ҚУЛУПНАЙНИНГ ОҚ ДОҒЛАНИШ КАСАЛЛИГИ

Асосан ўсимлик баргида майда қизғиш жигар рангдаги думалоқ, очиқ чегарали, маркази оқиш, четлари қизғиш-қўнғир хошия доғлар ҳосил қилади. Касалланган барглар секин аста қурийди ва мева бандлари ҳам қуриб қолади. Касалликни Такомиллашмаган замбуруғлар синфига мансуб Ramularia tulasnei Sacc. тури келтириб чиқаради. Бу замбуруғ конидияли ва склероцийли, халтачали (Mycosphaerella fragariae Sacc.) босқичларида ривожланади. Вегетация давомида замбуруғ бир неча насл ҳосил қилади. Конидияли споралар рангсиз, кам кўзга ташланади, шамол, сув томчилари воситасида тарқалиш хусусиятига эга. Касалликнинг кучли зарар етказиши учун ноқулай экологик шароит, ёғингарчилик ва юқори нисбий намлик асосий рол ўйнайди.
Касалликни тарқатувчи замбуруғларнинг ривожланиши 5-35 0С хароратда амалга ошсада, энг қулай харорат 18-230С ҳисобланади.
Касаллик қўзғатувчилари склерацийлар тариқасида ўсимлик барги ва қолдиқларида қишлайди. Склероциялардан конидиялар ҳосил бўлиб, ўсимликни касаллантирувчи бирламчи инфекция манбайи ҳосил бўлади. Бу касаллик туфайли қулупнай ҳосилдорлиги кескин камайиб, меванинг сифати ёмонлашади.

Касалликка қарши курашиш учун касалланган ўсимлик аъзоларини йиғиштириб олиб, ёқиб ташлаш керак. Бу тадбирлар эрта баҳорда, ўсимлик гуллашидан олдин тказилиши мақсадга мувофиқдир. Вегетация давомида қулупнайзорларга 1% ли бодро суюқлиги билан 3 марта ишлов бериш керак.
Биринчи ишлов гуллагандан кейин 10 кун ўтгач ўтказилади. Кўчатларни экишда кўчат оралиғига алоҳида эътибор бериш керак. Касалликка чидамли навлари экиш ҳам касаллик зарарини камайишига олиб келади.

Дўстларингизга ҳам улашинг!