Мевали дарахтларда парша (қўтир) касаллиги

Зарари. Барглар, мевалар, новдалар, барг бандлари, мева банди, гулкоса барглари зарарланади. Бу касаллик билан кўпроқ катта ёшдаги ва қалин экилган дарахтлар кучли зарарланади.

Таърифи. Касалликнинг дастлабки белгилари гуляпроқлар ёппасига тўкила бошлаганда намоён бўлади. Касалланган баргларда юмалоқ қўнғир доғлар духобасимон тўқ яшил ғубор билан қопланган бўлади. Бу ғубор олмада баргнинг устида, нокда эса остида кўринади. Касалланган барглар қурийди ва тўкилиб кетади. Мевада қора ёки кулранг қора доғ пайдо бўлиб, кейинчалик меванинг ёрилишига ва қийшиқ бўлиб қолишига сабабчи бўлади.

Ҳаёт цикли. Касалликнинг тарқалиш манбаи замбуруғлар қишлаб чиққан барглар ҳисобланади. Баъзан (кўпинча нокда) шохларда қишлаб қолиши мумкин. Касалликнинг ривожланиши учун энг қулай ҳарорат 18–20°С бўлсада, споралар 2-30°С да ўса олади. Споралар шамол ва ёмғир томчилари ёрдамида тарқалади. Об-ҳавонинг келишига қараб спораларнинг тарқалиши 60 кунгача чўзилиши ҳамда касалликнинг яширин даври 8–12 кун давом этиши мумкин. Ёз мобайнида замбуруғ 8–10 авлод беради.

Кураш чоралари. Меъёрида суғориш; зарарланган шохларни кесиб, йўқотиш; кузда тўкилган баргларни чуқур кўмилишини таъминлаш; кузда барг тўкилишидан сўнг ва баҳорда куртак ёзишдан олдин 1° ли оҳак-олтингугурт қайнатмаси (ООҚ) пуркаш.

Вегетация даврида таркибида трифлокцистробин, креоксим метил, тиофанат метил, манкоцеб ёки зирам бўлган воситалар билан ишлов бериш керак. Тиним даврида эса ИСО ва мис купоросидан фойдаланиш яхши самара беради.

935.png (735 KB)

1- расм. Парша ривожланишдан тўхтаган.

Парша замбуруғининг ривожланиш даврининг илк вақтида креоксим-метил, трифлокстробин ва тиофанат-метил таркибли системали таъсир этувчи фунгицидлар билан ишлов берилгандан сўнг замбуруғ ривожланиши тўхтаган барг кўриниши (1-расм). Парша замбуруғи зарарлаб ривожланишни бошлагандан 5–8 кундан сўнг тизимли фунгицидлар билан ишлов бериш шундай натижага олиб келиши мумкин. Юқоридаги расмларда Жерси Мак олма дарахтига тизимли фунгицид билан ишлов берилгандан сўнг парша касаллиги ривожланишдан тўхтаган.

Паршага кучли чалинувчан навлар: Гала, Жинжер голд, Мутсу, Пинк Леди, Эмпаэр, Жерси Мак.

Чалинувчан: Ред Делишез, Ред Чиф, Супер Чиф, Скарлет Спур, Жеромин, Айдаред, Фужи, Голден Делишез, Брейбурн, Гренни Cмит, Жонаголд, Жонатан.

Чидамли: Флорина, Пинова.

Жуда чидамли: Вилиямс Прайд, Либерти, Кримпсон Крисп, Прима.

Манба: Олма зараркунандалари ва касалликларига қарши кураш. Маълумотнома. БМТТДнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси, 2016. деҳқон.уз

Дўстларингизга ҳам улашинг!