Нок парваришлаш

Экиш учун тавсия этиладиган нок навлари: Вильямс, Лесная Красавица, Любимица Клаппа, Оливье де Серр, Подарок, Старкримсон ва ҳ.к.

Кўчатларни экишга тайёрлаш ва экиш. Кўчатларни экишга тайёрлашда аввало, томорқа майдонида сувнинг юриши ҳисобга олиниб, ер яхши текисланади. Майдоннинг ҳар квадрат метрига 6–10 кг гўнг (чиринди), 200–250 г фосфор, 100–120 г калий ва 150–200 г аммонийли азот ўғити солиниб, чуқур (25–30 см) ҳайдалади.

Нокни пайвандтагларига қараб экиш схемаси ўзгаради: кучли ўсувчи пайвандтагда – 6×5 м (суғориладиган бўз тупроқларда) ва 5×5 м (шағалли-қумли тупроқларда), ўрта бўйли пайвандтагда 5×4 м, паст бўйли пайвандтагда – 3×2,5 м (3 м – кўчат қаторлари орасидаги масофа, 2,5 м – кўчатлар орасидаги масофа). Олма кўчатларини экиш муддати кузда ноябрь ойига, эрта баҳорда эса февралнинг охири–март ойининг бошларига тўғри келади.

Кўчат экиш учун чуқурлиги ва кенглиги 60×60 см бўлган чуқурчалар ковланади. Чуқур қазишда тупроқ устки қисмининг 20–25 см қатлами ўранинг бир томонига, қолган қисми иккинчи томонига олиб қўйилади. Ўрага 350–400 г фосфор, 30–40 г калий ўғити ҳамда 8–10 кг чириган гўнгни тупроқ билан аралаштириб солиб, кейин кўчат экилади. Кўчатни экишдан олдиндан тайёрлаб қўйилган шалтоққа (янги мол гўнги тупроқ билан 1:1 нисбатда аралаштирилиб, қаймоқсимон масса тайёрланади) ботириб олиш лозим.

Кўчат ўрага тик ҳолда қўйилиб, тупроқ билан кўмилади. Кўчатни пайванд қилинган жойи тупроқдан 4–5 см юқорида қолиши керак. Кўчат экилгандан сўнг ҳар бир чуқурга тўлатиб сув қуйилади. Шунда тупроқ зичланиб, ниҳол яхши кўкаради. Тупроқ чўккандан сўнг кўчат атрофига тупроқ солиб, тўлдирилади. Кўчатлар тупроқнинг намлигига қараб вақти-вақти билан суғориб турилади.

Томорқа майдони 3 сотих бўлса, ушбу майдоннинг қуёш тушадиган шарқдан жанубга қараган томонга нокнинг ўрта бўйли эртаки, ўртаки ва кечки навларидан 2–3 тупдан экиш тавсия қилинади. Томорқа майдони 0,06 га бўлса, ярмига сабзавот экинлари, қолган қисмига эса мевали дарахтлар, 0,10 га бўлганда сабзавот учун майдон қолдириб, қолган каттароқ қисмига мевали кўчатларни жойлаштириш мумкин.

Парваришлаш. Дарахтларга баҳорда ярусли (қаватли) қилиб шакл берилади. Бунда дарахтнинг биринчи қаватида 3–4 дона асосий шох қолдирилади, қолганлари қирқиб ташланади. Иккинчи қават шохлари асосий шохлардан 30–40 см, биринчи қават шохларидан 25–30 см масофада қолдирилади. Учинчи қават шохлари ҳам шу зайлда шакллантирилади. Шакл беришда шох-шаббаларнинг бир-бирига соя беришининг олди олиниб, бир маромда сийраклаштирилади.

Дарахт ҳосил қилмайдиган йилида буташ тизими қуйидагича амалга оширилади: шу йили ўсиб чиққан новдалар кучлироқ калталаштирилади, ҳалқасимон мева шохлари сийраклаштирилади, мураккаб ҳалқасимон шохлар калталаштирилади. Дарахтлар ҳосил берган йили новдалар 35–40 см ўсган эски шохларига тақаб қирқилади. Бир йиллик новдаларни қисқартириш ҳосил куртакларини кўпайишига олиб келади.

Томорқадаги нок дарахтларига 300–350 г азотли, 250–300 г фосфорли ва 200–250 г калийли ўғитлар соф ҳолда солиниши тавсия қилинади. Ҳар 2–3 йилда ўртача 50–60 кг чириган гўнг солиш ҳосилдорликни оширади.

Бўз тупроқларда олма дарахтлари ўсув даври мобайнида 4–6 марта, шағалли ерларда 10–12 маротаба суғорилади.

Касаллик ва зараркунандаларга қарши курашиш. Нок дарахтига зараркунандалардан нок шира бургаси, мева канаси, касалликлардан калмараз (парша) зарар келтиради.

Нок шира бургасига қарши эрта баҳорда Цепиметрин 25 % эм.к. (10 л сувга 20 г) пуркалади. Ушбу препаратлар бўлмаганда тамаки қайнатмасидан фойдаланиш мумкин. Мева канасига қарши Перфекто 17,5 % сус.к. (10 сотихга 15–20 мл) пуркалади.

Нокнинг калмараз (парша) касаллигига қарши Бордо суюқлигининг 3 фоизли (100 л сувга 3 кг мис купороси ва 3 кг сўндирилмаган оҳак) эритмаси сепилади. Касалликларга қарши тадбирлар дори воситалари куртаклар ёзилгунига қадар ўтказилади.

Ҳосилни йиғиштириш. Нок мевалари бандига зарар етказмасдан терилади. Баъзи маҳаллий навлар терилганидан сўнг маҳсус иссиқ шароитда сақланганида ўзига хос юмшоқликка эга бўлади. Кечки навлар терилганидан кейин сақлашга қўйилса, улар бир неча ҳафта ўтгач пишиб, истеъмолга яроқли бўлади.

Манба: mehnat.uz

Дўстларингизга ҳам улашинг!