Меваларни териш ва сақлаш бўйича тавсиялар

Жорий йилда мамлакатимиз боғ ва токзорларида мисли кўрилмаган даражада кўп мева ва узум ҳосили етиштирилди. Об-ҳавонинг эрта илиши ҳамда июнь-август ойларида ҳавонинг ҳаддан ташқари исиб кетиши боис боғларимизда ва токзорларимизда мева-узумлар 15–20 кун олдин пиша бошлади. Натижада ушбу ҳолат айрим вилоятларда фермер хўжаликларини шошириб қўйди. Боғларда мевалар тезлик билан пишиши боис биринчи навбатда пишиб етилган меваларни кетма-кет териб, савдо тармоқларига ва қайта ишлаш саноатига юборилмоқда.

Сентябрь ойида мевали боғларда ва токзорларда мавсумий парвариш ишлари асосан тугалланган бўлиб, қишга сақлаш учун мева ва узум ҳосилини теришга эътибор қаратиш зарур.

Меваларнинг кеч пишар навлари бу йилги шароитда сентябрь ойи бошида пишиб етилиб бўлди. Эндиги вазифа ушбу ҳосилни нес-нобуд қилмасдан териб олишга қаратиш зарур. Бунинг учун теримчиларга мева-узум ҳосилини териш техникасини тушунтириб, улардан сифатли қилиб ҳосил териши талаб этилади.

Боғларда меваларни теришда энг аввал ерга тўкилган мевалар териб олинади, кейин дарахтдан ҳосил узилади. Узилган мева-узумлар товар ҳолатига келтирилади, яъни улар сараланади, катта-кичикликка ажратилади ва яшикларга тахланади. Яшикларга жойланган мева-узум маҳсулотлари транспорт воситаларига ортиб, сақлашга, қайта ишлашга, сотувга юборилади ёки экспорт қилинади.

Айрим данакли мевалилардан шафтоли ва олхўри меваларининг пишиб етилганлари қуритишга, яъни салқин жойларга дарахтлар тагида қўйиб очиқ ҳавода қуритилади.

Қуритиш мавсуми бошланганда ёғингарчилик ҳам бошланади. Натижада кўп хўжаликларда мева-узум маҳсулоти исроф бўлиши мумкин. Шунинг учун кейинги йиллари мева-узум маҳсулотларини янги усул, яъни плёнка ёпилган хоналарда қуритиш афзаллиги аниқланди. Бунда академик М.Мирзаев номли БУваВИТИ олимлари томонидан мева-узумларни плёнка остида қуритиш усули ишлаб чиқилган бўлиб, фермер хўжаликларига сиғими бўйича 0,5–0,8 тонна сиғимидаги палаткалар тавсия этилади.

Буларга: ярим очиқ палатка. Ушбу палатка қуйидаги катталикда бўлади: эни 4 м, энг баланд тепаси 2 м 40 см, ён деворларининг баландлиги 1 м. Палатканинг иккала ёни томонига патнисларнинг жойлаши учун этажеркалар ўрнатилади. Ҳар қайси патнисга 6–8 кг мева ёки узум сиғади. Палатканинг ён деворлари ердан 40 см баландликда плёнка билан беркитилади. Қуритиш жараёнида пайдо бўлган буғларни чиқариб юбориш учун табиий ҳаво алмашиши таъминланади. Палатканинг ичида ҳарорат ташқарига нисбатан 2–3оС юқори бўлади.

Йиғма палатка, бу бошқаларга нисбатан қуйидаги афзалликларга эга: усти полиэтилен плёнка билан ёпилади ва енгил йиғилади. Йиғма палатка эни ва узунлиги – 4 м, энг баланд тепа қисми – 2 м 20 см, ён деворларининг баландлиги – 1 м 60 см. Палатканинг пастки қисми ердан 40 см баландликда очиқ туради, қолган қисми плёнка билан тўлиқ ёпилади. Палатка ичидаги ҳарорат ташқаридагига нисбатан 3–6оС юқори бўлади. Эрталабки шудринг палатка ичига ўтмайди.

Қишки олма, нок ва беҳи навларининг асосий қисмини сақлашга, яъни совутгичли омборхоналарга жойлаб кеч куз ва қиш ойларида экспортга йўналтириш ҳамда аҳоли истеъмоли учун сотувга чиқаришга қаратиш зарур.

Қишки узум навлари «Пушти тойфи», «Нимранг», «Ҳусайни», «Ризамат», «Октябрьский» навларининг бир қисмини экспорт қилиб, асосий қисмини сақлашга қўйилади. Саноатбоп узум навларининг ҳосили қайта ишлаш саноат корхоналарига юборилади.

Ушбу ойда пишган кечки мева-узумнинг бир қисми сақлашга қўйилади. Мева-узум маҳсулотлари ертўлалар, омборлар, оддий ўралар ёки типовой омборхоналарда ҳамда совутгичли омборхоналарда сақланади.

Мева-узум маҳсулотларини сақлаш учун энг яхши шароит ҳаво ҳарорати ва намликни доимо аниқ белгиланган даражада сақлаб туриш зарур.

Мевалар етилганда, уларни об-ҳаво қуруқ вақтда, банди билан бирга авайлаб узиш керак.

Сақлаш учун терилган мевалар етилиш даражаси бўйича навларга ажратилади ва уларни ўлчамлари бўйича саралаб, яшикларга жойланади, 7–8 яшикни устма-уст омборни шипигача 50–60 см масофа қолдириб тахланади. Яшикларнинг айрим қаторлари ўртасида ҳаво юриши учун 10 см тирқиш ва юриш учун 60–80 см. ли йўл қолдирилади.

