НЎХАТ ЭКИНИ ЎСИШИ ВА РИВОЖЛАНИШИГА УРУҒ ЎЛЧАМИНИНГ ТАЪСИРИ

И.Ҳ.Ҳамдамов, Б.Ш.Шукуруллаев (1991); Н.Н.Балашова (2003) ларнинг таъкидлашларича, нўхат донининг таркибида 30% гача оқсил, 4% гача крахмал, 8% гача,  В1 В2, В6, А, РР витаминлари, микроэлементлардан кобальт, мис, темир ҳамда лицетин ва аскорбин кислотаси учрайди. Нўхат уруғи бўктириб ўстирилгандан сўнг100 г қурук массасида 1 кундан сўнг 18 миллиграммгача, 3 кундан сўнг 66,7 миллиграммгача ва 10 кундан сўнг эса 147,8 миллиграммгача витамин С ҳосил бўлади (Балашова, Мирошниченко,Павлова 1953; Балашова 2003). Олимларнинг кузатишларича, суғориладиган ерларда нўхат уруғининг йириклиги ўсимликнинг ўсиши ва ривожланишига катта таъсир кўрсатиб, гектаридан 24-32 центнергача дон ҳосили олиш мумкин экан. Биз ўз тажрибаларимизда нўхатнинг “Умид” ва “Узбекистанский-32” навлари уруғ ўлчамининг ривожланиш фазаларига, уруғ ўлчамининг ўсимликнинг бўйига, биометрик кўрсаткичларига, ҳосил элементларининг шаклланишига кўрсатган таъсирини ўргандик. Тажрибаларимизни Самарқанд вилояти Пайариқ тумани ўтлоқи бўз тупроқларида, эрта баҳор экиш муддатида, 60х12 экиш схемасида, 3-вариантда яъни 500- 400, 400-300 ва 300-280 мг ўлчамли уруғларини 3-такрорийликда экиб олиб бордик.

Уруғ ўлчамини нўхат экинининг фенофазаларига (уруғнинг униб чиқиши, ғунчалаш, гуллаш ва дуккагининг етилиши ва пишиши) кўрсатган таъсири ўрганилганда, “Умид” навида уруғ ўлчами 500-400 мг ли, уруғлар 400-300 ва 300-280 мг ли уруғларга нисбатан 2-3 кун олдин униб чиқди. Кейинги ривожланиш фазаларининг ўтиши ҳам 500-400 мг уруғлиларда анча олдин кузатилди. Чунончи 500-400 мг ли уруғларнинг ғунчалаши 2 апрелда, ялпи гуллаши 14 майда, дуккагининг ялпи пишиб етилиши 10 июлда кузатилган бўлса, бу кўрсаткич мос равишда 400-300 мг ли уруғларда 2 апрел, 18 май ва 22 июлда ва 300-280 мг ли уруғлардаэса 10 апрел, 22 май ва 29 июлда кузатилди. Ёки 500-400 мг лиуруғлар экилганда уларда ҳосил бўлган ўсимликлардаги дукка клар уруғ ўлчами 400-300 мг ли ўсимликлардаги дуккакларнинг етилишидан 12 кун ва 300-280 мг ли уруғларда эса 19 кун олдин пишиб етилди. Худди шундай қонуният “Узбекистанский-32” навида ҳам қайд қилинди. Уруғ ўлчамининг ўсимликнинг бўйига ва биометрик кўрсаткичларига таъсири ўрганилганда эса ўсимлик бўйининг баландлиги уруғ ўлчамига қараб ўзгариб борди. Олинган маълумотлардан шу нарса аниқ бўлдики, уруғ ўлчами қанчалик катта бўлса, ўсимликнинг  бўйи ҳам баланд бўлди ва энг юқори кўрсаткич “Узбекистанский-32”  навига нисбаттан “Умид” навида кузатилди. Уруғ ўлчамининг камайиб бориши эса паст бўйли ўсимликларнинг шаклланишига олиб келди. Чунончи, уруғ ўлчами 500-400 мг бўлса, ундан ҳосил бўлган ўсимликлар бўйи 113,6 см гача борди. Бу кўрсаткич 400-300 мг ли уруғларда 99,1 см ни ва 300-280 мг ли уруғларда 90,2 см ни ташкил этди. Ёки 500-400 мг ли уруғлардан ҳосил бўлган ўсимликлардан бўйи 400-300 мг ли уруғлардан ҳосил бўлган ўсимлик бўйидан 14,5 см ва 300-280 мг ли уруғлардан ҳосил бўлган ўсимликдан эса 23,4 см баланд бўлгани қайд қилинди. Худди шундай қонуният “Узбекистанский-32” навида ҳам кузатилди.

Ўсимликнинг остки дуккакларнинг ердан баландлигига уруғ ўлчамининг таъсирини кузатганимизда ҳам энг юқори натижа 500-400 мг ли уруғларда “Умид” навида остки дуккакнинг ердан баландлиги 44,5 см, “Узбекистанский-32” навида 34,7 см ни ташкил этган бўлса, бу кўрсаткич 400-300 мг ли уруғларда Умид нави 43,4 см, Узбекистанский-32 навида эса 34,0 см ни ташкил этди.

Тажрибамизда битта ўсимликдаги дуккаклар ва дуккакдаги донлар сонига уруғлар ўлчамининг таъсирини ҳам кузатганимизд варианлар ўртасида кескин фарқлар борлиги аниқланди. Чунончи, “Умид” навининг 500-400 мг ли оғирликда бўлган уруғлардан ҳосил бўлган битта ўсимлик тупида 174,0 та дона дуккак ва 244,4 дона уруғ ҳосил бўлган бўлса, бу кўрсаткич “Узбекистанский-32” навида 132,3 ва 214,1 донани ташкил этди. Бу соҳада энг кўп дуккак ва донлар сони “Умид” навида кузатилиб, унда ҳосил бўлган уруғлар “Узбекистанский-32” навидагига қараганда 29,7 донагача дуккаги ва 30,3 донагача уруғи кўп бўлганлиги қайд қилинди.

Худди шундай қонуният “Узбекистанский-32” навида ҳам кузатилди. Хулоса  қилиб  айтиш  мумкинки,  тажрибаларимизда суғориладиган ерларда нўхат навлари уруғ йириклигининг ўсимликнинг ривожланиш фазаларига, бўйига, биометрик кўрсаткичларига, ҳосил  элементларининг шаклланишига таъсири ўрганилганда энг юқори кўрсаткичлар нўхатнинг “Умид” навида, йирик, 500-400 мг ли оғирликдаги донли уруғлар экилганда кузатилиб, 400-300 ва 300-280 мг уруғ ўлчамли вариантларга нисбаттан экиннинг ҳосилини эрта пишиб етилиши, остки дуккакларни ердан баланд бўлиши, ўсимлик бўйининг баланд бўлиб механизация ёрдамида териб олишга ёрдам бериши, дуккаклар ва дуккакдаги донлар сонининг кўп бўлиши аниқланди.

Собир МУСТАНОВ, қишлоқ хўжалик фанлари номзоди, доцент, Гўзал СУВОНОВА, катта ўқитувчи, Зарнигор МУСТАНОВА,  мустақил тадқиқотчи,  Самарқанд ветеринария медицинаси институти.