир оз вақтлироқ етилиши мумкин.

Одатда адабиётларда турли навлар учун «Ўртача тўлиқ гуллашдан терилгунгача бўлган кун» берилади, лекин бу ўртача ўлчов бирлиги (кун ҳисобида) турли ҳудудларда турлича бўлади. Ўртача ўлчов бирлиги (кун ҳисобида) кўпроқ, навларни танлашда, экишда ва уларнинг бозорга чиқиш даврини режалаштиришда жуда қўл келади. Ҳар бир боғбон жойлашган ҳудудига қараб, етиштираётган навларини кузатиш орқали уларнинг пишиш ёки етилиш даврини (кун ҳисобида) ўз ҳудуди учун 3-5 кун фарқи билан аниқлаб олиши мумкин. Бунинг учун сабр-қаноат ва синчковлик талаб этилади. Қуйида баъзи навлар учун адабиётларда келтирилган териш вақтлари (кун ҳисобида) берилган:

Баъзи олма навлари учун ўртача тўлиқ гуллашдан терилгунгача бўлган кун

Иккичи усул: Асосий (грунтовка) ёки мева пўтлоғи ости ранггини аниқлаш орқали териш вақтини аниқлаш

Олманинг асосий (биринчи) ранги (яна грунтовка ранги ҳам деб юритилади) унинг етилганлиги тўғрисида қизил ёки бошқ якуний ранг олишига нисбатан аниқроқ маълумот беради.

Меванинг қизил рангга кириши унинг етилиши тўғрисида хулоса қабул қилишга етарли эмас, чунки ҳарорат, қуёш тушиш даражаси, дарахт озуқаси ва сувсизликдан стрессга тушиши ҳам қизил олмалар қандай ранг олишига таъсир қилади. 

Кўпгина олма навлари етилганда уларнинг асосий (биринчи) рангги баргранг яшилдан оч яшил рангга ўзгаради ва мавсум якунида сариқ ранг олади.

Масалан: Голден Делишес (Golden Delicious) навига қуйидагича тасниф бериш мумкин.

1. Тўқ яшил. 2. Оч яшил. 3. Сарғиш яшил. 4. Сариқ (яшил аралашмаган). 5. Олтинранг.

Кўпгина навларни сарғиш ранг олишни бошлаши билан териб олиш бошланади.

Ред Делишес (Red Delicious) навини териб олиш вақтида унинг пўтлоқ ости рангги бироз яшил рангдан сарғиш рангга ўзгаради.

Учинчи усул – энг аниқ усуллардан бири ҳисобланади:  Мева таркибидаги крахмални йодли эритма ёрдамида текшириш.

Етилмаган мева таркибидаги крахмал миқдори жуда юқори бўлади. Мева етилиши билан, крахмал шакарга айлана бошлайди. Мақсад мева таркибидаги крахмал тўла шакарга айланмасидан олдин уни териб олиш. Мева таркибида қанча крахмал қолганини аниқлаш учун мева пўстлоқ ости қатламига йодли суюқлик томизилади: тўқ-кўк ранг крахмални билдиради; оч (сарғиш) ранг шакарни билдиради.

Олма етилиш босқичидан ўтиб боргани сари унинг ички қисмидаги крахмал шакарга айланишни бошлайди ва у оч рангга (доғларсиз) кўринишга айланади.

Бу усул учун 1.0%ли йодли эритма керак бўлади. Одатда дорихоналарда (аптека) 5%ли йод сотилади. 1% эритма тайерлаш учун 5%ли эритмани ўзидан 5 карра кўп сувга аралаштирилади. Масалан: 25 мл қадоқланган 5%ли йодли эритма олинса, биз унга 100 мл тоза сув қўшамиз. Натижада 125 мл 1%ли эритма ҳосил бўлади.

Эсингизда тутинг, бундай эритма одатда жуда заҳарли бўлиб уни шундай деб белгилаб қўйиш керак ва болалар эътиборидан узоқроқда сақлаш керак. Тажрибадан ўтказилган мевани истемол қилмаслик керак. Агар адашиб истемол қилинса, зудлик билан қайт қилиб ташлаш керак ва докторга мурожаат қилиш керак.

Меваларни улар пишишидан (сизниг тахминларингиз бўйича) 3-4 ҳафта олдин бир ҳафтада 1-2 марта синовдан ўтказинг. Тажриба учун меваларни дарахтнинг турли тарафларидан олинг, лекин сояда турган ички қисмларидан эмас. Ҳар бир дарахтдан 2тадан ва жами 5та дарахтдан 10та олма олинг (20та олинса, янада аниқроқ натижа чиқади).

Дарахтдан узиб олинган меваларни дарҳол, кўпи билан 24 соат ичида текширинг.