Олмани омборларда идишсиз сақлаш учун деворлар бўйлаб турли кенгликда, баландлиги 10–15 см. ли ёндорли сўқчалар ўрнатилади.

Тахтадан ёки фанерадан ишланган баландлик параллел жойлашган сўқчалар ўртасида 70–80 см. дан кам бўлмаслиги керак.

Мева-узумларни сақлаш вақтида текшириб туриш учун сўқчалар пирамида шаклида ўйиб ёки юпқа қават қилиб ёйиб қўйилади.

Олма ва нокни 5–6 ойгача сақлашнинг энг яхши шарт-шароити ҳаво ҳарорати 0–1оС ва нисбий нам­лик 85–95% бўлиши керак.

Албатта, оддий ертўлаларда бундай шароитга эришиш қийин, шунинг учун юқоридаги шароитга яқинлаштиришга ҳаракат қилиш керак, яъни ҳавони шамоллатиб, сув сепилиб, олтингугурт билан дудлаш ва мева-узумларни сифатини кузатиб бориш талаб этилади.

Узум сақланаётганда эҳтиёткорлик билан узилган узум бошларини сояга ёйиб, 1–2 кун мобайнида шамоллатиб сўлитилади. Сўнгра узум бошларини иккитадан бойлаб осиб сақласа бўлади. Ёки узун новдалар билан кесилган узум бошлари сувли идишга новдасини ботириб, қўйиб сақласа узоқроқ сақланади.

Айрим жойларда узум қамишда тўкилган бордонларга ётқизиб ҳам сақланади. Сақланаётган маҳсулот бир ойда икки маротаба кўздан кечирилади ва омборхонага олтингугурт билан дудланади.

Маълумки токзорларда узумлар узиб олингач кетидан токзорларда кетма-кет токларни кесиш ва шакл бериш ишлари бошлаб юборилади. Бу агротехник тадбирлар барча ҳудудларда жанубий минтақалардан ташқари бошлаб юборилади.

Ток тупларининг новдаларини кесиш икки муддатда: ерга кўмиладиган токлар кузда, кўмилмайдиган токлар асосан эрта баҳорда кесилади.

Токдан мўл ҳосил олиш учун улар ҳар йили кесилиб, маълум шаклга келтирилади. Ток новдаларининг сони ва тупда жойланиши токнинг ўсиш кучига қараб тартибга солинади. Ток кесиб турилганда унинг ҳосилга кириши тезлашади, мўл ҳосил бериш даври узаяди, токзорни ишлаш ва бунда механизациядан фойдаланиш, токнинг касаллик ва зараркунандаларига қарши кураш ишлари осонлашади. Мўл ҳосил олиш учун доимо яхши пишган, бақувват, соғлом ва бағазларда яхши ётадиган, нормал бўғим орасига эга бўлган новдалар қолдирилади.

Токни умумий қабул қилинган техгологияси бўйича кесиш зарур. Ток кўмиладиган туманларда кесиш вақтида тупларда қабул қилинган меъёрдан 20–25% қўшимча кўзлар қолдирилади. Кучли ўсадиган Пушти тоифи, Нимранг, Ҳусайни, Ризамат, Қора кишмиш каби навларда кўзлар кўпроқ қолдирилиб, узунроқ кесилади. Бир тупда 200–300 тагача кўз қолдирилиб, ўртача ўсувчи Баян Ширей, Ркацители, Саперави, Мускат розовый навларида кўзлар сони 150–180 тагача қолдирилади. Кучсиз ўсадиган Рислинг, Пино Чёрный навларида 80–120 та кўз қолдирилади.

Пишган новдаларни кесишда, уларни пастки симга боғлаш мумкин бўлсин, заифроқ новдалар 2–3 та кўзча қолдириб кесилади. Келажакда 4–5 та занг бўлиши учун новдалар қолдирилади, 9–10 ёшли занг новдалар янгиланиш мақсадида кесиб ташланади.

Кесилган ток туплари кўндоқланиб ерга ётқизилгач, кўмишдан олдин оидиум (кул) ва антракноз касалликларига қарши 3 фоизли Бордо суюқлиги ёки 5 градусли оҳак-олтингугурт қайнатмаси билан жиққа ҳўллаб пуркалади.

Мева дарахтларини қишлашга тайёрлаш зарур. Жорий йилнинг июнь-июль ойларида ҳаво-ҳароратининг қаттиқ исиб кетиши боис тупроқда нам анча камайган. Бунинг учун тупроқ қатлами қалин бўлган бўз ва бўз-ўтлоқ ерларга экилган боғларни сентябрь ойи бошида, тупроқ қатлами юпқа бўлган (таги шағалли ерларда) майдонларда сентябрь ойининг охиригача суғориш зарур. Бунда дарахтлар қишга яхши тайёрланади ҳамда совуқдан азият чекмайди.

Резавор мевали ўсимликлар (қулупнай, қорағат, малина) бу ойда яхши парвариш қилиниб бегона ўтлардан тозаланиб, таглари чопилиб, иложи борича чиринди (гўнг) билан озиқлантирилиб суғорилади. Шунда улар келаси йили ҳосили учун етарли миқдорда мева куртакларини ҳосил қилади.

Бу жараёнларда сариштали боғбонлар бу йилги ҳосил баракасидан баҳраманд бўлиш билан бирга, келгуси йил ҳосилига ҳам пухта замин яратадилар.

Р.Абдуллаев, Н.Джалилов