МЕВАЛИ ДАРАХТЛАРНИ КЕСИШ ВА УЛАРГА ШАКЛ БЕРИШ

Кучли пайвандтагда ўсадиган ва ўрта ҳолда ўсадиган пайвандтакка улаб ўстирилган мева дарахтларига шакл беришнинг асосий тартиби – бу ярусли (қаватли) қилиб шакллантиришдир. Республикамизда олма ва нокларнинг кўпчилик навларига нисбатан шу усул қўлланилади. Тўла шакл берилган мева дарахтлари биринчи қаватда 3–4 дона асосий шохга эга бўлиши керак. Уларни шакллантириш билан бир қаторда иккинчи ва учинчи қават шохлари ҳам қолдирилади. Иккинчи қаватнинг биринчи шохи асосий шохларидан 30–40 см, иккинчи шох биринчи шохдан 25–30 см масофада қолдирилади. Учинчи қават шохлари ҳам шу тартибда қолдирилади.

3–4 йил шакл берилган ёш дарахтларни кўп буташ тавсия этилмайди. Чунки бу уларнинг ўсишини кучайтириб, ҳосил беришини кечиктириб юборади.

Олма дарахти тўлиқ ҳосилга киргунга қадар шохларини ўртача қисқартирилиб ва сийраклаштирилиб шакл берилади. Бунда бир-бирига соя ва ҳалақит берадиган ҳамма шох ва новдалар олиб ташланиб, дарахт шох-шаббаси маромида сийраклаштирилади.

Олма дарахти тўла ҳосил бера бошлаганидан кейин унинг ўсиши ва ҳосилдорлигини сақлаб туриш учун меъёрида буталади. Бунда фақат майда шох-шаббасини қалинлаштириб юбориши мумкин бўлган новдалар ва бачкилар олиб ташланади, баъзи янгидан ўсиб чиққан узун новдаларни, ҳосил шохига айлантириш учун қисқартирилади. Ҳаддан ташқари йирик шохлар уларни бошқа шохларига тенглаштириш учун қисқартириб буталади.

Дарахтлар ўсишдан орқада қолса (10–15 см), бир йиллик новдаларнинг нормал ўсишини таъминлаш учун 3–5 ёшли яхши ўсган она шохларига тақаб кесилади.

Дарахт ҳосил қилмайдиган йилда буташ системаси қуйидагича бўлади: шу йили ўсиб чиққан новдалар кўпроқ калталаштирилади, ҳалқасимон мева шохлари сийраклаштирилиб, мураккаб ҳалқасимон новдалар калталаштирилади. Натижада бир йиллик новдаларнинг ўсиши тезлашади, ҳосил куртакларининг шаклланиши сустлашади. Дарахт ҳосил берган йили: буталмаган бўлса, бу ишни ҳосил берган йили қилиш керак. Бундай ҳолатда новдалар 35–40 см ўсган эски шохларига тақаб кесилади. Ҳосил куртакларини кўплаб шакллантириш учун ўсган бир йиллик новдалар қисқартирилади.

Нок дарахтлари ҳам худди олма сингари кесилади. Шунингдек, навлар хусусиятини ҳам эътиборга олиш керак. Кам шохлайдиган, аммо бир йиллик новдалари тез ўсган ва асосий ҳалқали мева шохлари кўп бўлган новдаларни уларнинг узунлигига қараб ярим ёки учдан бири кесиб ташланади. Кўп шохлайдиган ва асосан чивиқсимон новдаларида ҳосил берадиган дарахтларнинг шох-шаббалари сийраклаштирилади.

Беҳи дарахтига олма дарахтига шакл берилганидек, ярусли сийраклаштирилган ҳолда шакл берилади. Дарахтнинг кўп йиллик шохларини шакллашда уларнинг бир-бирига мойиллаштириб буташ керак, ўткир бурчакли бўлиб қолишига йўл қўймаслик лозим.

Дарахт тўла ҳосилга киргач, новдаларнинг ўсиши кескин камаяди ва мева бериш калта шохларига ўтади. Бу даврда ҳосилли шохларнинг ҳаддан ташқари кўпайиб кетишининг олдини олиш учун пастроқда жойлашган ҳосилли шохга тақаб шох қисқартириб кесилади.

