Нўхат етиштириш технологияси

 

Нўхат – Ўзбекистонда энг кенг тарқалган дуккакли дон экинларидан бири. Донидан турли таомлар тайёрланади, айниқса, шўрва, паловга кўп солинади. Донлари гўшт билан алоҳида димланиб ҳам пиширилади, қовурилиб дон ҳолатида ҳам истеъмол қилинади. Оқ донли навлари озиқовқат, қора донли навлари ем-хашак учун ўстирилади.

Дони таркибида 25-30 % оқсил, 4-7 % ёғ, 47-60 % азотсиз экстрактланадиган моддалар, 2,4-12,8 % целлюлоза, 4,0 % кул, витамин В1 ҳамда маъданли тузлар бўлади. Унинг дони омихта емга қўшилса уларнинг ҳазмланиши осонлашади. Поя ва баргларида отқулоқ ва олма кислоталари кўп. Сомонини қорамолларга бериб бўлмайди, қўйлар учун яхши озиқа. Нўхатдан Ҳиндистонда олма ва отқулоқ кислоталари олинади.

Нўхат уни 10-12 % буғдой унига қўшилса, нони тўйимли ва мазали бўлади. Нўхат ўрта ва кичик Осиёнинг қурғоқчил минтақаларида эрамиздан олдин экилиб бошланган. Нўхат ватани Тожикистон ва Ўзбекистоннинг тоғли туманлари деб тахмин қилинади.

Дунё деҳқончилигида нўхат 10,2 млн га экилган, шундан 8 млн. гектари Ҳиндистонда. Экилиш майдони бўйича дуккакли дон экинлари орасида учинчи ўринни эгаллайди. Ўзбекистонда нўхат лалмикор ва сувли ерларда 4-5 минг га майдонга экилади. Суғориладиган ерларда гектаридан 20-25 ц, лалмикорликда 8-10 ц дон ҳосили етиштирилади.

Нўхат – Cicer aretinum L. бир йиллик ўтсимон ўсимлик. Илдизи 100150 см чуқурликка кириб боради. Ён илдизлари яхши ривожланган. Пояси тик, сершох, бўйи 60 см га етади. Барглари мураккаб, тоқ патсимон, четлари майда тишсимон 11-17 та барглардан иборат. Ўсимлик безчали дағал туклар билан қопланган. Туклардан ажралиб чиқадиган органик кислоталар нўхатни зараркунандалар (нўхат қурти, бити)дан сақлайди.

Гуллари якка, барг қўлтиғида ҳосил бўлади, майда, ранг-баранг оқ, қизил. Дуккаги пуфаксимон, бўртган, тухумсимон чўзиқ, ромбсимон, сертук, ёрилмайди, пишганда сомонсимон бўлиб сарғаяди. Уруғи бурчакли, қўй бошига ўхшайди, чўзинчоқ тумшуқли ёки юмалоқ бўлади. Бир дона дуккакда 1-2 та уруғлари бўлади, 1000 уруғ вазни 100-600 г.

Иссиққа талабчан, айниқса, гуллаш ва пишиш фазаларида. У совуққа чидамли. Ўзбекистон шароитида қишлаб чиқадиган шакллари, навлари бор. Уруғлари 2-5 0С ҳароратда кўкара бошлайди. Майсалари 11 0С совуққа чидайди. Қурғоқчиликка ва юқори ҳароратга чидамли. Ўзбекистоннинг тоғли минтақасида ва умуман серёғин йиллари аскохитоз, фузариоз сингари замбруғ касалликлари билан зарарланади. Брухус қўнғизидан кам зарарланади, аммо нўхат қўнғизидан кучли зарарланади. Улар нўхат уруғларини кучли зарарлайди, айниқса, суғориладиган ерларда, децис ёки золон билан ишланади. Дуккаклари пишганда ёрилмайди. Ўзбекистонда бўз, ўтлоқ-бўз, ўтлоқ тупроқларда яхши ўсади. Шўрга чидамсиз.

Навлари. Юлдуз – Ўзбекистон «Дон» ИИЧБда яратилган. Лалмикорликда экиш учун Давлат реестрига киритилган. Гули оқ, йирик, якка. Дуккаги 1-2 донли. Ҳосилдорлиги лалмикорликда 7,8-12,2 ц/га, 1000 дон вазни 333,3-262,2 г. Ўсув даври 81 кун. Қурғоқчиликка чидамли. Донда оқсил 27,4-26,2 %. Аскохитозга нисбатан чидамли.