Оламаларни экватори бўйлаб иккига кесинг. Тайерланган йодли эритмани кесилган юзага томизинг. Ортиқча, олма ўзига олмаган, эритмани салфетка билан артиб олинг ва мева юзасини 2 минут қуришига кутинг. Ҳосил бўлган натижани юқоридаги жадвалга қараб солиштиринг (0-6гача шкалада). Ҳосил бўлган натижага энг яҳин бўлган расмни танланг. Осонроқ бўлиши учун шкалаларни рақамлаб қўйиш мумкин.

Бу усулдан фойдаланиш учун сизга яъна мутахассислар томонидан ишлаб чиқилган шаблон (расм) керак бўлади. Бу шаблонни рангли принтерда чиқариб олсангиз ишлашга қулай бўлади.

Тўртинчи усул: Мевани шохдан осонликча узилишини ҳис қилиш орқали аниқлаш.

Олма теришга тайер бўлганда, уни ушлаб бир оз кўтариб ёки бураш орқали чўпини синдирмасдан узиб олиб мумкин.

Баъзи навлар учун уларни етилганлиги билдириш учун бу усул унчалик тўғри келавермайди, лекин ҳосилни сақлаб қолиш учун белги ролини ўйнаши мумкин.

Бешинчи усул: Уруғлари рангига қараб аниқлаш.

Мева уруғларининг рангги ҳам уларнинг етилганлиги туғрисида маълумот беради. Шундай бўлса-да, баъзи навларда, “Восход” каби, уруғ ранглари ишончли ёки тўғри маълумот бера олмайди. Уруғларга уларнинг жигарранг ранггига қараб баҳо бериш мумкин (боғнинг бир қисмидан бу текширув учун 20-40та олма олиниши керак). Ҳар бир олмани текширгандан сўнг, жамлама балга қараб ҳулоса чиқариш мумкин.

Уруғларга қараб, мева теришни режалаштириш. Уруғларнинг қанчалик тўқ жигарранг олиши уларнинг пишишидан далолат беради.

Бизнинг ота-боболаримиз, бу усулдан кўп фойдаланишган. Ҳанузгача, бу усулдан фойдаланувчилар орамиздан топилади.

Олтинчи усул: Мазасига қараб аниқлаш.

• Юқорида келтирилган белгилардан ташқари мевалар етилишга яқинлашган сари мазасига қараб ҳам териб олиниши мумкин.

• Етилмаган мева нордон ёки аччиқ бўлади.

• Етилган мева ҳам бир оз нордонроқ бўлиши мумин, лекин аччиқ бўлмаслиги керак.

• Турли усуллар орқали мева етилишини аниқлаб борган боғбон, уларнинг натижаларидан келиб чиқиб йиллар давомида етиштираёган қайси нави қандай мазаси буйича териб олиниши мумкинлигини ҳам ўзлаштириб олади.

7-8-усулда алоҳида ускуналар керак бўлади:

1. Мева структураси ёки этининг босимини ўлчаш учун мўлжалланган қурилма — Пенетрометр
2. Мева брикси (таркибидаги шакар ва кислотность) ўлчайдиган қурилма — Рефрактомерт

Аксарият мева экспортчилари ва импортчилари (ҳаттоки Ўзбекистонда ҳам) барча меваларни (данакли ва уруғли) ушбу қурилмалар ёрдамида сотиб олишади. Бунга сабаб, мевалар сотиладиган бозорлардаги харидорларнинг таъмга бўлган талаби, меваланинг узоқ муддатли транспортировка шароитлари, ва сақлашда юзага келиши мумкин бўлган муаммоларнинг олдини олишдир. Одатда ғарбий давлатларда мевалар дарахтдан Пенетрометр ёдамида қаттиқлигини ва Рефрактометр ёрдамида бирксини ўлчамасдан узиб олинмайди.

Еттинчи усул: Мева структураси босимини текшириш орқали

Бошқа белгилардан алоҳида тарзда қўлланилади. Бу усулдан меваларни қачон теришни аниқлаш учун эмас балки, олмалар совуқхонада сақлаш учун қанчалик юмшоқ ёки пишганлигини аниқлаш учун қўлланилади.

Бунинг учун намуна олинади. Тажриба учун дарахтнинг бир оз ички қисмида жойлашган мевалар танланади. Масалан: дарахтнинг таг қисмидан мева олинмайди, жуда ичидан хам, ѐки тепа қисмидан ва жуда қуѐш кўп тушиб турган олмалар ҳам танланмайди. Одатда дарахтнинг ташқи қисмидаги меваларнинг структураси ички қисмидаги меваларга нисбатан қаттиқроқ бўлади.

Бундай синовни олмалар териб олингандан сўнг ҳам ўтказиш мумкин ва бу териб олинган олмалар қанча муддат сақланиши мумкинлигини белгилаб беради.

