Суғориладиган майдонларда мош етиштиришнинг интенсив технологияси

Ўзбекистон республикаси қишлоқ хўжалиги вазирлиги

Қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат таъминоти илмий ишлаб чиқариш маркази

Шоличилик илмий-тадқиқот институти

Суғориладиган майдонларда мош  етиштиришнинг интенсив технологияси бўйича тавсиянома

Тошкент-2020

УДК:633.3

Кириш

Бугунги кунда  дунёнинг барча давлатларида озиқ-овқат таъминоти масаласи устувор вазифалардан бирига айланган. Хусусан, сайёрамизда рўй бераётган глобал исиш жараёни туфайли баъзи худудларда  сув тошқинлари, баъзи худудларда эса хаддан зиёд сув танқислиги юз бераётганлиги, турли табиий офатларнинг кўпайиши, биринчи навбатда  қишлоқ хўжалиги соҳасига  ўзининг салбий таъсирини  кўрсатмоқда.

Дунёда аҳолини озиқ-овқат маҳсулотлари билан  мунтазам таъминлаш борасида  республикамизда қулай тупроқ-иқлим  шароитларидан келиб чиққан ҳолда ҳар йили бошоқли дон экинларидан бўшайдиган бир миллиондан ортиқ суғориладиган майдонларида 120-130 кун давомида такрорий экин сифатида маккажўхори, мош, соя, шоли, тариқ, кунжут, ем-хашак экинлари, картошка ва турли хил сабзавотлар экилиб, бир йилда икки мартагача юқори ва сифатли ҳосил етиштириш  имкониятлари мавжуд.

Ҳозирги вақтда юртимизда донли, дуккакли, мойли экинларга катта эътибор қаратилиб экин майдонлари кенгайтирилмоқда. Дехқончиликни ривожлантириш ва ердан унумли фойдаланиш учун катта имкониятлар очилди. Бугунги кунда энг асосий муаммолардан бири бу оқсил масаласи, яъни инсониятни оқсилга бўлган талабини қондириш. Бу масалани ечишда дуккакли дон экинларидан мош ўсимлигининг аҳамияти катта.

Мошнинг аҳамияти, келиб чиқиши ва тарқалиши.

Республикамиз шароитида кузги буғдойдан 60-70 ц/га, такрорий экин сифатида етиштириладиган мош экинидан эса 15-20 ц/га дон ҳосили етиштирилиб, бир мавсум давомида етиштириладиган дон ҳосилини 75-90 ц/га етказиш имкониятлари мавжуд. Ер юзида дуккакли-дон экинлари 135 млн.гектар майдонга экилади. Дуккакли-дон экинлари орасида мош экиладиган майдон ҳажми жиҳатидан жаҳонда соядан (дунё бўйича соя майдони 74 млн гектарга яқин) кейин иккинчи ўрин (25 млн гектарга яқин) ни эгаллаб, учинчи ўринда нўхот (дунёда жами 10 млн гектарга яқин) туради.

Марказий Осиё ва Кавказорти республикаларида мошдан озик-овкат саноатида кенг фойдаланилади. Мошдан тайёрланган ун макаронга кўшилса унинг тўйимлилиги янада ортади. Мош дуккакли-дон экинлар гурухига мансуб бўлиб, донида кўп микдорда 24-28 % оксил тўпланади. Ундан озик-овкат саноати билан бирга чорва хайвонлари  учун тўйимли ем-хашак хам етиштириш мумкин. Шунингдек мошнинг илдизларида туганак бактерия ривожланиб, эркин азотни ўзлаштириб, тупрок унумдорлигини оширади.

Илмий манбалардан маълум бўлишича, мош вегетация даври давомида  тупроқда 50-100кг\га биологик азот ва органик моддалар  тўплаб, ернинг табиий унумдорлигини ошириши билан бирга оқсил ва витаминларга бой бўлган шифобахш дон берадиган экиндир.

Мошнинг келиб чиқиши Хиндистон билан боғлиқ. Ҳозирги пайтда мош жуда кўп мамлакатларда экилади. Чунончи, Ўзбекистон, Туркманистон, Озарбайжон, Гуржистон, Хитой, Корея, Япония, Ҳиндистон, Покистон, Миср, Эфиопия ва бошқа давлатларда катта майдонларда етиштирилади.        Қишлоқ хўжалиги вазирлигидан олинган маълумотларга кўра, Республикамизда ҳар йили такрорий экин сифатида 23-27 минг гектардан ортиқ майдонларда мош етиштирилади.