Милютин-6 – Ўз «Дон» ИИЧБда  яратилган. Бўйи 30-35 см, 1000 дон вазни 274,1-430,0 г. Ҳосилдорлиги 8,2-12,3 ц/га. Ўртапишар, 80 кунда пишади. Тўкилишга мойил. Донда оқсил миқдори 25-26,8 %. Аскохитозга бардошли.

Узбекистанская-32 – Ўзбекистон «Дон» ИИЧБда яратилган, 1992 йилда Жиззах вилоятининг лалмикор ерларида туманлаштирилган. Бўйи 45-49 см. Пояси узун, яшил, қалин кулранг тукли. Дуккаги ромбсимон, учи ўткир, тукли. Дони бурчаксимон, сарғиш пушти. Лалмикорликда ҳосили 12,1 ц/га, 1000 дон вазни 308,9 г. Ўртапишар, 79 кунда пишади. Донда оқсил – 28,2 %. Аскохитозга чидамли.

Зимистони – Тожикистон деҳқончилик ИТИда яратилган. Бўйи 24,5-27 см. Дуккагида 1-3 та уруғ бўлади. Дони учли (қўйбош). Ҳосилдорлиги 9,6-13,3 ц/га, 1000 дон вазни 173,2-186,2 г. Ўсув даври 7576 кун. Оқсил миқдори 26,6-27,2 %. Аскохитоз билан зарарланмайди.

Ҳозирда Самарқанд қишлоқ хўжалик институтида сувликда экишга мўлжалланган «Умид» нави яратилган. Ҳосилдорлиги суғориладиган ерларда 30-35 ц/га. Аскохитозга чидамли. Ўсимликнинг бўйи 70-80 см. Комбайн ёрдамида ҳосилни йиғиштиришга яроқли. Кейинги йилларда нўхатнинг Лаззат нави ҳам Давлат реестрига киритилди.

Алмашлаб экишдаги ўрни. Нўхат тупроқни азотга бойитади, қатор оралари ишланадиган экин сифатида далани бегона ўтлардан тозалайди. Суғориладиган, шунингдек, лалмикор ерларда нўхат кузги дон экинлари учун яхши ўтмишдош. Брухус қўнғизидан зарарланмайди. Дуккакли дон экинлари орасида лалмикорликда энг юқори 10-12 ц/га дон ҳосил беради.

Алмашлаб экишларида 3:6 (2:4:1:2), 7:3 (2:4:1:3), 2:8 (1:4:1:4) дон дуккакли экинлар учун ажратилган далаларга бир йил экилади. Нўхат баҳорда ёки кузда экилганда ҳосилдан бўшаган майдонлар дарҳол ҳайдалиб маккажўхори дон ёки силос учун ёки картошка ва бошқа экинлар экилади. Кўплаб ўтказилган тажрибаларнинг натижаларига кўра нўхат ўзидан кейин тупроқда 40-80 кг/га соф азот қолдиради. Нўхатдан бўшаган далаларга экилган ғўза, картошка, маккажўхори, бошоқли дон экинлари ҳосилдорлиги ортиб, дон сифати яхшиланади.

Тупроқни ишлаш. Нўхат учун ажратилган дала кузда 25-30 см чуқурликда кузги шудгор қилинади. Ерни ҳайдаш олдидан фосфорли, калийли, органик ўғитлар солинади. Эрта баҳорда шудгор кўндалангига ёки диоганалига икки изли қилиб бороналанади. Бороналаш ерда намни сақлаш ва ерни қисман текислаш вазифаларини бажаради. Экиш олдидан тупроқ зичланиб қолган бўлса бороналанади, зарур ҳолатларда мола босилади, ер текисланади.

Ўғитлаш. Суғориладиган ерларда нўхат экиладиган 1 гектар майдонга асосий ўғит сифатида 70-90кг фосфор, 50-60кг калий ва 15-20 т чириган гўнг солинади. Асосий ўғитлар ерни ҳайдаш олдидан берилади.

Уруғни экишга тайёрлаш. Нўхат уруғлари экиш олдидан турли аралашмадан тозаланади, йирик ва текислари саралаб олинади. Экиладиган уруғлар юқори репродукцияли (авлодли) 1 ва II синф талабларига тўла жавоб берадиган бўлиши лозим. Уруғларнинг унувчанлиги 95 ва 92 %, тозалиги 99 ва 98,5 дан кам бўлмаслиги талаб қилинади. Айрим ҳолларда унувчанлиги 90 %, тозалиги 97 % бўлган III-синф уруғларни ҳам экиш мумкин улар асосан уруғлик учун фойдаланмайдиган далаларга экилади. Уруғлар экишдан 20-30 кун олдин паноктин билан 200 г/ ц уруққа ҳисобида дориланади. Уруғлар экишдан олдин нитрагин билан ишланади. Ризоторфин 1 га майдонга экиладиган уруққа 200г миқдорда 2 л сувга аралаштириб қўлланилади.

