Ўрик дарахтларини парваришлаш ва томчилатиб суғориш

Ўрик – раъногулдошлар оиласига ва мевали дарахтлар туркумига кирувчи ўсимлик саналади. Ватани — Ўрта Осиё ҳисобланади. Осиёда ўрикнинг10 дан ортиқ тури мавжуд бўлиб, оддий ўрик, манчжурия ўриги, сибирь ўриги, давид ўриги ва қора ўрик каби турлари кенг тарқалган. Ўзбекистонда, асосан, оддий ўрик тури етиштирилади. Унинг бўйи 5—8 м, шох-шаббаси кенг. Ҳосилдорлиги 80—120 ц/га. Экилганидан сўнг 4—5 йили ҳосил беради, 15—17 ёшда тўлиқ ҳосилга киради. Ўрик Ўзбекистон шароитида март—апрелда гуллайди, навига қараб май—июлда пишади. Ўрик иссиқсевар, ёруғсевар, қурғоқчилик ва иссиқликка чидамли дарахт саналади, лекин намлик етишмаганда ҳосилли шохлари мева тугмайди. Гуллаган пайтда баҳорги қорасовуқлардан зарарланади.
Ўрик дарахтига салқин ҳаво энг маъқул бўлиб, унинг Осиёда ўсадиган навлари қишки уйқу даврида -250С гача совуққа бардош бера олади.
Ўзбекистонда ўрикнинг Аҳрорий, Субҳоний, Гулунги луччак, Мирсанжали, Кўрсодиқ, Хурмои, Исфарак, Жавпазак, Оқ ўрик, Навоий, Шалах, Руҳи Жуванон, Моҳтоби ва бошқа навлари экилади.

Ўрик дарахтларининг ўсиш даври ва мақбул шароитлар
Ўрик куртакларининг ёзилиши Ўзбекистон шароитида феврал ойидаёқ кўзга ташлана бошлайди ва мевалари май ойи охирларига бориб пишиб етилади. Ўрик ҳосили июн ойи аввалидан июл ойи ўрталаригача йиғиб олинади. Ўрикнинг ўсув даври гуллашидан то ҳосили йиғиб олингунича 70-120 кунни ташкил қилади. Агар ёз иссиқ келса, мевалари янада эртароқ пишиб етилади. Ўрик ҳосилини йиғиб олиш қисқа муддат давом этади (тахминан икки ҳафта), чунки мевалари тез бузилади. Шунинг учун ўрик мевасини узоқ сақлаш тавсия қилинмайди.
Ўрик дарахтлари ривожи учун қалин қатламли ва унумдорлиги юқори бўлган тупроқ шароити энг маъқул саналади. Шунингдек ўрик дарахтлари сув ўтказувчанлиги юқори бўлган тупроқни хуш кўради. Ўрик дарахтлари рН кўрсаткичи (кислотали) ва шўрлиги юқори бўлган тупроқларга ўртача чидамли бўлиб, тупроқнинг ҳаддан ортиқ намланишига чидамсиз саналадилар.

Ўрик дарахтларини парваришлаш
Ўрик дарахтлари қишки уйқу даврининг охирида пайванд қилинади. Ёш кўчатлар илдизлари билан биргаликда ерга ўтказилади.
Ўрик дарахтлари одатда 6 м Х 5 м схемада экилади ва уларнинг бир гектар майдондаги сони ўртача 320-330 донани ташкил қилади.
Ўрик дарахтларига ички томонидаги шохларини олиш кўринишида шакл берилади (кесилади), ташқи шохларига эса коса кўринишида шакл берилади. Ўрик дарахтининг новдалари жуда тез ўсади, шунинг учун ўрик дарахти шохларини унинг меваларига зарар етказишдан қўрқмай бемалол кесиш мумкин. Ёш новдаларни ёзда, улар дарахт ўртасидан ўсиб чиққанида қирқиб ташланади. Одатда ўрик гуллари сийраклаштирилмайди (ягана қилинмайди), фақат гуллар ҳаддан ташқари кўп бўлган ҳоллардагина улар сийраклаштирилади. Ўрик дарахтлари “кумуш барг” ёки гуммоз каби касалликлар билан зарарланадиган ҳудудларда дарахт новдаларини кесиш ҳосил йиғиб олинганидан сўнг ёки қиш даврида амалга оширилади. Дарахтлар қаторлари орасидаги бегона ўтлар гербицидлар ёрдамида йўқотилади, қатор ораларига ишлов бериш тавсия этилмайди.

