МИНЕРАЛ ЎҒИТЛАР ҲАҚИДА АЙРИМ ҲАҚИҚАТЛАР

Азотли ўғитлардан масалан, аммиакли селитра тез таъсир қилувчи ўғит ҳисобланади. Сувда тез эрийди ва суғорилганда у тупроқда сақланиб қолмайди, экин унинг 60-70%ини ўзлаштиришга улгуради холос, қолган қисми эса сув билан ювилиб ҳавога учиб кетади. Шу сабабли тез-тез суғориладиган жойларда уларнинг йиллик меъёрларини ҳар бир суғоришда тақсимлаб, бўлиб-бўлиб ишлатиш лозим. Аммоний сульфат эса, сувда қийин эрийди, ўсимлик томонидан секин ўзлаштирилади,2-3 ой давомида таъсир этиб туриш хусусиятига эга. Шунинг учун ушбу ўғитни қумлоқ жойларда, ўз вақтида ўғит бериш имкони бўлмайдиган майдонларда ишлатиш мақсадга мувофиқдир. Сабаби, аммоний сульфат қийин эрувчанлиги туфайли тупроқда сақланиб қолиб, ўзида намни ушлаб туради, ўсимликнинг чанқаб қолишининг ҳам олдини олади. Ўсимликнинг сульфат аммоний таркибидаги азотдан фойдаланиш даражаси юқори бўлади. Карбамид ўғити ҳам худди шундай, сувда қийин эриб, узоқ таъсир қилиш кучига эга.

Фосфорли ўғитлар эса, тупроқ структурасини яхшилашда анча юқори самарадорликка эга. Бу ўғитлар азотли ўғитлардан фарқли ўлароқ, тупроқдан йўқолмайди. Фосфорли ўғитлардан муттасил фойдаланиш ҳеч қандай салбий ҳолатни келтириб чиқармайди. Балки тупроқда унинг заҳираси кўпайиб ўзлаштириш даражаси ортади. Шунинг учун режалаштирилаётган ҳосилни ортиғи билан олиш учун фосфорли ўғитларнинг тупроқ картограммаси асосида берилиши катта аҳамиятга эгадир. Бундан ташқари, қишлоқ хўжалигида калийли ўғитлар ҳам кенг қўлланилади. Калийли ўғитлар ўсимликни бақувват қилади, экиннинг ҳосил элементлари тўкилишининг олдини олади ёки уруғнинг тўқ бўлишини таъминлайди, ҳар хил касалликлар ёки зараркунандалардан шира, трипс ва ўргимчакканага қарши чидамлилигини оширади.

Манба: @AGROBLOGER канали

Дўстларингизга ҳам улашинг!