Одатда мева қанчалик катта бўлса унинг структураси шунчалик юмшоқ бўлади. Шундай экан, сақлаш учун режалаштирилаётган ҳажмдаги меваларни текширганингиз мақул. Агар сизнинг меваларингиз турли ҳажмда бўлса, бундай текширув орқали керакли туғри маълумотни олиш қийин бўлади.

Ҳарорат: одатда олмалар ҳарорати пастроқ бўлса, уларни текширганда структураси қаттиқроқ бўлади агар уларнинг ҳарорати илиқроқлигидан кўра (шу сабабдан бундай текширувни ўтказаётганда текширилаётган мевалалар ҳароратини ҳам ёзиб бориш керак).

Текширувни ўтказиш учун биз олманинг юзасинг кенг қисмидан юпқа бўлак кесиб оламиз. Меванинг қуёш нури тушиб турган, лат еган ёки зарарланган қисми текширилмайди. Биз 1.1 см учи бўлган мева структураси босимини текширадиган қурилмадан фойдаланамиз.

Меванинг кесиб очилган қисмига узоғи 2 сония давомида қурилманинг учини босамиз (одатда қўлда ушлаб тургандан кўра, олмани қаттиқ жойга қўйиб текширилгани мақулроқ). Ҳар бир олма 2 марта текширилади, ҳар икки тарафидан. Демак 20та олмадан жами 40та маълумот олинади.

Олинаётган маълумотлар килограмм (kg/cm2) ёки фунт (lbs/in2) бирлигида ўлчанади. Масалан Америка Қўшма Штатларида фунт бирлигидан фойдаланилади.

Фунт ўлчами учун агар текширув натижаси 15 lbs фунтдан паст бўлса, бу олмалар сақланмасдан сотилади. Сақлаш учун 17-20 оралиғидаги ёки ундан юқори ўлчам бирлигидаги олмалар афзал кўрилади.

Агар вегетатив мавсум узоқ бўлса, Ред Делишес (Red Delicious) олмаси пишиб ўтиб кетади; шу сабабдан уларни текширув натижаси 15-16 фунтдан тушиб кетмасидан териб олиш керак.

Бундай қурилма баҳоси одатда $120-160.

Саккизинчи усул: Brix/Шакар миқдорини аниқлаш орқали

Кўп одамлар бундай тестни “Brix” деб аташади. Бу текширув ўсимликлардаги шарбатни аниқлашни ўйлаб топган немис кимёгари номи билан номланган. Бу текширувнинг яна бир номи TSS ёки Жами Эритмалар %. Албатта бу тест осонгина шарбатдаги шакар миқдорини аниқлар экан деган ҳулосага келиш мумкин лекин, Brix бу нафақат шакар балки саҳароза, фруктоза, витаминлар, минераллар, амино-кислоталар, протеинлар, гармонлар ва бошқа эритмалар жамламаси % ҳамдир.

Ред Делишес (Red Delicious) нави учун, бу олма агар brix кўрсатгичи 10.5-11.5% бўлганда терилса, яхши сақланади.

Истеъмол учун одатда олмаларнинг brix кўрсатгичи 15% юқори бўлиши афзал кўрилади.

brix кўрсатгичи қанчалик юқори бўлса, мева таъми шунчалик мазали бўлади. 

• Бундай қурилма баҳоси $25-100.  

Агар сиз крахмал миқдори, мева структураси босими ва brix тестларидан бир вақтнинг ўзида фойдаланаётган бўлсангиз, ҳар бир текширилаётган олмани жуда эҳтиёткорлик билан текширишингизга тўғри келади, чунки уларнинг ҳар биридан 3 хил маълумот олишингизга тўғри келади. Масалан: одатда структура босими юқори (қаттиқ) бўлган олманинг крахмал миқдори шкаласи паст бўлади (бу дегани крахмал миқдори юқори бўлади) ва brix кўрсатгичи паст бўлган олмаларнинг структура босими юмшоқ бўлади.

Рефрактометрдан фойдаланиш, одатда, жуда осон. Бунинг учун махсус шпаргалкалар ишлаб чиқилган ва бу шпаргалкалар қайси мева ёки сабзавот қандай бриксда ва қайси мақсад учун сотиб олиниши кўрсатиб ўтилган.

Масалан, шарбат учун сотиб олинувчи мева ва сабзавотлар учун брикс жадвали. Бундай жадваллар юқорида айтиб ўтилганидек турли мақсадлар учун ишлаб чиқилган. Одатда мева ва сабзавот сотиб олувчи шартномада сотиб олаётган мевасининг қандай Бриксда бўлишини кўрсатиб ўтади ва фермер мева пишиши яқинлашган вақтда меваларини текшириб боради ва улар талабдаги Бриксни олганда ҳаридорни огоҳлантиради ва териб олади.

Манба: Fruit master

Дўстларингизга ҳам улашинг!