МЕВАЛИ ДАРАХТЛАРНИНГ ҚОРА РАК КАСАЛЛИГИ ВА УНГА ҚАРШИ КУРАШ ЧОРАЛАРИ

Қора рак касаллиги олма, беҳи ва нокда дунёнинг барча мамлакатларида, жумладан Марказий Осиё давлатларида ҳам тарқалган, Ўзбекистонда барча вилоятларда учрайди.

Касаллик белгилари. Қора рак билан олма ва беҳи дарахтларининг гул, барг ва мевалари зарарланади, аммо унинг энг хавфли шакли – дарахт танаси ва йўғон шохлари зарарланишидир. Гулкосабаргларда касалликнинг 1-белгилари кичик қизил доғлардан бошланади, вақт ўтиши билан улар қизил ҳошияли, тўқ-қизил рангли доғларга айланади. Бир неча ҳафтадан кейин гулкосабарглар доғлар билан қопланиб, тўқ-қўнғир тус олади, куйганга ўхшаб қолади.

Гуллар тўкилгандан сўнг 1-3 ҳафта ўтгач баргларда касалликнинг биринчи белгилари – кичик тўқ-қизил доғлар пайдо бўлади. Улар ўсади, кенглиги 4-7 мм га етади, четларида тўқ-қизил ранг сақланиб қолади, ўрталари жигарранг, сўнгра қизғиш-қўнғир тус олади. Кучли зарарланган баргларнинг усти олабула бўлиб қолади ва улар тўкилиб кетади. Баргдаги доғлар устида ҳар хил иккиламчи замбуруғлар ривожланади, натижада доғлар кенглиги катта бўлиб кетади ва улар концентрик доиралар шаклини олади. Гул ва барглардаги доғлар устида пикнидалар жуда кам ҳолларда пайдо бўлади.

Гулкосабарглар зарарланиши мевалар гул бўлган томондан зарарланишига олиб келади. Ёш меваларда касаллик гуллар тўкилгандан кейин, кичик қизил доғлардан бошланади, вақт ўтиши билан улар тўқ-қизил рангли, кенглиги 0,1-1,0 мм келадиган бўртмаларга айланади. Бўртмалар фақат мева пишиб бошлаганда катталашади. Мавсум бошида ёш мевалар зарарланиши (гуллар тўкилгандан кейин бир ой ичида) улар тўкилиб кетишига олиб келади. Дарахтда қолган зарарланган ёш мевалар вақтидан 3-6 ҳафта олдин пишиб етилади ва устида касалликнинг ташқи белгилари пайдо бўлмасдан, тўкилиб кетади. Бундай меваларнинг ички қисмлари кўпинча чириб кетган бўлади. Етилаётган мевалар устида кичик, қизил ҳошияли қора доғлар ривожланади, улар ўсиб, қора ва қўнғир тасмалардан иборат концентрик доиралар ҳосил қилади. Зарарланган мева тўқималари юмшамайди, уларнинг устида, бўртмалар тагида, қора нуқталар – замбуруғнинг пикнидалари пайдо бўлади (1 кв. см да 200 та пикнида мавжуд бўлиши мумкин). Касалланган мевалар баъзан чиримасдан, мумиёлашади, улар кўпинча дарахтда осилиб қолади. Меваларнинг устида бўртмалар мавжудлиги билан қора рак монилиоз мева чиришидан ажралиб туради. Меваларнинг кўпчилиги ҳосил етилиши, уни йиғиш, ташиш ва омборхоналарда сақлаш даврида зарарланади.