Мош (Phaselus aureus Piper.)-бир йиллик ўтсимон ўсимлик. Илдизи. Ўсимлик ўқ илдиз бўлиб, бақувват ривожланганУ  тупроқда 110-140 смгача чуқурликда ўсади, аммо илдизнинг асосий қисми хайдалма  қатламда тарқалган.Пояси. Пояси думалоқ кўринсада, қиррали. Ўсиш даврининг  бошидан  шоналашгача тик, сўнг  чирмашиб ёки ярим ётиб ўсади. Бўйи 30-130 см гача бўлиб,  ўртача 50-60 см, яхши шохланади. Ён шоҳлар ёйиқ ёки тарвақайлаган ҳолда бўлади.

Барги. Барглари мураккаб учталик (уч қўшалоқ), 12-17 смлик барг бандида жойлашади, майда қорамтир  сарғиш туклар билан қопланган, тукчаларнинг ранги, қалин сийраклиги мошнинг нав белгиси ҳисобланади, барг бандлари йирик ва узун. Барг банди  ва баргининг орқа томонида  туклар кўп. Мошнинг барглари  ташқи кўринишидан ловиянинг барларига ўхшайди.

Тўпгули. Гуллари йирик, бинафша ва сариқ рангларда. Гули тўп бўлиб жойлашган. Гулининг 10-20 таси бир тупга бириккан. Шингилда гулнинг бир қисми ривожланмай қуриб қолади. Мош умуман барча дуккакли экинларнинг гуллари ўзидан чангланувчан бўлиб, уларнинг гули асосан ҳали очилмасдан шонани ичидалик ҳолида чангланади, гулга айланган гулни тожибаргларини юлиб очиб кўрилса унинг ичида шаклланниб улгурган ёки дуккаклари кузатилади.

Меваси. Цилиндрсимон шакллик учи учлик, тўмтоқ кўринишлик, навларига қараб ҳар хил даражада тукланган, пишиб етилганда тўқ қўнғир, қора ранглик, узунлиги 8.5-14.5 см гача бўлган дуккак. Дуккаклари чатнайди, аммо янгидан интродукциялаш асосида яратилаётган пояси тик ўсувчи навларнинг ўсимликларидаги дуккакларни  ички қисмида оқ  момиқсимон пух мавжуд бўлиб,  бу дуккаклар чантнамайди донлари тўкилмайди, уларни пўсти қаттиқ (пергамент қобиғи) қалинлиги  билан характерланади. Ҳар бир ўсимликда ўртача 46-78 донагача дуккаклар бўлиши мумкин. Ҳар бир дуккакда ўртача 8-12 донагача  мош уруғи жойлашади. Уруғи. Уруғлари кўпинча цилиндрсимон, юмалоқ шакллик, тўқ яшил, оч яшил, қўнғир яшил, оч сариқ, қора ранглик ялтироқ пўстли, баъзан қалин тукли, уруғ паллалик дон бўлади.

Ривожланиш даврлари ва ташқи мухитга бўлган талаби.

Мош индивидуал ривожланиш даврида бир қатор органогенез босқичларини ўтайди. Улар қуйидаги фазалардир.1)Бўртиш; 2)униб чиқиш; 3)поянинг шохланиши; 4)шоналаш; 5)гуллаш; 6) дуккаклар ҳосил бўлиши; 7)пишиш; 8) тўла пишиш

      

Иссиқликка талаби. Мош иссиқликни энг кўп талаб қиладиган экинлардандир. Ўсимликларнинг  нормал  ўсиши ва ривожланиши учун  юқори харорат даркор. Уруғи 8-10 даража иссиқда униб чиқа бошлайди, аммо уруғларини тез ва қийғос  униб чиқиши ҳарорат ўртача 12-14ОС бўлганда кузатилади, уруғини эрта экилганда униб чиқиши  чўзилиб кетади, уруғларини  бир қисми  чириши мумкин. Бу жихатдан мошни такрорий экин сифатида экиш унинг иссиқликка бўлган талабига жуда мос келади ва 3-4 кунда тўла униб чиқади. Мош учун 18-22 даража ҳароратда энг мақбул шароит яратилади. Жазирама иссиқда ҳам бемалол гуллаб, ҳосил тугаверади. Мошнинг тезпишар навлари учун фойдали ҳарорат йиғиндиси 1800оС, ўртапишар навлари учун 2000ОС ҳисобланади.

