Оқ бош карамни ўғитлаш

3

Ўтлоқи ва ўтлоқи ботқоқ тупроқларда гектарига 15–20т гўнг+ N200P160K120 кг солиниши тавсия этилади. Азот карбамид ёки сульфат аммоний, фосфор эса аммофос, калий эса калий хлор кўринишида бериш керак.

Минерал ўғитлар тук ҳолатида қуйидагича солинади: карбамид – 434 кг/га, аммофос – 348 кг/га, калий хлор – 240 кг/га. Агар азот сульфат аммоний кўринишда берилса, у ҳолда бу ўғитнинг миқдори гектарига 952 кг бўлади. Ўғитлар қуйидаги муддатларда берилади:

Ҳайдовдан олдингектарига 15–20 тонна гўнг, йиллик фосфор ва калий ўғитларининг 70–75 фоизи берилади.

Биринчи озиқлантиришда қолган 50% азот калийнинг 25–30 фоизи биргаликда карам кўчати тўлиқ тутиб олгандан сўнг, биринчи комплекс ишлов олдидан қатор ораларига ўсимликларга яқинроқ солиб берилади, аммофос 103 кг/га, карбамид 217 кг/га ёки сульфат аммоний 476 кг/га меъёрда берилади.

Иккинчи озиқлантиришда қолган азотнинг қолган қисми, калийнинг 30 фоизи биргаликда карам бош ўрай бошлаганда ўсимликка яқинроқ қилиб берилади, калий хлор – 72 кг/га, карбамид – 217 кг ёки сульфат аммоний – 476 кг/га меъёрда бериш керак.

Ўғитларни 50 фоизга камайтириш учун кўк масса берадиган экинлар (сидерат) қўллаш мумкин. Шунингдек, органик ўғит турларидан биогумус ёки вермигум – 10 т/га, органик микробиологик ўғит – 20 кг/га, биоазот – 2 л/га меъёрда қўллаш самарали ҳисобланади.

Биогумус, вермигум ва органик микробиологик ўғитларни биринчи озиқлантиришда эгатларга минерал ўғитлар билан биргаликда, биоазотни эса суғориш суви билан бериш мумкин.

Бўз тупроқ. Оқ бош карам етиштиришда суғориладиган бўз тупроқларга гектарига 15–20 тонна гўнг ва соф ҳолда N200P150K100солиниши тавсия этилади. Бунда азотни карбамид ёки сульфат аммоний кўринишида, фосфорни аммофос ёки мураккаб фосфор ўғити кўринишида, калийни калий хлор кўринишида бериш тавсия этилади. Ушбу минерал ўғитлар тукда қуйидагича солинади: карбамид – 435 кг/га, аммофос – 326 кг/га, калий хлор – 200 кг/га меъёрда берилади.

Агар азот сульфат аммоний кўринишда берилса, у ҳолда мазкур ўғит миқдори гектарига 950 кг бўлиши лозим. Ўғитлар қуйидаги муддатларда берилади.

Ҳайдовдан олдин гектарига 15–20 тонна гўнг, 245 кг аммофос ва 150 кг калий хлор солинади.

Биринчи озиқлантиришда карам кўчати тўлиқ тутиб олгандан сўнг, биринчи комплекс ишлов олдидан қатор ораларига ўсимликларга яқинроқ берилади: аммофос – 81 кг/га, карбамид – 218 кг/га ёки сульфат аммоний кўринишда берилса, 475 кг солинади.

Иккинчи озиқлантиришда карам бош ўрай бошлаганда ўсимликка яқинроқ қилиб берилади: карбамид – 218 кг/га, сульфат аммоний — 475 кг/га.

Азотли ўғитлар қўллашнинг 50 фоизга камайтириш мақсадида кўк масса берадиган экинларни қўллаш мумкин. Шунингдек, органик ўғит турларидан: биогумус ёки вермигум – 10 т/га, органик микробиологик ўғит – 25 кг/га ва биоазот – 2 л/га меъёрда бериш самарали ҳисобланади. Биогумус, вермигум ва органик микробиологик ўғитларни биринчи озиқлантиришда эгатларга минерал ўғитлар билан биргаликда, биоазотни эса суғориш суви билан бериш мумкин.

Шўрхок ва тақирсимон тупроқлар. Турли даражада шўрланган шўрхок ва тақирсимон тупроқларда шўр ювиш ишлари олиб борилгандан сўнг энг мақбул бўлган минерал ўғитлар қуйдагилардир: азот ўғитлардан карбамид, фосфор ўғитлардан аммофос суперфосфат, калий ўғитларидан эса нитрат калий. Ўсимликнинг калийга бўлган талабини қондириш учун органик ўғитлардан шарбат усулида фойдаланиш мумкин. Сульфат калий, калий хлорид тузларини бериш ернинг шўрланиш даражасини ортишига олиб келади. Бу эса ҳосилга салбий таъсир этади, маҳсулот сифати ёмонлашишига сабаб бўлади. Гектарига 25–30 т гўнг солиниб ишлангандан сўнг гектарига N200P180K120 ўғит бериш тавсия этилади. Ўғитларни қуйидаги муддатда солиш тавсия этилади.

Ҳайдовдан олдин гектарига 25-30 тонна гўнг, фосфор ва калийнинг 70–75 фоизи берилади.

Биринчи озиқлантиришда карам кўчати тўлиқ тутиб олгандан сўнг, биринчи комплекс ишлов олдидан қатор ораларига ўсимликларга яқинроқ берилади: аммофос 25%, карбамид 50% солинади.

Иккинчи озиқлантиришда карам бош ўрай бошлаганда ўсимликкка яқинроқ қилиб берилади, карбамид – 50% ва калий хлор 50% берилади.

Азотли ўғитлар қўлланишини 50 фоизга камайтириш мақсадида шўрланган тупроқларда яхши ўсадиган кўк масса берадиган экинлар (сидерат) экиш ёки гектарига 12 тонна биогумус ёки вермигум, 30 кг органик микробиологик ўғит, 2,5 л биоазот ишлатилдаи.

Биогумус, вермигум ва органик микробиологик ўғитларни биринчи озиқлантиришда эгатларга минерал ўғитлар билан биргаликда, биоазотни эса суғориш суви билан берилади. Оқ бош карамни юқорида кўрсатилгандак ўғитлаш, ўғитлардан самарали фойдаланишга, ҳосилни кўпайишига, уни сифатини яхшиланишига олиб келади.

Манба: agro.uz

Дўстларингизга ҳам улашинг!