Экиш муддатлари. Нўхат эрта баҳорги экин. У эрта баҳори дон экинлари билан бир вақтда экилади. Тупроқни уруғ экиладиган қатламида ҳарорат 6-7 0С га етиши уруғ экиш учун энг қулай муддат ҳисобланади. Самарқанд вилояти шароитида суғориладиган ерларда оптимал экиш муддати март ойининг биринчи ва иккинчи ўн кунлиги. Республикамизнинг жанубий вилоятларда нўхат февралнинг охирги ва мартнинг биринчи ўн кунликларида экилади. Нўхат қатор оралари 45 ёки 60 см қилиб экилади. Нўхат уруғлари қатор оралари 60см, ўсимликлар оралиғи 6 см қилиб экилганда уруғ ҳосили 25 ц/га етган ёки қатор оралари 45 ва 70 см қилиб экилгандагина нисбатан ҳосилдорлик 3-4ц/га ошган. Тажрибаларининг кўрсатишича туплар оралиғи 6 ва 9 см экилганда энг яхши натижалар олинган. Бунда экиш меъёри гектарига 60 ва 80 кг ни ташкил қилади.

Нўхат уруғлари чигит экадиган СЧХ-4, СХУ-4, СПУ-6 м сеялкаларида экилиши мумкин. Уруғлар СПЧ-6 М, СПЧ-8, СУК-24 сеялкаларида экилганда экиш сифати юқори бўлиб, уруғлар сонини аниқ ташлаш мумкин. Нўхат уруғлари 5-7 см чуқурликка экилади. Экиш чуқурлиги тупроқ ҳолати, уруғлар йириклигига қараб 4-8 см ўзгариши мумкин.

Суғориш. Нўхатни Юлдуз ва Милютинский-6 навлари тупроқда намлик 60-70-60 % ЧДНС даражасида ушланганда (3-ўсув давридаги суғориш) Юлдуз навида уруғ ҳосилдорлиги 25,6ц/га, Милютинский-6 навида 24,6 ц/га га етган. Суғоришлар сонини ошириш шунингдек камайтириш ҳам уруғ ҳосилдорлигини камайтирган. Суғоришлар меъёри 600-700 м3/га. Уларнинг сони сизот сувлар, атмосфера ёғингарчиликлари ва бошқа омилларга қараб ўзгартирилиши мумкин.

Нўхат парвариши. Нўхат майсалари ҳосил бўлмасдан ва ҳосил бўлгандан кейин бороналашни ўтказиш мумкин. Майсалар 6-7 см баландликка етганда бороналаш яхши натижа беради. Бороналаш кундузи майсалар бироз сўлиганда ўтказилади. Нўхат қатор оралари 2-3 култивация қилинади, суғоришдан олдин жўяклар олинади.

Нўхатни лалмикорликда етиштириш хусусиятлари. Лалмикорликда нўхат қатор оралари чопиқ қилинадиган алмашлаб экиш тизимига киритилади. Нўхат тоза шудгорга экилади. Кузги буғдойдан кейин жойлаштирилгандагина нисбатан нўхатдан кейин экилса кузги буғдой ҳосилдорлиги 11-26 % ортиқ бўлган аммо тоза шудгорга экилгандагина нисбатан ҳосилдорлик 9-18 % камайган.

Ўзбекистон «Ғалла» ИИЧБ да ўтказилган тажрибаларда тоза шудгорга экилган кузги буғдойдан 9-7 ц/га, нўхатдан кейин экилганда 8,4 ц/га, махсардан кейин 5,8 ц/га, судан ўтидан кейин 5,8 ц/га буғдойдан кейин экилганда 4,0 ц/га дон ҳосили олинган. Лалмикорликда нўхатни кўп йиллик бегона ўтлар босган далаларга экиш тавсия этилмайди.

Тупроқни ишлаш. Нўхат экиладиган дала ёмғирдан кейин етарли намланганда, ер етилиши билан шудгорланади. Баҳорда 6-8 см чуқурликда култивация қилинади, жуда зичлашиб қолган тупроқлар 1012 см чуқурликда култивация қилинади, мола бостирилади. Култивация кўндалангига ўтказилганда ер яхши текисланади.