Ёруғликка талаби. Мош ёруғликка талабчан ўсимлик ҳисобланади. Мош ҳам узун, ҳам  қисқа кун ўсимлиги  ҳисобланади. Ўсиш даврининг  биринчи, яъни  гуллагунга қадар  даври анча чўзиқ ҳисобланади. Мошни соя жойларда (боғлар орасида) ўстириш мақсадга мувофиқ бўлмайди, чунки соя жойларда ўстирилган мошнинг поясидаги бўғим оралиқлари чўзилади, поя ингичкалашади, ҳар тупда шаклланадиган мева қисмлари камаяди, оқибатда унинг ҳосилдорлиги пасайиб кетади. Намга талаби. Намга бўлган талабига қараб мезофит  ўсимликлар  гуруҳига  киради. Мош уруғлари тез бўртади, бунинг учун уруғнинг қуруғ оғирлигига нисбатан 90-92 % миқдорида сув талаб этади. Мош ўстирилган тупроқдан нам қочса ўсимликнинг ривожланиши ва  махсулдорлигига таъсир кўрсатади. Мош униб чиқиши учун ловиянинг бошқа  турларига  қараганда  камроқ  сув талаб қилади, тезроқ ниш отади. Экилгандан 3-4 кун кейин майса пайдо бўлиши мумкин (ловиянинг бошқа турларида экилгандан 6-12 кун кейин майса кўзга ташланади). Гарчи мош экини жазирама  иссиққа чидамлилиги жиҳатидан ажралиб турсада, ҳар ҳолда  у қуруқ тупроқда  суст ривожланади. Шу боисдан ҳам тупроқни  сернам ҳолатда тутиш мошнинг ривожланиши ва ҳосилдорлигига таъсир кўрсатадиган ғоят муҳим шартлардандир.Тупроққа талаби. Мош биологик хусусиятларига кўра тупроққа  нисбатан  талабчан эмас. Қора, бўз, ўтлоқи бўз, қумоқ, соз, сал шўрланган тупроқларда  яхши ўсиб ривожланади. Ўтлоқи бўз тупроқлар Ўзбекистонда мош экиш учун энг яхши тупроқ ҳисобланади. Тупроқ таркибида озиқ моддалар кам бўлса ҳам мош илдизидаги  туганак бактериялар ёрдамида ўзини-ўзи азот билан  таъминлайди.

Мошнинг районлаштирилган ва истиқболли навларининг тавсифи.

   Наврўз нави–Ўзбекистон шоличилик илмий-тадқиқот институтида танлов йўли билан яратилган бўлиб, 2005 йилда Давлат реестрига киритилган. Дон ва кўк поя олиш учун асосий экин сифатида ҳамда такрорий экин сифатида анғизга буғдойдан кейин экишга тавсия этилади. Пишиш даври 90-95 кун, ҳосилдорлиги гектаридан 14-16 ц, ўсимлик бўйи 95-100 см, уруғда оқсил моддаси 22-24 %, 1000 дона уруғ вазни 60-65 г, поя кўриниши штампали, гули сариқ, эртапишар нав, экиш муддати асосий экинда 20-25 апрел, такрорий экинда 20 июнгача уруғ экиш меъёри 10-12 кг.

    Қахрабо нави- Ўзбекистон шоличилик илмий тадқиқот институтида яратилган бўлиб, 2005 йилдан Давлат реестрига киритилган жуда  эртапишар нав бўлиб, баҳорда экилганда 90-95 кунда, такрорий экилганда 80-82 кунда пишиб етилади. Ҳосилдорлиги  баҳорда экилса гектарига 18-20 центенрдан, такрорий экилганда гектарига 14-15 центенрни ташкил этади.1000 та донининг вазни 55-60грамм, поясининг шакли тик ўсувчан лиги билан характерланади, ҳосили механизмлар ёрдамида йиғиб олишга мос. Экиш муддати асосий экинда 25 апрел-5май, такрорий экинда 20 июнгача  уруғ экиш меъёри 14-16 кг.

