Мош экини ва унинг тупроқ унумдорлигидаги аҳамияти

Республикамизнинг суғориладиган майдонларидан бир йил давомида 2-3 марта ҳосил олиш имкониятини ҳисобга олиб, такрорий экин сифатида ўзининг таркибида юқори сифатли оқсил сақлайдиган ва мавжуд оқсил танқислиги муаммосини ижобий ҳал этадиган қишлоқ хўжалиги экинлари тури ва навларини тўғри танлаш ўта муҳимдир.

Турли тупроқ иқлим шароитида бир мавсум давомида ўртача 75-80 ц дан юқори ва сифатли дон ҳосили олиш мумкин. Бу кўплаб илмий тажрибалар ва илғор фермер хўжаликлари мисолида кузатилади. Шу нуқтаи назардан қараганда, кузги буғдойдан бўшаган майдонларда дуккакли дон экинлари майдонларини кенгайтириш эвазига, аввало, аҳолини тўйимли ва сифатли маҳсулотлар, чорва ҳайвонларини эса сервитамин, минерал моддаларга бой озуқа билан таъминлаш имконини беради.

Дуккакли дон экинлари ғўза, буғдой, шоли, каноп ва сабзавот экинлари учун яхши ўтмишдош ҳисобланади. Дуккакли дон экинларидан соя, ловия, нўхат, кўкнўхат кабилар қаторида мош ҳам ўз ўрнига эга. Дуккакдошлар (Leguminosae) оиласига мансуб бўлган мошнинг лотинча номи (Рhaseolusaureus Piper) бўлиб, ватани жанубий-ғарбий Осиё ҳисобланади. Мош қадимий экин бўлиб, деҳқончиликка бундан 5-6 минг йил олдин кириб келган.

Мош ёруғсевар, иссиқсевар, тупроқ қурғоқчилигига чидамли. Намликка бўлган талаби ўртача. Тўлиқ униб чиқиши учун уруғлари ўз оғирлигига нисбатан 120-150 фоиз атрофида намликни қабул қилади. Мош ботқоқ ва сизот сувлари яқин бўлган тупроқлардан бошқа ҳамма майдонларда ўсиб ривожланади. Уруғининг қийғос униб чиқиши учун ҳарорат камида 12-15 градус бўлиши керак. Ёзги жазирама мошнинг нормал гуллаб, юқори ҳосил беришига замин яратиб, яхши ривожланиши учун ҳарорат 18-22 градус, шоналаш-гуллаш фазаларида эса 20-25 градус энг қулай шароит ҳисобланади. Шунингдек, мош ўсимлиги кундузги иссиқ ва кечаси бўладиган салқин ҳавонинг ўзгаришига бардошлидир. Бундай шароит, мош анғиз (буғдой ёки арпадан бўшаган жой)да етиштирилганда ёзнинг иккинчи ярмида юзага келади. Мош такрорий экин сифатида етиштирилса, гуллаш даври бирмунча қисқаради. Баҳорда экилганда гуллаши 15-20 кун давом этади. Ҳосилдорлиги тупроқ иқлим шароитларини ҳисобга олган ҳолда апрель-май ойларида экилганда 20-24 ц/га бўлса, такрорий экин сифатида анғизда етиштирилганда эса 11,8-21 ц/га атрофида ўзгариб туради.

Анғизда такрорий экинларни етиштириш йўли билан суғориладиган ерларнинг самарадорлигини ошириш ушбу майдонларда дуккакли дон экинларини экиш, жумладан, мош етиштириш орқали 15-18 ц/га, бир йилда жами 75-85ц/га дон ҳосили олиш мумкинлигини мутахассислар таъкидлайдилар. Шу нуқтаи назардан олиб қараганда,1 тонна бошоқли дон етиштириш учун 50 кг азот, 35 кг фосфор ва 20-25 кг ўғитларни ўзлаштиради. Демак, ҳозирги кунда кузги буғдойни ҳосилдорлиги 48-50 цга эканлигини ҳисобга олсак, бир гектар ердан қанча миқдорда озуқа моддаси чиқиб кетишини ҳисоблаш қийин эмас. Шундай экан, деҳқончиликнинг асосий қонунларидан бири озуқа моддаларни тупроққа қайтариш қонунини четлаб ўтиб бўлмайди. Дуккакли дон экинларининг экин майдонларини кенгайтириш орқали тупроқ унумдорлигини сақлаш ва ошириш мумкин. Дуккакли дон экинлари илдизида туганак бактериялари тўпланиб, атмосферадаги молекуляр ҳолдаги эркин азотни ўзлаштириб, тупроқда биологик ҳолда 50-100 кг, баъзан 150 кг атрофида азот қолдиради. Биргина мош бутун вегетация даври мобайнида ўзидан кейин 2,5-4,0 тонна миқдорида илдиз қолдиқларини тупроқда қолдиргач, тупроқдаги қийин эрийдиган фосфор бирикмаларини ўзлаштиришга ёрдам беради. Мош – энг яхши сидерат экин. У кўкат ўғит сифатида ишлатилганда тупроқда 70 ц/га қуруқ модда тўпланади. Бу 100 кг азот демакдир. Илмий таҳлилларга қараганда, мош кўкат ўғит сифатида ишлатилганда ғўза ҳосили 40-60 фоизга ортган. Шу ўринда таъкидлаш лозимки, ҳаводаги эркин азотни дуккакли экинлар илдизлари яшовчи туганак бактерияларни ўзлаштириш механизмига ва салмоғи дуккакли дон ўсимликларининг тури, навлари, табиий иқлим шароити, етиштириш агротехникасига боғлиқлигини қайд этиш лозим.

Мош серҳосил экин ҳисобланади. Гектаридан ўртача 60-80 ц пичан ёки 240-300 ц гача кўк масса олинади. Кўк масса таркибидаги ҳазм бўладиган протеин миқдори маккажўхори барги ва унинг поясидагига нисбатан икки-уч баравар кўпдир. Маккажўхорини мош билан аралаштириб тайёрланган силос, озуқалик сифати юқорилиги билан фарқ қилади. Маълумки, кейинги йилларда экинлар структураси ўзгариб, суғориладиган майдонларнинг асосий қисмини кузги буғдой ва ғўза ташкил этмоқда.

Дуккакли дон ўсимликларини алмашлаб экиш учун алоҳида ер талаб этилмайди. Шунинг учун суғориладиган майдонлардан фойдаланишнинг ички имкониятларидан бири такрорий экинлар қаторида дуккакли дон, хусусан, анғизда мош етиштиришни катта майдонларда ташкил этиш лозим. Такрорий экинлар қаторида экиладиган экинни эртапишар навларини парваришлаб ҳосил олиш мумкин. Ҳозирда Давлат реестрига киритилган мошнинг «Қаҳрабо», «Наврўз» ва «Радость» навлари бор.

AGROBLOGER канали rra.uz dehqon.uz