Ўсиш сустлашган чоғда (охирги навдалар 25–30 см. дан қисқа бўлса) 3–4 йилда бир маротаба 2–3 йиллик шохларига тақаб шох-шаббаларини ёшартириб каллакланади.

Дарахт кесиклари 3 см. дан катта бўлса, кесилган жой албатта боғ малҳами (канифоль, асалари мўми, ёғ) ёки бўёқ билан бўялади. Бу тадбир дарахтга қорасон касаллиги тушиб кетишдан сақлайди.

Данакли мева дарахтларининг шохларини мустаҳкам шаклланиши, ўсиши ва ҳосил беришини тартибга солиш, ҳосилдорлик ва мева сифатини яхшилаш учун буташ зарур. Ҳар бир данакли мева дарахтининг тури ўзига хос шакл бериш ва буташни талаб қилади.

Данакли мева дарахтлари кўпинча 3–4 ёшида ҳосилга киради, эскироқ шохларда шаклланган ҳосил новдалари эса уруғлиларга нисбатан унча кўп яшамайди, оқибатда шохлар ичи тезда бўшлиққа айланади. Бунга йўл қўймаслик учун буташ йўли билан ҳар йили кўплаб бир йиллик новдалар ўсиб чиқиши ва уларни шохлар орасига тўғри жойлаштириб, ҳосил тугишига эришиш зарур. Шохлар буталганда бир йиллик новдалар сони кўпаяди ва агар у ёруғда жойлашган бўлса, мева шаклланишига кўмаклашади.

Ўрик дастлабки йиллари тез ўсади, баъзан эса муддатидан олдин ён шохлари пайдо бўлади. Улар бир ёшида ҳам мевага кириши, калта ҳосил шохчаларида мева тугиши мумкин.

Гул куртаклари кучсиз ва ўртача новдаларда учи яқинида, кучлиларида эса бутун узунлиги бўйлаб пайдо бўлади. Калта шохчалар тананинг турли қисмида ўсиб чиқиб, узоқ яшамаслиги билан ажралиб туради. Уларнинг ҳосил бериш муддат чегараси 3–4 йил. Аста-секин ёши катталашиши билан асосан йил сайин камайиб борувчи бир йиллик шохларига уйғунлашади.

Ўрикка шакл беришнинг яхши усули қаватлаб сийраклатишдир. Биринчи қаватда иккита шох қолдирилиши мумкин, кейинги шохлар бир-биридан 30–35 см масофада жойлаштирилади.

Кўчат ўтказилгандан кейинги дастлабки 2–4 йилларда ўрик шохлари тиккасига кучли ўсиб, кам шохлайди. Шунинг учун ҳар йили биринчи йилдан бошлаб баҳорда сийраклаштиришдан ташқари, тананинг давоми бўлмиш бир йиллик новдалар кескин қисқартирилади.

Ёши катта дарахтларнингг (15–20 ёшли) 2–3 йиллик (ён шохлари) шохлари қирқилиб кучлироқ ёшартирилади. Янада қарироқ ёки ўсишдан қолаётган дарахтларнинг 5–7 йиллик шохлари қирқилиб ёшартирилади.

Тошлоқ ерларда ўриклар 12 ёшидаёқ озроқ 2–4 йиллик шохлари, 17–20 ёшида эса 5–6 йиллик қалин шохлар ва шаббалар кесиб ёшартирилади. 30–35 ёшида 7–8 йиллик шохлар қирқилади.

Олхўри тез ўсиб-ривожланувчи мевали дарахт туридир. У қанчалик тезпишарлигига қараб ўтқазилгандан кейин 3–4 ёки 5–6 йили ҳосилга киради. Ўтқазилгандан кейинги дастлабки 5–6 йилда пастки қисми яланғоч қолмаслиги учун шохларга сийраклаштириб ёки калталаштириб шакл берилади.