Радость нави Ўзбекистон шоличилик илмий тадқиқот институтининг селекцион нави. Бутуниттифоқ Ўсимликшунослик институтининг N\4730х224501 намуналарини чатиштириш йўли билан яратилган. Х.1984 йилдан республика бўйича суғориладиган ерларда Давлат реестирига киритилган. Ўсимлик ярим бута шаклда. Ўсув даври 101 кун. Ўсимлик бўйи 60-70см. Ҳосилдорлиги 17.2ц\га, дон таркибидаги оқсил 24-27%. Гули йирик.сариқ.шингилда 6-8 та гул бўлади. Дуккаги цилинрсимон. Биринчи дукаклари 15-17см баландликда жойлашган. Сийрак,тукли. 10-14донли. Дони ўртача катталикда, узунчоқ, цилиндрсимон, хира-яшил,силлиқ. ялтироқ.палласи ва кертиги оқ. 1000 дон оғирлиги 39-40гр.Таъми сифати яхши. Қишлоқ хўжалик касалликлари ва зараркунандаларига чидамлилиги билан характерланади.  Экиш муддати асосий экинда 20-25 апрел, такрорий экинда 20 июнгача уруғ экиш меъёри 12-15 кг.

Дурдона нави. Мошнинг “Дурдона” нави Ўзбекистон Ўсимликшунослик илмий тадкикот институтида яратилган ва 2008 йилда Давлат реестрига киритилган. Тезпишар нав бўлиб, биринчи дуккак майсалари униб чиққандан сўнг 60-63 кунда пишади. Бутунлай пишиш вақти 90-95 кун. Дуккаклари поясини устки қисмида шаклланади, 20-25 дона  бўлади ва терим учун қулайдир. Дон ҳосилдорлиги 25.0-28.5 ц/га ташкил этади. 1000 уруғ вазни 85-87 г. Универсал нав. Сабзавот ва ғалла экинлари билан алмашлаб экиш зироатида муффақиятли фойдаланиш мумкин. Тупроқ унумдорлигини оширади.         Ўсимликлари юқори кўчат қалинлигига эга, озиқланиш майдони 10-15х15 см. Баҳор хамда ёз мавсумида экишга ва тўлиқ ҳосил олишга яроқли. Турли хил таомлар тайёрлашда фойдаланиш мумкин. Ўсимликнинг кўк массаси чорва учун тўйимли озуқа ҳисобланади. Экиш муддати асосий экинда 25 апрел-10 май, такрорий экинда 20 июн-10 июлгача уруғ экиш меъёри 10-12 кг.

Турон нави. Мошнинг “Турон” нави Ўзбекистон Ўсимликшунослик илмий тадкикот институтида яратилган ва 2012 йилда Давлат реестрига киритилган.

Ўртапишар нав бўлиб, биринчи майсалари униб чиққандан сўнг 65 кун ўтганда биринчи дуккаги пишади. Бутунлай тўлиқ пишиш вақти эса 100 кун. Дуккаклари устки қисмида  шаклланади,  сони 20-25 дона бўлади ва терим учун қулайдир.  Дон хосилдорлиги 29.0-31.0 ц/га ташкил этади. 1000 дона уруғ вазни 82 г.

Анғизда мош етиштириш. Мамлакатимизда кузги бошоқли-дон экинлари йиғиштирб олинганидан кейин, уларнинг ўрнига такрорий экинлар етиштириш учун қулай имконият бор. Айтайлик, бошоқли-дон экинлари 15-20 июн муддатида йиғиштирб олинса,  ундан кейин тўрт ой, 120-130 кун иссиқ ва ҳароратли кунлар  давом этади. Шу ойлар мобайнида 1600-18000 С фойдали ҳарорат йиғиндисини заминимиз қабул қилади. Бу эса  республикамизда кузги бошоқли дон экинларидан кейин такрорий экинлар экиб, ҳосил олиш  имкониятини беради.

Мош ем-хашак, сабзавот, дон экинлари учун ажратилган далаларга экилади. У жуда кўп экинлар, маккажўхори, кузги бошоқли дон экинлари, картошка сабзавот экинлари, ғўза учун яхши ўтмишдош.

Тупроқни экишга тайёрлаш. Тупроққа экиш олдидан ишлов беришнинг мақсади-бегона ўтларни йўқотиш, уруғларнинг бир текис чуқурликка қадалиши учун юқорги қатламнинг муқобил юмшоқлигига эришиш, тупроқ юзасини текислаш ва асосан тупроқ намлигини сақлаб қолиш, унинг тупроқ юзасидан буғланишини камайтиришдир.

