Олма боғларини парваришлаш ва томчилатиб суғориш

Олма (Malus domestica) – кўп йиллик (30-100 лет), барг ташловчи мевали дарахт. Ватани Марказий Осиё. Бўйи 3-6 м дан 10-14 метргача етади. Илдизи 1 м уқурликкача ётади, айрим илдизлари 2,5 м гача етади.
Олма дарахтларини (бўйига қараб) баланд ўсадиган, пакана, ярим пакана ва устунлар кўринишидаги навлари етиштирилади. Баланд ўсадиган дарахтлари бир йилда ўртача 40–60 кг мева берса, пакана турлари 10–15 кг, устун кўринишида ўсадиганлари – 5–6 кг мева беради.
Ҳозирги кунда олма дарахтларининг 10 мингдан ортиқ нави мавжуд бўлиб, улар ёзги (эртапишар), кузги (ўртапишар) ва қишки (кечпишар) навларга ажратилади.
Ўзбекистон шароитида олманинг Оқ олма ва Апорт (ёзги), Шафран ва Апорт (кузги), Розмарин, Ренет-Симиренко, Бойкен, Голден Делишес ва Джонаголд (кечки) навлари энг кенг тарқалган навлар саналади.

1-расм — Интенсив олма боғи ва унинг мевалари

Олма дарахтларининг ўсиш шароитлари ва даври
Олма дарахтлари қарийб барча иқлим шароитларига мослаша олади. Олма дархтлари кундузи иссиқ, кечаси салқин бўлган шароитларда жуда яхши ривожланади ва — 40оС совуққача чидай олади.
Олма бошқа мевали дарахтларга нисбатан кеч гуллагани боис унча совуқ урмайди.
Ўзбекистон шароитида олма дарахтлари одатда апрел ойида тўлиқ гуллаб бўлади. Олма дарахтларида ҳужайралар бўлиниши жараёни меваси тугилганидан уч ҳафтагача муддатда давом этади. Мевалари августнинг охири – сентябрнинг ўрталаригача ривожланади. Меваларнинг ривожланиши даврида доимо зарур намлик ва озуқа моддаларни бирдай талаб қилиб туради. Олма дархтларидан етарли миқдордаги ва яхши сифатдаги ҳосилни олиш учун ўсув даврида парвариш узлуксиз бўлиши лозим.
Олма боғлари ғоваклиги ўртача, сув ўтказувчанлиги яхши ва рН кўрсаткичи 6,5 атрофида бўлган тупроқли майдонларда яхши ривожланади.
Олма дарахти ботқоқланган ва ўта қуруқ тупроқларни хуш кўрмайди, уларни грунт сувлари сатҳи (ер юзасидан) 2,5 м дан юқорида бўлган майдонларга экиш тавсия қилинмайди. Бироқ олманинг пакана навларини илдизлари ер юзасига яқин жойлашганлиги учун уларни грунт сувлари сатҳи (ер юзасидан) 1,5 м гача бўлган майдонларга ҳам экиш мумкин.
Олма кўчатларини экиш ва уларни парваришлаш
Олма ниҳоллари аввал кўчатхоналарда етиштирилади ва кейинчалик кўчатлар эрта баҳорда очиқ майдонларга кўчириб ўтказилади. Кўчатларнинг илдизи очиқ ҳолда экилади. Кўчатларни кўчириб ўтказишгача одатда икки йил вақт сарфланади.
Олманинг ўртача бўйли навлари кўчатлари 1 гектар майдонга 320-650 донадан, ярим пакана навлари кўчатлари гектарига 1000 – 1500 донадан, пакана навлари кўчатлари 3300 донагача (3х1 схемада) экилади.
Дарахт новдаларини кесиш эрта баҳорда амалга оширилади. Олманинг қизил навлари меваларига қуёш нурлари яхшироқ тушуши учун уларнинг пишишидан бир ой олдин новдаларини кесиш мумкин. Дарахтлар зич ҳолда экилган боғларда доимий равишда бачки новдалари олиб ташланади.
Олма кўчатларини экишдан олдин ерга 200-300 кг/га миқдорда азот (N), 400-600 кг/га миқдорда калий (K2O) ўғитларини солиб ишлов берилади. Кўчатлар ўсиб катта бўлгани сайин уларга бериладиган минерал ўғитларнинг миқдорини ҳам кўпайтириб борилади. Бунда ёш дарахтларга (1-4 йиллик) йилига 90 кг/га азотли (N), 30 кг/га фосфорли (Р2О5), 120 кг/га калийли (К2О), катта ёшдаги дарахтларга йилига 100 кг/га азотли (N), 60 кг/га фосфорли (Р2О5), 180 кг/га калийли (К2О) ўғитлар бериш тавсия қилинади.
Олма дарахтларида олма паршаси (қўтир), оқ қиров, меваларнинг чириши, моғорлаш кўринишидаги замбруғлар каби касалликлар учрайди. Уларни кимёвий воситалар ёрдамида зарарсизлантирилади.
Олма боғларини суғориш
Олма дарахтларининг суғориш коэффиценти (Кс) сув буғланиши (йил фасли бўйича ўзгаради) даражасига асосан белгиланади. Олма дарахтларининг мавсумий суғориш меъёри мавсумий ёғинлар миқдорига боғлиқ равишда 2500-4000 м3/га оралиғида ўзгаради. Олма дарахтларини суғориш даври баҳор ҳавосининг қуруқ ёки сернамлиги, дала тупроғининг намлигига боғлиқ равишда бошланади.
Олма дарахтларини парваришлаш жараёнида меъёридан ортиқ сув берилиши дарахт япроқларининг тўкилишигасабаб бўлади. Айниқса, гуллаш ва ғўра тугиш даврида берилган ортиқча сув меваларнинг ривожланиши ва ўсишига салбий таъсир қилади, ҳосилдорликнинг камайишига сабаб бўлади.
Олма боғларини томчилатиб суғориш
Олма боғларини суғориш учун аввалдан эгатлаб суғориш усули қўлланиб келинаётган бўлсада, энг самарали суғориш усули сифатида томчилатиб суғориш усулини қўллаш тавсия қилинади. Иқлим шароитлари иссиқ бўлган минтақаларда микроиқлим шароитларини юзаг келтириш учун ёмғирлатиб суғориш усулини қўллаш ҳам тавсия қилинади ва яхши самара беради.
Олма боғларини томчилатиб суғорилганда ҳар бир дарахт қаторига бир суғориш шланги ва ҳар бир (ёш) дарахт ёнига 1 ёки 2 тадан томизгич ўрнатиш тавсия қилинади. Иккитадан томизгич ўрнатилганда, улар орасидаги масофа 0,6 – 1,0 метрни (дарахт танасидан узоқлиги 0,3 – 0,6 метр) ташкил қилиши лозим.