Тез ўсувчи учбурчаксимон шохловчи навлар (Венгерка домашняя, Самаркандский Чернослив ва бошқалар)нинг ёнидан чиққан биринчи қатордаги асосий новдалари қирқилади. Бу шохларнинг кенгайиши ва пасайишига имкон беради.

Тарвақайлаган шохли паст бўйли дарахтларнинг новдалари сийраклаштирилади. Новдалар фақат ўсишини тартибга солиш учун буталади. Олхўри ҳам бошқа мевали дарахт турлари каби асосий танадан ёнга ўсган шохлар шакллангандан сўнг кесилиб бўйига ўсиши чегараланади.

Мевага кирган даврда новдалар ички қисмига яхши ёруғлик тушиши учунгина буталади. Барча ҳолларда биринчи навбатда касал, қуриган, чириган новдалар кесиб ташланади. Бу даврда фақат узун (50–60 см) ва осилган новдалар буталади. Асосий шохлари ўсишдан тўхтагач (15–20 см гача), дарахтни ёшартириш учун 2–3 ёшли шохлари қисқартирилади. Қарироқ дарахтлар янада кўпроқ ёшартирилади. Қулай шароитларда олхўри 20 ёш ва ундан ҳам кўпроқ ёшгача энг юқори ҳосил беради.

Гилос баланд ўсиши ва кам шохланиши билан ажралиб туради. Дарахтга сийраклатиш қаватлаш усулида шакл берилади, ён шохлари 2–3 қават қилиб қолдирилади. Куртак унишини ошириш ва новдаларнинг яланғочланишини камайтириш мақсадида асосий шохлардаги ўқ новдалар қисқартирилади. Бу усул ёшлигида ва мева тугиш даврида бутаб шохларга шакл беришда қўлланилади.

Ёш дарахтларда янги новдалар 40–50 см. га етганда учини чилпиш яхши натижа беради. Қисқартириш ва чилпиш шохларга мужассамлик бағишлайди ва бўйга ўсувчи ҳамда гул новдалари чиқишига имкон яратади. Кўп шохлайдиган навларнинг фақат узун (50 см. дан ортиқ) новдалари қисқартирилади. Гилос шохларига шакл беришда дарахтларнинг бўйига ўсиши ва ёнга тарвақайлаши кескин чекланади. Агар шох учларининг ўсиши сусайган бўлса, 2–3 ёшли шохлар қисқартирилади.

Дарахтларнинг қариш даврида 4–5 ёшли шохлари кесилиб кўпроқ ёшартирилади.

Олчани буташга бошқа меваларга нисбатан камроқ аҳамият берилади. Зарур ҳолда зичлашиб кетган шохлар сийраклаштирилади ва синган, касал, қуриётган новдалар буталади.

Ўсиши сусайиб (10 см. гача) ва ҳосили камайиб қуриётган даврида туп ҳолатига қараб 3–5 ёшли ва ундан каттароқ шохлари кесилиб ёшартирилади.

Шафтолини буташ унинг жуда ёруғлик севиши, кучли ўсиши ва ниҳоятда сершохлиги ва асосан ўтган йилги новдаларида ҳосил куртаклари чиқариш хусусиятлари билан боғлиқ. Шохлари тез ўсиб, кўплаб новдалар ва бачкилар чиқаради, улар узоқ яшамай, тезда қурийди, таналари яланғочланади, сиртки шохлар кўпроқ ҳосил беради. шунинг учун данакли мева дарахтлари орасида шафтолини кучли буташ талаб қилинади.

Шафтоли одатда, унга танасининг бўйи 40–50 см бўлганда косасимон қилиб шакл берилади. Аммо, баланд ўсган дарахтлар мўл ҳосил берганда косасимон шакллилари кўпинча синиб кетади. Шунинг учун биринчи қатордаги 3–4 новдадан иборат танада бир-биридан 10–15 см оралиқда текис жойлашган (яъни қўшилган куртаклардан иборат бўлмаган) яхшиланган косасимон шакл тавсия этилади.

