Мевали дарахтларнинг уруғидан пайвандтаглар етиштириш

Экиш муддатлари. Уруғлар кузда ва баҳорда экилади. Бухоро, Хоразм вилоятлари ва Қорақалпоғистонда қиши узоқ давомли, қорсиз ва қуруқ қаттиқ совуқ бўлиши, мева уруғларининг униб чиқишга тайёргарлик кўриш жараёнининг нормал ўтиши учун қулай шароит бўлмаганлиги сабабли бу ерларда стратификацияланган уруғларни фақат баҳорда шўри ювилган тупроққа экиш мақсадга мувофиқдир.

Агарда тупроқ ёзда яхши тайёрланиб, шўри ювилган бўлса, уруғни кузда ҳам экиш мумкин. Уруғлар баҳорда экилганда қатқалоқ пайдо бўлиш хавфи туғилади. Бунинг олдини олиш учун қаторларга 1,0-1,5 см қалинликда ва 10 см кенгликда чиринди ёки қипиқ солинади. Енгил тупроқларда уруғ экилганидан сўнг кетма-кет қаторларнинг устига хаскаш билан 5-8 см қалинликда тупроқ тортиб қўйилади. Бу баҳорда ёмғирдан сўнгги бороналашда тез бузилиб кетади.

Кузда уруғлар октябрь охири-ноябрь бошларида; баҳорда эса уруғлар нишлай бошлаганда экилади. Стратификацияланган уруғларни жанубий ҳудудларда февраль охири-март бошларида, Хоразм вилояти ва Қорақалпоғистонда эса март охири-апрель бошларида; Ўзбекистоннинг қолган бошқа вилоятларида эса мартнинг биринчи ярми энг яхши муддат ҳисобланади. Кузда уруғи стратификацияланмайдиган қуруқ уруғлар экилади. Тоғолча, олча ва магалебканинг уруғи, мевалари териб олиниши билан стратификацияланади ва баҳорда экилади.

Уруғларни экиш чуқурлиги уларнинг катта-кичиклиги ва тупроқ сифатига қараб белгиланади: майда уруғлар юзароқ, йириклари чуқурроқ экилади. Уруғ мевалилар кузда енгил тупроқларда 3-3,5, оғир тупроқларда 2-2,5 см чуқурликда экилади. Олча, гилос ва антипка уруғлари енгил тупроқларда 4-5 см, оғир тупроқларда эса 5,5-6,0 см, ўрик, шафтоли, бодом уруғлари 8 см чуқурликда экилади. Бу уруғ баҳорда экилганида уларнинг экиш чуқурлиги 0,5-1 см камайтирилади. Кузда чуқурроқ қилиб экилган уруғлар баҳорда экилган уруғларга қараганда қишки совуқлар таъсирида ер бетига чиқмайди ва ёмғир ювиб кетмайди.

Экиш нормаси уруғларнинг йирик-майдалигига, уларнинг унувчанлигига, экиш муддатига ва пайвандтаг кўчатзорида уруғкўчатларнинг қалинлигига боғлиқ. Пайвандтаг кўчатзорига уруғлар бирмунча қалин экилади. Кузда экилганда экиш нормаси 10-15 % оширилади, чунки уруғларнинг бир қисми нобуд бўлиши мумкин.

Уруғлар лента усулида икки қатор қилиб, қаторлар ораси 20-25 см, ленталар орасида 70-80 см ёки қаторлар орасини 60-70 см қолдириб, бир қатор қилиб экилади. Уруғ-кўчатларнинг ўсиб кетиш хавфи бўлса, ленталар ораси 60-70 см, қаторлар ораси 6-10 см қилиб экилади. Бундай қалинликда экилганда гектарига: 30-40 кг олма, нок ва беҳи уруғи, 150-200 кг антипка уруғи, 250-300 кг олча ва ёввойи гилос уруғи, 400-500 кг тоғолча уруғи, 300-400 кг тиканли олхўри уруғи сарфланади.

Экиш тартиби. Камроқ миқдордаги уруғлар қўлда, кўп миқдордаги уруғлар эса механизация ёрдамида экилади.

Стратификацияланган уруғларни экишдан олдин қумдан яхшилаб тозаланади. Қўлда экилганда эса уруғлар маркёр ёки ип билан режа чизиғи олинган эгатларга қуми билан бирга экилади.