Тупроққа экиш олдидан ишлов бериш унинг механик таркиби,  ифлосланганлик даражаси ва намлик шароитларига боғлиқ  равишда турлича технологик жараёнларни  ўз ичига олади.

Мош баҳорда экиладиган бўлса дала 22-25 см чуқурликда чизелланади. Эрта баҳорда бороналанади ва икки марта, биринчиси 10-12 см чуқурликда, иккинчиси 6-8 см чуқурликда культивация қилинади, бороналанади, мола босилади.

Мош анғизга экилганда биринчи экин ҳосили тез йиғиштириб олинади, дала суғорилади, ер етилиши билан 20-22 см чуқурликда ҳайдалади, бороналанади кейин  талаб қилинса мола бостирилади. Ерда йирик кесаклар ҳосил бўлса, оғир бороналар ёки ҳалқали ғалтаклар билан ишлов берилади. Қатор оралари ишланадиган экинлардан кейин дала бегона ўтлардан тоза, яхши ишланган бўлса, ерни ҳайдамасдан 10-12 см чуқурликда культивация қилиб юмшатиш кейин бороналаб, мола бостирилиб ер экишга тайёрланади.

Ўғитлаш. Мош тупроққа солинадиган минерал ва органик ўғитларга  нисбатан жуда таъсирчан бўлади. Бу хилдаги ўғитлардан ҳосилдорлик  кўтарилибгина қолмай, уруғларнинг сифати ҳам яхшиланади.

Дуккакли дон экинлари айниқса мош экиладиган ерга фосфорли ва калийли ўғитларни солиш жуда фойдалидир, чунки улар илдизда  туганак пайдо бўлишига ижобий  таъсир кўрсатади. Мош фосфорли, калийли ўғитларга талабчан, баҳорда экилганда гектарига 30-40 кг азот, 60-90 кг фосфор, 30-60 кг калий солинади. Ўғит нормаси хўжаликнинг тупроқ –иқлим шароитига қараб ҳамда экиннинг агробиологик хусуситяларига кўра  ўзгариши мукин. Фосфорли, калийли ўғитлар ерни кузда шудгорлашдан олдин берилади. Азот экиш олдидан култивация билан солинади. Органик ўғитлардан чириган гўнг гектарига 10-15 т солинганда уруғ ҳосили сезиларли даражада ошади.

   Экиш муддати Мош иссиқсевар ўсимлик бўлиб, ниҳолларнинг қийғос униб чиқиши учун тупроқ  етарли даражада  қизиган бўлиши керак. Ҳаддан ташқари эрта муддатларда, яъни  тупроғи сернам ва ҳарорати паст пайтларда  экилган мош сийрак унади, ниҳоллари  илдиз чириш касаллигига чалинади, бу эса ҳосилдорликнинг пасайишига  олиб келади. Шунингдек экиш муддати навнинг биологик хусусиятлари ва даланинг ифлосланганлик  даражасига ҳам  боғлиқдир. Экиш баҳорда ва анғизда–ёзда ўтказилади. Ўзбекистоннинг жанубий вилоятларида мош экиш учун энг мақбул муддат апрелнинг биринчи ўн кунлиги, қолган вилоятлар учун иккинчи ўн кунлик ҳисобланади. Бунда тупроқ 12-140С қизиб, совуқ тушиш хавфи йўқолган бўлади. Анғизга экилганда июн ўртасида ёки охирида экилади. Мош уруғлари анғизда 10 июлгача экиб тугалланиши лозим. Жуда кеч экилса ҳосил совуқдан зарарланиши ёки донлар етилмасдан қолиши мумкин.

Экиш меъёри. Мутахассисларнинг таҳлиллари натижасида, мош ҳар гектар ер ҳисобига 400 минг дона кўчат ҳисобида 1 июлда экилганда октябрь ойининг ўртасида  дон ҳосили 18.6-19.3, шу қалинликда 15 июлда экилганда 17.2-18.4 ва 1 августда экилганида эса 15.3-17.6 ц\га ни ташкил этди.

Дон учун экилганда қаторлаб экишда  уруғ экиш меъёри гектарига 12-15 кг, яшил массаси ёки яшил ўғит (сидерат) учун экилганда экиш меъёри 50-60 кг/га оширилади ва ёппасига экилади .