Шафтоли кўчати ўтказилиши билан кучли буталади. Пастки ён шохлари 30–35 см қолдириб, 2-бирмунча кучсизроқ 15–20, 3–4- 10–15 см қолдириб кесилади. Барча ортиқча шаклланишга ҳалақит бериб, ички қисмга соя берувчи шох-шаббалар ҳалқасимон қилиб олиб ташланади. Агар 2-қаторда йўғон новдалар бўлса, улар ҳам қирқилади.

Дастлабки 2–3 йил ҳар йили бачки новдалар 1/2–1/3 га қисқартирилади ва шохлар сийраклаштирилади.

5–6 ёшлигида буташда аралаш новдалар қолдирилади, улар дарахтни ёшартириш учун эски она шохларни алмаштиришга керак бўлади. Шу мақсадда биринчи ёки иккинчи қатор ён шохлари буталади. Кесилган жойидан, одатда кучли новдалар ўсиб чиқади, улар яхши парваришланса, иккинчи йили ён шохларни алмаштирувчи мевали шохга айланади. Ён шохларни бундай алмаштириш 8-9 йилда шохлар туби яқинида мева туга бошлайди.

Мева ҳосилдорлигини оширишда, маҳсулотни юқори кўтаришда, сифатини яхшилашда асосий шартлардан бири, илмий асосланган турларни тупроқ-иқлим шароитига жавоб берадиган мева тури ва навларини ҳудудлар бўйича жойлаштиришдир.

Республикамиз бир нечта асосий тупроқ ҳудудларига эга: бу бўз тупроқлар, шўр тупроқлар, шағалли ва қумли ерлар, тоғ ва тоғ олди ерлардаги ҳудудлар.

Боғдорчиликни ривожлантиришда минтақаларнинг тупроқ-иқлим шароитларини ҳисобга олган ҳолда қуйидаги мева турларини жойлаштириш тавсия этилади:

Андижон вилоятида: Андижон ҳудудида – ўрик, шафтоли, олхўри; Хўжаобод ҳудудига – олма, нок, бехи, олхўри;

Бухоро вилоятида: олма, ўрик, олхўри;

Жиззах вилоятида: олма, нок, шафтоли, олхўри; тоғли ҳудудларда – олма, бодом, ёнғоқ;

Қашқадарё вилоятида: тоғли ҳудудларда – олма, ўрик, олхўри, бодом; тоғли ҳудудларда – олма, нок, олхўри, анор;

Навоий вилоятида: олма, нок, ўрик, олхўри, шафтоли;

Наманган вилоятида: олма, нок, ўрик, шафтоли, олхўри, анор, хурмо; тоғли ҳудудларда – олма, нок, ўрик, шафтоли, олхўри, ёнғоқ, бодом;

Самарқанд вилоятида: олма, нок, ўрик, шафтоли, олхўри, гилос, ёнғоқ; тоғли ҳудудларда – олма, нок, олхўри;

Сурхондарё вилоятида: олма, ўрик, олхўри шафтоли, анор, хурмо, ёнғоқ, бодом; тоғли ҳудудларда – олма, нок, ўрик, шафтоли, олхўри, анор, хурмо, анжир, ёнғоқ, бодом;

Сирдарё вилоятида: Мирзачўл ҳудудида – олма, шафтоли, олхўри, анор; Ховост ҳудудида – олма, нок, олхўри, ёнғоқ;

Тошкент вилоятда: Тошкент ҳудуди – олма, нок, беҳи, шафтоли, олхўри, гилос; Бўстонлиқ ҳудудида – олма, нок, олхўри, ёнғоқ, бодом; Паркент ҳудудида – олма, нок, олхўри, гилос, олча, ёнғоқ; Оҳангарон ҳудудида – олма, олхўри, ёнғоқ;

Фарғона вилоятида: ўрик, шафтоли, олхўри, олма, гилос, анор, ёнғоқ, бодом; тоғли ҳудудларда – ўрик, шафтоли, олхўри, олма , нок, ёнғоқ, бодом;

Хоразм вилоятида: олма, нок, ўрик, олхўри, шафтоли;

Қорақалпоғистон Республикасида: олма, нок, олхўри, ўрик меваларини экиш тавсия этилади.

Манба: agro.uz