2-расм — Олма дарахтларини полоса бўйлаб томчилатиб суғориш
Томизгичларнинг сув сарфи одатда тупроқнинг сув ўтказиш қобилиятига боғлиқ равишда танланади. Томизгич сув сарфи 2-4 л/соат бўлган вариантлар энг маъқул саналади. Суғоришлар орасидаги муддат ҳам тупроқ туридан келиб чиқиб белгиланади ва Ўзбекистоннинг иссиқ иқлим шароитида суғоришни узоғи билан ҳар 2-3 кунда ўтказиш тавсия қилинади.
Олма меваларининг пишиб етилиши, боғларининг ҳосилдорлиги ва меваларини йиғиб олиш Олма дарахтлари меваларининг пишиб етилиши олманинг навига боғлиқ тарзда кечади. Эртапишар олма навларининг мевалари дарахтлар тўлиқ гуллаб бўлганидан сўнг 100 кун ичида пишиб етилса, кечпишар навлар мевалари 180 – 210 кунда пишиб етилади.
Олманинг нави, иқлим шароитлари ва дарахтларни экиш зичлигига қараб олма боғлари ҳосилдорлиги 60-80 т/га ни ташкил қилиши мумкин. Бироқ ҳосилнинг сифати ва мевалар ўлчамларини яхшилаш мақсадида ҳосилдорликни гектарига 40 тоннадан оширмаслик тавсия қилинади.
Бунинг учун одатда парваришлаш даврида дарахтлардаги секин ривожланаётган ва майда саналган мевалар юлиб ташланади.
Олма мевалари одатда қўлда териб олинади ва қутиларга жойланиб омборхоналарга ёки истеъмолчиларга юборилади.

Манба: Мевали дарахтларни томчилатиб суғориш режими бўйича тавсиялар — Маматов С.А.

Дўстларингизга ҳам улашинг!