Ўғитлаш. Ўзбекистон «Ғалла» ИИЧБда ўтказилган тажрибаларга кўра нўхат экилган майдонга 45 кг/га азот солинганда ҳосилдорлик 17 %, бошқа тажрибаларда азот 30 ва 45 кг/га солинганда уруғ ҳосили 3,1 ва 3,2 ц/га ошган ҳолда назорат пайкалчаларида ҳосилдорлик 2,5 ц/га ни ташкил қилган. Лалмикорликда фосфорли, калийли ва азотли ўғитлар солинганда ўсимлик баланд бўйли бўлади, дуккаклар сони кўпаяди, пастки дуккаклар баланд бўлиб жойлашади. Тупроқни ишлаш олдидан 5-6 т чириган гўнг, 30-45 кг фосфор ёки 50-60 кг/га фосфор ва баҳорда қатор орасини ишлаш, ёки бороналаш олдидан 30-45 кг/га азот (аммиакли селитра) берилади.

Экиш муддати. Нўхат лалмикорликда текис-тепалик минтақада феврал ойи ва мартнинг биринчи ўн кунлигида, тоғли ва тоғ-олди минтақасида февралнинг охирги ўн кунлиги ва март нўхат экиш учун энг мақбул муддат. Лалмикорликда эрта, энг оптимал муддатларда экилган нўхат мўл, сифатли уруғ ҳосили беради. Экишни кечиктириш ҳосилдорликнинг пасайишига олиб келади. Баҳор совуқ ва сернам келганда нўхат аскохитоз билан касалланиши мумкин. Шунинг учун бундай нўхат текис- тепаликларда мартнинг иккинчи ярими ва апрелнинг биринчи ўн кунлигида, тоғли минтақада апрелнинг биринчи яримида экилади. Нўхат СУК-24, СЗ-3,6, СУ-24, СПЧ-6 М сеялкаларида қатор оралари 45 ёки 60 см қилиб экилади.

Экиш меъёри бир гектарга 200 -300 мингтагача унувчан уруғни ташкил этади. Навлар, экилиш минтақасига боғлиқ ҳолда экиш меъёри ўзгаради. Текис-тепалик минтақада Милютинский–4 нави 50 кг/га, Милютинский–6 нави 50-65 кг/га, меъёрида экилиши тавсия этилади. Тоғли минтақада экиш меъёри гектарига 10-15 кг оширилиши мақсадга мувофиқ. Ёғингарчилик кўп ёғадиган йиллар ҳам экиш меъёри оширилади.

Экиш чуқурлиги – 5-6 см, йирик уруғли навлар уруғлари 7-8 см чуқурликка экилади.

Экинзор парвариши. Лалмикорликда нўхат униб чиқишдан олдин ва майсалашдан кейин бороналанади ҳамда қатор оралари икки марта култивация қилинади. Бороналаш кўндалангига ва диоганалига ўтказилади. Қатор ораларини икки марта култивация қилишда, биринчиси шоналашда, иккинчиси гуллаганда ўтказилади. Қатор ораларини икки марта култивация қилиш уруғ ҳосилини 2,5 бараварига оширади. Нўхат ўсув даврида аскохитоз, фузариоз касалликлари ва кўсак қурти, нўхат пашшаси ҳамда кемирувчилардан зарарланиши мумкин. Уларга қарши агротехник, биологик, кимёвий усулларда қарши курашилади.

Ҳосилини йиғиштириш. Ўзбекистон шароитида нўхат ёзнинг жазирама иссиқ даври июн ойларида етилади. Пишганда мева банди ва дуккак пўчоқлари тез қурийди. Ҳосил қисқа, энг мақбул муддатда ўриб-янчиб олинмаса нобудгарчилик кўпаяди. Ўримдан олдин комбайнлар қайта жиҳозланади, созланади, барабанлар айланиш тезлиги камайтирилиб (500-600 минутига) уларни оралиғи кенгайтирилади. Самарқанд қишлоқ хўжалик институтида яратилган «Умид» нави баланд бўйли бўлганлиги учун комбайн билан ўришга жуда қулай. Паст бўйли навлар ҳам яхши парвариш қилинганда бўйчан бўлади ва комбайн ёрдамида дон ҳосилини ўриб-янчиб олишга яроқли ҳолга келади. Ҳосил тозаланади, қуритилади ва намлиги 12-14 % дан ортиқ бўлмаган ҳолда сақланади.