ОЛМАНИНГ КАЛМАРАЗ КАСАЛЛИГИ

Калмараз (қўтир, парша) касаллиги олмада дунёнинг барча мамлакатларида, жумладан Марказий Осиё давлатларида ва Ўзбекистоннинг барча вилоятларида тарқалган.
Касаллик белгилари. Касаллик олма дарахтларининг барг, гулкосабарглари ва меваларини, барг ва мева бандларини, камроқ ҳолларда новда ва куртак тангачаларини (қобиқларини) зарарлайди. Баргларнинг пастки томонида жигарранг, кулранг ёки зайтун-яшил тусли доғлар ривожланади. Битта барг устида битта – иккитадан бир неча юзгача доғ пайдо бўлиши мумкин. Вақт ўтиши билан улар ўсади, йириклашиб, қўшилиб кетади, доғ остидаги ҳужайралар нобуд бўлади, натижада доғлар баргларнинг пастки томонидан ҳам кўринади. Усти доғлар билин тўла
қопланган барглар буралиб, хунук шакл олади ва тўкилади. Ёш меваларда барглардагига ўхшаш доғлар пайдо бўлади, сўнгра улар қўнғир тус олади, пробкалашади, усти чатнайди, меванинг шакли бузилади. Барг ва мева бандлари зарарланиши улар тўкилишига олиб келади. Нам шароитда барг ва мевадаги доғларнинг устида, қўзғатувчининг споралаш органларидан ташкил топган юпқа, бахмалсимон, тўқ-зайтун ёки зайтун-қўнғир тусли моғор қатлами ривожланади. Ёз охири – куз бошларида зарарланган меваларда ташқи белгилар ривожланмайди ёки жуда кичик, тўқ-қўнғир доғлар пайдо бўлади, омборхоналарда сақлаш пайтида уларнинг диаметри 0,1-0,4 мм гача ўсади, думалоқ шакл ва қора тус олади. Касаллик омборхонада бошқа меваларга тарқалмайди. Зарарланган новдаларда унча катта бўлмаган бўртмалар ривожланади, улар кейинчалик ёрилади ва новданинг усти кўп
жойларидан чатнаб кетади; натижада новда ўсиши секинлашади, кўпинча қуриб қолади.

Касалликнинг зарари. Касаллик натижасида мева ҳосилининг миқдори ва сифати бевосита (мевалар тўкилиши, бозорбоплигини йўқотиши, омборхоналарда сақлаш пайтида чириб кетиши) ва бавосита (барглар тўкилиши, дарахтлар ривожланиши сусайиши, уларнинг қиш совуғига чидамсиз бўлиб қолиши, мевадаги яралар орқали бошқа ҳашарот ва микроорганизмлар кириб олиши ва мевани чиритиши) камаяди. Баҳорда салқин ҳаво ва юқори намлик кузатилганда ҳосилнинг 70 фоизигача ёки
кўпроғи йўқотилиши мумкин.

