Нок қандаласи ва қарши кураш чоралари

Зарари. Олма, нок, беҳи, гилос, олча, олхўри, ўрикда личинка ва етуги барг ширасини сўради, баргларни ўз тезаги билан ифлослантиради ва рангсизлантиради, ассимиляция хоссасини бузади.
Қаттиқ зарарланган дарахтларнинг ҳосили камаяди, кейинги йил мева куртакларида ҳосил бўлмайди.
Таърифи. Вояга етган қандаланинг узунлиги 3–3,5 мм булиб, қорақўнғир рангда, олдинги қанотлари сербар, ойнадек тиниқ бўлади.
Нотўғри шаклдаги қорамтир доғлари ва томир турлари бор. Шу сабабли қанотлари тўр кўринишини олади, орқа қанотлари камбар бўлади. Урғочисининг қорин учи юмалоқланган, тухуми 0,4 мм, кулранг-қора, чўзиқ бўлади. Личинкаси 0,6–2,3 мм, ясси узунчоқ, очқўнғир, учинчи ёшдан бошлаб қанот бошланғичлари пайдо бўлади.
Ҳаёт даври. Етук зоти хазон ости, пўстлоқ ёриқлари ва бошқа ҳимояланган жойларда қишлайди. Апрель бошларида ўйғониб дарахтларга кўчади. Урғочиси олма ва нок гуллаш даврининг охирида барг орқасига, этининг ичига 7–8 тадан қилиб, жами 400 тагача тухум қўяди. Тухумдан 20–30 кунда личинка чиқиб, 25–30 кунда вояга етади. Вояга етган қандала ва личинкалар баргнинг остки томонидан ширасини сўриб зарарлайди. Кучли зарарланган барглар рангсизланади ва баргнинг остки томони қандала тезаги билан бўялиб қopa доғ бўлиб қолади. Июнда биринчи бўғиннинг
вояга етганлари пайдо бўлади, улар дарҳол урчийди ва тухум қўя бошлайди. Августда кўп миқдорда чиқиб катта зарар етказадиган ҳамда қишлашга кетадиган иккинчи бўғиннинг вояга етганлари пайдо бўлади. Йилига иккита авлод беради.
Кураш чоралари. Вегетация даврида таркибида ацетамиприд, имидоклоприд ёки диметоат бўлган препаратлар билан ишлов берилади.

Кимёвий усул:

1. Лансер 75% э.кук — 1кг/га;
2. Конфидор, 20% эм.к — 0.2л/га (Агровитал, Багира, Брайт, Имида-
макс, Пиларкинг, Энтолучо);
3. Би-58-янги 0,8-2,0 л/га (Блитц, Данадим Эксперт, Димет);
4. Карбофос (Фуфанон), 57% эм.к. (1,0-3,0 л/га).

Маълумотнома Шухрат Аброровнинг Ўзбекистонда Замонавий Интенсив
Олма Боғлари китобига асосланиб тузилган.

Дўстларингизга ҳам улашинг!