Дарахтларнинг танаси, новда ва шохлари зарарланганида уларнинг пўстлоғида бироз ботиқ, қўнғир доғлар пайдо бўлади. Уларнинг баъзилари ўсмайди, бошқалари ўсиб, узунлиги 0,5 м ва ундан ҳам каттароқ, қора яраларга айланади. Яралар новдани ўраб олган тақдирда, у зарарланган жойидан синиб кетади. Баъзи яралар пўстлоқ усти бутунлай чатнаши, пўстлоқ ҳалок бўлиши ва тушиб кетиши, дарахт танаси ва шохларининг ёғоч қисми очилиб қолиши ва дарахт нобуд бўлишига олиб келади. Қора ракнинг олма, беҳи ва нокдаги характерли белгиси – зарарланган дарахт танаси, шохлари ва новдаларининг пўстлоқларида, эпидермис остида пикнидалар кўплаб ривожланиши, натижада усти бўртмалар билан қопланиб, ғадирбудур бўлиб қолишидир. Олма ва беҳининг зарарланган пўстлоқлари қора тус олади. Зарарланган нок танаси ва шохларида пўстлоқ қораймайди, усти чатнаб, концентрик доиралар шаклидаги ёриқлар ҳосил қилади, пўстлоқ осон уваланиб кетади ва дарахтнинг ёғоч қисми очилиб қолади.

Қўзғатувчи замбуруғ бошқа сабаблар (бактериал куйиш, совуқ уриши, механик жароҳатлар) туфайли дарахт танаси ва шохларида пайдо бўлган яраларга ҳам кириб олиб, яралар жуда катта бўлиб кетишига олиб келади.

Касалликнинг зарари. Мева чириши, барглар доғланиш туфайли тўкилиши, дарахт танаси, шохлари ва новдаларида яралар ривожланиши, натижада дарахтлар кучсиз бўлиб қолиши, қора ракнинг зарари катта эканлигини кўрсатади. АҚШ да касаллик туфайли олма ва нок ҳосилининг 25-50 фоизи йўқотилади. Ўзбекистонда танаси ва катта шохлари зарарланган дарахтлар 3-4 йилда қуриб қолади.

Кураш чоралари. Олмада калмаразга қарши тавсия қилинган барча агротехник усулларни қўллаш ва мумланган меваларни териб йўқотиш қора ракка қарши ҳам самара беради. Жумладан кучли зарарланган дарахтлар ва шохларни кесиб олиш ва боғдан чиқариб, ёқиб юбориш, мумиёлашган мевалар ва кесилган новдалар касаллик манбаи эканлигини эсда тутиб, уларни ҳам тўплаб йўқотиш лозим. Кесилган жойларга боғ суртмаси ёки мойли бўёқ суркаш керак.

Кимёвий кураш. Барглар ва ёш мевалар зарарланишига қарши Топсин, Каптан ва Фолпет фунгицидларидан бирини қўллаш самарали. Касалликнинг асосий шакли – дарахт танаси ва шохларидаги яраларни пуркаш ёрдамида йўқотадиган фунгицидлар мавжуд эмас.

Зарарланган пўстлоқларни тозалаш ҳаво ҳарорати 15оС дан паст бўлганида амалга оширилади, бунда зарарланган пўстлоқни (унинг атрофидаги 1,5-2 см келадиган зарарланмаган қисмини ҳам қўшиб) ёғоч қисмигача ўткир пичоқ билан кесиб тозаланади ва боғдан чиқариб, ёқиб юборилади, тозаланган жойни фунгицидлардан бири (3% темир купороси эритмаси, 1-2% ли ДНОК3, 1-2% ли нитрафен ёки 1-2% ли мис купороси) билан зарарсизлантириш ва унга дарҳол боғ суртмаси (70% нигрол + 15% канифоль + 15% парафин ёки 70% нигрол + 30% кул) ёки мойли бўёқ (200 г олифа + 100 г охра) суркаш лозим.

Пўстлоқни кесиб тозаламасдан ҳам ООҚ ёки рух сульфати билaн бор элементининг аралашмасини суркаш касалликни анча камайтиради. Вегетация даврида калмаразга қарши тавсия қилинган фунгицидларни пуркаш қора ракка қарши ҳам бироз самара беради.

Чидамли навлар экиш. Бельфлёр китайка, Пепин шафранный, Боровинка, Папировка ва б. чидамли навлар қаторига киради, Гоулден Делишес ва пайвандтаг сифатида Делишес навини қўллаб олинган кўп навлар ўртача чидамли, Роум, Жонатан, Стэйман Уайнсап ва Макинтош чидамсиз. Нок навларининг чидамлилиги ҳақида маълумотлар мавжуд эмас.

Ҳасанов Б. А., Очилов Р.О., Гулмуродов Р.А.

Дўстларингизга ҳам улашинг!