Экиш усули. Мош уруғлари қатор оралари 45-50 см, ёки лента усулида қўш қаторлаб ленталар ораси 45 см қилиб экилади. Бунда қўш қаторлар ораси 13-15 см бўлади. Бегона ўтлардан тоза, яхши ишланган далаларда мошни қаторлаб (15 см) экиш мумкин.

Экиш чуқурлиги. Мошнинг уруғлар пневматик сеялкалардан СПЧ-6-8, янги замонавий сеялкаларидан фойдаланиб жойлаштирилади. Мош суғориладиган майдонларда нам тупроққа 3-4 см, нами қочган тупроқларга  эса 5-6см чуқурликда экилади. Мош уруғининг тозалиги 98,5 %, унувчанлиги 92 % дан кам бўлмаган юқори синф уруғлари экилади.

      Парваришлаш. Мошни парваришлаш комплекс тадбирлардан иборатдир. Бунга қатор ораларини культивация қилиш, суғориш, бегона ўтларни йўқотиш, зараркунанда ва касалликларга қарши кураш ҳамда экинларни озиқлантиришдан иборатдир. Тупроқнинг ҳолатига, экиннинг аҳволи, сувнинг мавжудлиги, ўғитлар ва бошқа шарт-шароитларга қараб  ишларнинг миқёси ўзгарувчандир. Мош ўсув  даврида,  шоналаш-гуллаш ва дуккаклар ҳосил бўлиш даврида гектарига 800-1000 м\куб меъёрида 3-4 марта суғорилади Анғизга экилганида суғориш сони сизот сувлар сатҳининг жойлашишига қараб 1-2 марта суғорилади. Ўрганишлар натижасида  мошнинг ўсув-амал даврида суғориш меъёрлари оширилиб, 900м3\га етказилиб, тупроқ 70-75-65 фоиз намликда  ушланганда 29.9ц\га ҳосил берди. Демак, намликнинг оширилиши мош ҳосилдорлигини ошишига олиб келади.Ўсимликларда биринчи 3 талик барг пайдо бўлиши билан қатор ораларини 6-8 см чуқурликда, иккинчи марта тўла гулга кираётганда 10-12 см чуқурликда культивация қилиниши зарур. Бу тупроқларни ғоваклигини ошириб ўсимликнинг яхши ўсишини таъминлайди, тупроқдаги  микроорганизмларни яхшироқ ишлашига шароит яратилиб туганак  бактерияларнинг фаолияти эртароқ бошланади ва дала бегона ўтлардан тозланади ,тупроқда нам сақланади. Бегона ўтларни қолдирмаслик учун далани  кетмон чопиғи ёки ўтоқ қилинади. Мош сидерат экин сифатида экилганида, дуккакларнинг ҳосил бўлиши  билан кўндалангига мола босилади, дискаланади ва 27-30 см чуқурликда хайдаб ташланади.Етиштирилган ҳосилни ўриб-янчиб олиш. Дуккакли дон экинлар ҳосилини ўриб-йиғиб олиш муддати ҳар қайси экин учун алоҳида  белгиланади. Мош дуккаклари тўлиқ пишиб етилган пайтда ўрилса дуккаклари чатнаб кетилиши натижасида ҳосилнинг кўп қисми нобуд бўлади. Мош дуккаклари бир текис етилмайди. Пишган дуккаклари қораяди, донлар ўз навига хос тусга киради. Дуккаклари 70% етилганда  ўрим-йиғим бошланади. Янчилган тозаланган уруғлар намлиги 15% дан ортиқ бўлмаган ҳолда, қопларда ёки тўкилган холда, шамоллатилган биноларда сақланади.

 

Ушбу тавсиянома қ.х.ф.д. профессори Х.Н Атабаева қ.х.ф.н. к.и.х М.А Саттаров ва тадқиқотчи Х.А.Идрисовлар  томонидан тайёрланди.

     Ушбу қўлланма қишлоқ хўжалик мутахассислари, мош етиштирувчи фермер ва томорқа хўжаликлари ходимлари, илмий ходимлар ва кенг китобхонлар оммасига мўлжалланган.

    Тақризчилар; Юлдашева З қ.х.ф.н. доцент, Тошкент давлат аграр университети “Соя ва бошқа мойли экинлар”  кафедра мудири.

    Джуманов.З.Н Шоличилик илмий-тадқиқот институти катта илмий ходим  қ.х.ф.н.

Манба: iim.uz