Кураш чоралари. Агротехник ва санитария тадбирлари. Боғни юқори агротехника талабларида парвариш қилиш, озиқлантириш, суғориш, ҳашаротларга қарши курашиш лозим. Замбуруғнинг қишловчи авлоди – псевдотецийлар миқдорини камайтириш мақсадида олма дарахтлари оралари очиқ бўлиши ва шамол яхши юришини таъминлаш (дарахт барглари ёмғирдан сўнг тез қуриши, касаллик камайиши ёки йўқотилиши учун шароит яратади); дарахт тагини буталаш, қуриган ва ортиқча ривожланган поя, шох
ва новдаларни вақтида кесиб туриш; кузда ҳосил йиғиб олингач, баргларга азотли ўғит (мисол учун, мочевина) ёки фунгицид пуркаш; дарахтлар барглари тўкилгач, уларни ва тўкилган меваларни йиғиб олиш ва йўқотиш, дарахт атрофи ва қатор ораларини 20-30 см чуқурликда ағдариш, кузги шудгордан олдин гектарига 60-70 кг соф калий ва фосфор, ёзда ҳар бир дарахтга 1-1,5 кг аммофос ўғитини 2 марта бериш лозим.
Кимёвий кураш чораларини қўллашни эрта баҳорда бошлаш ва кейинчалик, об-ҳаво башоратларини ҳисобга олган ҳолда, сернам об-ҳавода ҳар 7-10, намгарчилик камроқ бўлганида ҳар 10-14 кун ўтганда такрорлаш керак. Ҳаммаси бўлиб бир мавсумда 5-8 мартагача фунгицид пуркаш лозим.
Ишловларни ҳар гал ёмғирдан кейин ўтказиш мақсадга мувофиқдир.
К у р т а к л а р ё з и л и ш и д а н олдин қуйидаги препаратлардан бири
пуркалади:
– Бордо суюқлиги, 3-4% ли эритма (100 л сувга 3-4 кг мис купороси ва 3-4 кг
сўндирилган оҳак), мис купороси бўйича 30-60 л/га меъёрида (эритма сарфи
1500-2000 л/га, ёки дарахт яхшилаб ҳўллангунича);
– Мис оксихлориди 90% н.кук., 0,3-0,5% ли эритма;
– Оҳак-олтингугурт қайнатмаси (ООҚ), 5о ли;
– Темир купороси 53% э.кук., 2,0-3,0% ли эритма, 30-40 кг/га меъёрида
дарахтларга ва остидаги тупроққа;
– Вектра 10% сус.к., 0,03% ли суспензия, 0,3 л/га меъёрида.
К у р т а к ё з и л и ш и д а в р и д а ҳам Бордо суюқлиги ёки Вектра
билан юқоридаги кўрсатилган меъёрларда ишлов берилади.
Д а р а х т л а р г у л л а ш и г а ч а в а г у л л а г а н д а н к е й и н
қуйидаги препаратлардан бири пуркалади:
– Бордо суюқлиги, 1,0% ли эритма, мис купороси бўйича 10-20 л/га меъёрида
(эритма сарфи 1500-2000 л/га);
– Вектра 10% сус.к., юқорида кўрсатилган меъёрда;
– Топсин-М 70% н.кук., 0,1% ли суспензия (100 л сувга 100 г), 1,0 кг/га
меъёрида;
– Фулпас 10% эм.к., 0,2-0,3 л/га меъёрида;
– Панч 40% эм.к., 0,05-0,075 л/га меъёрида.
Ў с у в д а в р и д а қуйидаги препаратлардан бири пуркалади:
– Байлетон 25% н.кук., 0,04% ли суспензия, 0,4 кг/га меъёрида;
– Импакт 25% сус.к., 0,01% ли суспензия, 0,1 л/га меъёрида;
– Оҳак-олтингугурт қайнатмаси, 0,5-1,0о ли эритма;
– Сапроль 20% эм.к., 0,1% ли эмульсия, 1,0 л/га меъёрида;
– Фулпас 10% эм.к., 0,2-0,3 л/га меъёрида;
– Панч 40% эм.к., 0,05-0,075 л/га меъёрида.
Чидамли навлар экиш. Олма навларининг калмаразга чидамлилиги ҳар
хил. Самарқанд тўнғичи, Ренет Симиренко, Розмарин, Голдспур, Делишес,
Ренет Бурхардта, Апорт, Румянка алматинская ва Пеструшка навлари қаттиқ
шикастланади. Ўртача чидамли навлар қаторига Антоновка, Боровинка,
Жонатан, Либерти, Флорина, Голден Делишес, Старкримсон, Кандил Синап
ва Ренет Ландсбергский навлари киради. Малика, Макфри, Пионер, Трент,
Нова Изигро, Новамак, Ришелье ва Роувиль навлари чидамли, Прима,
Присцилла, Сир Прайз, Жонафри ва Редфри навлари юқори чидамлиликка
эга.

Манба: Б. А. Ҳасанов, Р.О. Очилов, Р.А. Гулмуродов. Мевали ва ёнғоқ
мевали дарахтлар, цитрус, резавор мевали буталар ҳамда ток
касалликлари ва уларга қарши кураш. Тошкент, 2010

Дўстларингизга ҳам улашинг!