Олма дарахтида учрайдиган барг бити зараркунандаси

Барг битлари – Aphidodea

Барг битлари баргларни буриштириб қўяди, баъзан эса тўкиб юборади, ёш новдаларни ўстирмай қинғир-қийшиқ қилиб, мева ҳосилини камайтириб юборади, дарахтларни ўсишдан қолдиради ва қувватдан кетказади.

Айниқса, кўкламда барг битларининг тўдалари кўп бўлади; ёзда кунлар исиши билан яъни, июлдан бошлаб, тўдалар катта  бўлмайди, чунки саратон иссиғи уларнинг кўпайишига салбий таъсир қилади. Шунингдек, кўпгина йиртқич ва паразитлар – хонқизи, сирфид пашшаси, олтинкўз, яйдоқчилар ва бошқа фойдали ҳашаротлар барг битлари билан озиқланиб, уларнинг сонини камайтиради. Баъзан ёз ўрталарига келиб барг битлари бутунлай йўқолиб кетиши ҳам мумкин. Барг битлари шохларнинг учки қисмида ва янги ёш баргларида кўпроқ учрайди. Сентябр ойида салқин тушиши билан барг битлари яна оммавий кўпая бошлайди, уларнинг урғочилари дарахтларга учиб келиб, тирик личинкалар туғади, бу личинкалардан ҳар ҳил жинсли – эркак ва урғочи авлод етишади. Хонқизи барг битлари билан озиқланади. Қуйидаги расмга қаранг.