Мевали дарахтлар танаси қачон оқланади?

Манзарали дарахтлардан ташқари мевали дарахтлар танасини ҳам оҳак билан оқлаш анча фойдалидир. Бу иш асосан эрта баҳорда дарахтлар уйғонишидан олдинроқ амалга оширилади. Чунки кузда дарахт танасига жойлашиб олган баъзи зараркунанда ҳашоротлар ёки уларнинг тухумлари қишдаги совуқлардан омон қолиши мумкин. Бундан ташқари дарахт пўстлоғида ёғоч замбуруғлари, мохлар, лишайниклар ўсади. Шунинг учун эрта баҳорда дарахтларнинг қуриган пўстлоқлари ва улар орасига жойлашиб олган хашоротлар ва замбуруғларни олиб ташланиб оҳак билан оқланади. Баъзан бу ишни кеч кузда ҳам амалга ошириш мумкин.

Дарахт танасини оқлаш учун қуйидагича оҳак тайёрланади. Бунинг учун 10 литр сувга 1-1,5 кг ўлдирилган оҳак ва 0,5 кг тупроқ қўшиб аралаштирилади. Оҳак янги бўлмагани маъқул яъни уни 4-5 кун аввалроқ эритиб қўйиш керак. Эритмага шунингдек, 200 г темир ёки мис купороси қўшиб юборилса, жуда фойдали бўлади. Чунки бу моддалар зараркунанда ва ҳашоротларни тезда ўлдиради.

Аралашмани дарахт танасига юмшоқ шўтка билан 60-80 см баландликда оқланади. Агар бу иш кузда бажарилса, дарахт танасидаги майда ёриқлар сувалиб кетиб зараркунанда хашоротлар бу ерга кира олмайди ва қишки совуқларда ўлиб кетади. Шу билан бирга дарахт танасини қишки совуқлардан сақлайди.