Баҳорда яхши нишлаган уруғлар экиладиган куни намланади ва олдиндан режалаб олинган эгатларга қўлда экилади. Уруғлар юмшоқ тупроққа секин ташлаб устига нам тупроқ тортилади. Экиш тугагандан кейин олдиндан тайёрлаб қўйилган эгатлардан сув берилади. Кузда олма, нок, антипка, олчанинг қуруқ уруғлари экилади.

Пайвандтагларни куртак пайванд қилишга тайёрлаш. Куртак пайванд қилишдан тўртбеш кун олдин пайвандтагларнинг танаси ер юзидан 15-20 см баландликдаги қисми шохчалардан ўткир боғ пичоғида яхшилаб тозаланади ва латта билан артилади, қатордаги кесаклар эгат ичига туширилиб, пайванд қилинадиган майдон кетма-кет суғорилади. Пайванд қилишдан олдин суғорилганида пайвандтаг танасида сув юриши ҳамда пўстлоқнинг кўчиши тезлашади.

Пайвандтагларнинг куртак пайванд қилингунича нормал ўсиши тупроқнинг олдиндан пухта тайёрланишига боғлиқ. Айрим хўжаликларда пайвандтаг экиладиган ерлар одатда 25-27 см чуқурликда ҳайдалади ва уруғли кўчат пайвандтаглари ёки данакли мева уруғлари экилади. Масалан, олма уруғидан етиштирилган бир яшар пайвандтаг кўчатлари илдизининг узунлиги 25-40 см ни ташкил қилади. Экиш олдидан кўчат илдизининг учи кесиб ташланади. Кейинги йилларда пайвандтаглар ва узум қаламчалари кузда чуқур ҳайдалган ерга экилганида кўчатнинг сифати бирмунча яхшиланади.

Деҳқонларнинг «ер ҳайдасанг куз ҳайда, куз хайдамасанг, юз ҳайда» деган ҳикматли сўзи бежиз айтилмаган, албатта. Ер кузда ҳайдалганида зараркунандалар тухуми қирилиб кетади. Тупроқнинг физик-кимёвий хусусияти яхшиланади, бегона ўтлар уруғи бирмунча йўқолади, тупроқнинг пастки қатламларида куз, қиш ва баҳорда тушган ёғин тўпланади. Чуқур ҳайдалган ерга органик ва минерал ўғитлар етарли берилса келгусида етиштириладиган ўсимликдан юқори ҳосил олиш учун замин яратилади.

Куртак пайвандга киришишдан олдин ўтказиладиган ташкилий ишлар. Куртак пайвандни бошлашдан олдин бирмунча ташкилий ишлар ўз вақтида амалга оширилиши лозим, шундагина пайвандлаш ишлари қисқа муддатда сифатли ўтказилиши мумкин.

Бунинг учун даставвал пайвандчи ва бойловчи мутахассислар етарли миқдорда тарбияланиши керак, куртак пайванд қилиш учун етарли миқдорда пайванд пичоғи, боғ пичоғи, ток қайчи, қайроқ, тасма, латта, челак, полиэтилен плёнка, махсус дарахтнинг шох-шаббаларидан қаламча тайёрлаш учун узун ёғочга ўрнатилган «ҳаво» қайчи, тахтачалар, қора қалам, юмшоқ эгилувчан сим, кўчатзор дафтари каби жихозлар олдиндан тайёрлаб қўйилиши лозим.

Кўчатчилик хўжалиги ўз олдига маълум мақсад қўйган ва режа тузиб олган бўлиб, унда қаердан қандай қаламча олиб келиниши белгиланган бўлади. Қаламча тайёрлаш учун махсус шахслар ажратилади. Улар ўз вақтида, етарли миқдорда планда белгиланган мевалардан қаламчалар етказиб беришлари керак. Меванинг тур ва навларини кўпайтиришда давлат режасига қатъий амал қилиниши зарур.

Манба: Ш. Ражаметов ва бошқалар (2018). Мева, резавор ва ток кўчатзорларини ташкил этиш бўйича ўқув-қўлланма.Тошкент: Baktria press.

Дўстларингизга ҳам улашинг!