ОҚ БОШ КАРАМ ЕТИШТИРИШ ТЕХНОЛОГИЯСИ

ОҚ БОШ КАРАМ НАВЛАРИ  – Оқ бош карамни эртапишар чет эл Фарао Ғ1, Парел Ғ1, Балбро Ғ1, Бурбон Ғ1, Назоми Ғ1 дурагайларини экишга тавсия этилади.

ПАРВАРИШЛАШ ТЕХНОЛОГИЯСИ – Эртапишар карам навларининг кўчати республика жанубий вилоятларида 10-12 февралда, марказий вилоятларда 25 феврал-10 мартда, шимолий вилоятларда 15-30 мартда далага экиш пайтида кўчатларда 6-7 та барг бўлиши ва улар плёнка остига экилиши керак. Эртаги карамнинг ҳосилини эрта муддатларда етиштирилиши учун биринчи навбатда уни экишга мос жой танланади ва ер кузда тайёрлаб қўйилади. Кузда тайёрлаб қуйилган эгатларга экилганда ҳосили 8-10 кун илгари етилади ва 20% га кўпаяди. Эртаги карам 70×25 (30) см схемада экилади. Кўчат экилиб бўлгандан кейин дала кетма – кет суғорилади. Орадан 2-3 кун ўтгач, кўчат ўтказилган эгатлар текширилади, хато жойларга яна кўчат экилади. Кўчат тутгандан сўнг эгатнинг оралари культивация қилинади, сўнг кўчат атрофи юмшатилади ва биринчи марта ўғит берилади. Иккинчи культивация экин бир суғорилгандан сўнг ўтказилади. Эртаги карам икки марта чопиқ қилинади. Кўчатлар экиб бўлингандан кейин икки-уч хафта ўтказиб биринчи ялпи ишлов берилади. Бунда қатор оралари КРН – 4,2 культиватор билан 15-16 см чуқурликда культивация қилиниб, ўсимлик атрофи юмшатилади, маъдан ўғитлар билан озиқлантирилади ва суғорилади. 20 – 25 кундан кейин яна бир марта ялпи ишлов берилади. Карамни озиқлантириш учун гектарига 25-30 тонна гўнг, 200 кг азот, 150 кг фосфор ва 75 кг калий солинади. Иккинчи йил боғларда кузда гўнгнинг йиллик миқдори тўлиқ, фосфорнинг 75, калийни 50% ерни ҳайдашдан олдин солинади. Фосфорнинг 25, калийни 50%, азот ўғитларининг 20% кўчатни экишдан олдин, қолган қисми кўчат тутгандан сўнг, тупбарги пайдо бўлганда ва карамбоши ўрай бошлаган пайтда тенг қисмларга ажратилган ҳолда берилади. Бўзтупроқли ерларда эртаги карамга 8-10 марта, сизот сувлари юза жойлашган ерларда 6 – 8 марта сув бериш тавсия этилади. Суғориш меъёри гектарига 500 – 550 м3.

СУҒОРИШ – Карамни неча марта суғориш уни экиш муддатига ҳамда сизот сувнинг чуқур ёки юзалигига боғлиқ. Карам кўчати далага ўтқазилгандан кейин тутиб кетиш ва карам бош ўраётган даврда сувни айниқса кўп талаб қилади.
Эртаги карам кўчатини далага ўтқазиш вақтида кўпроқ ёғин-сочин бўлиб туради, бинобарин, бу даврда экинни суғормаса ҳам бўлади. Акс ҳолда экинни албатта суғориш шарт. Шунинг учун эртаги карам кўпинча мартнинг охири ва апрелнинг дастлабки кунларидан бошлаб суғорилади. Сизот суви чуқур жойлашган ерларда эртаги карам майнинг ўрталаригача ҳар 7-8 кунда бир марта суғорилиши керак. Майнинг иккинчи ярми ва июнда эса 5-6 кунда сув берилади. Йиғиб-териб олиш олдидан сувни тўхтатиш лозим. Умуман олганда сизот суви чуқур жойлашган ерларда эртаги карам ўсув даври мобайнида (тупроқнинг дала нам сиғимига нисбатан суғоришдан олдинги тупроқ намлиги 80% дан камаймаганда) 10-12 марта, сизот суви юза жойлашган далаларда эса 6-8 марта суғорилади.