Ўрик дарахтларини ўғитлаш

Тупроқни мавсумга тайёрлаш даврида тупроқ наъмуналарини таҳлил қилиш натижалари асосида 200-300 кг/га миқдорда фосфорли (P2O5) ва 400-600 кг/га миқдорда калийли (K2O) ўғитлар солиш тавсия қилинади. Ёш ва мевага кирган дарахтларнинг ўғитларга бўлган талаби:

Ўрик дарахтларини суғориш
Ўрик дарахтларини ҳаддан ташқари кўп суғориш уларни нобуд бўлишига олиб келиши мумкин, шу сабабли суғориш фақат зарур бўлган ҳоллардагина ўтказилади. Тупроқлари қаттиқ бўлган майдонларда ўрик дарахтларни ҳар 2-3 кунда, сув ўтказувчанлиги юқори бўлган ғовак тупроқли майдонларда эса ҳар куни суғориш тавсия қилинади. Ўрик дарахтининг ирригация коэффициентлари (Kc) жадвалда келтирилган.

Ўрик дарахтларининг гуллаш вақти, мева тугишдан уларнинг пишгунича бўлган давр, меваларни ривожланиш ва ҳосил териб олинганидан кейинги даврлар ўрик дархтларини суғоришнинг қалтис даврлари саналади.
Ўрик дархтлари ўзининг асосий ўсув даврида турли стресс ҳолатларга чидамли саналишади, бироқ улар ўсув даврининг бошланғич (эрта баҳорги куртакланиш, гуллаш ва мева тугиш) босқичларида зарур миқдордаги сувни олишлари лозим саналади. Чунки бу даврда улар жуда тез ривожланадилар.
Яна бир критик босқич ҳосил пишиб етилишидан олдин бошланади. Бу даврда мевалар тез етилади, дарахтлар эса суғориш тўлиқ бўлишини талаб қилади. Ҳосил териб олинганидан кейин ҳам тўлиқ суғориш талаб этилади. Мевалар тугилгандан то пиша бошлайдиган давргача суғоришни камайтирилган миқдорларда ўтказса ҳам бўлади.
Ўрик дарахтларини томичлатиб суғориш
Ўрик дарахтлари қаторлари орасидаги масофа катта бўлганлиги учун одатда бир қаторга иккитадан томчилатиб суғориш шлангини ётқизиш тавсия қилинади. Томчизгичлар орасидаги масофа 0,5 метрни, бир томизгичнинг сув сарфи эса тупроқ турига қараб 1,5-2,5 л/соат бўлиши тавсия қилинади.
Амалиётда ўрик дарахтларининг икки тарафидан томизгичлар ўрнатиш (дарахтдан 0,25-0,5 м масофада) мумкинлиги тадқиқотчилар томонидан тасдиқланган. Бунда томизгичларнинг сув сарфи 2-4 л/соат бўлиши мумкин.

Ўрик дарахтларини ҳосилни йиғиб олиш
Ўрик дархтлардан биринчи ҳосил одатда учинчи йили олинади, 4-6 ёш бўлганида эса дарахтлар тўлиқ ҳосилга киради. Ҳосилдорлик учинчи йили 5 т/га, олтинчи йили 18 т/га ни ташкил этади. Катта ёшли ўрик дарахтлари 25-40 ёшигача ҳосил беради ва у одатда гектарига 20-30 тоннани ташкил қилади.
Ўрик меваларини қўлда эҳтиёткорлик билан терилади. Ўрик мевасининг териси жуда юпқа бўлиб, ҳар қандай таъсирга ўта таъсирчан. Ўрик ҳосилини йиғиш даври жуда қисқа, шу сабабли меваларни ранги ўзгара бошлаши билан уларни териш бошланади. Сарғайган меваларни танлаб териш яхши самара беради.

Ўрик дарахтларини сувуқ уришидан ҳимоялаш
Ўрик дарахтларини совуқ уришидан ҳимоялаш улар эрта гуллаганлиги боис, совуқ уриш хавфи юқори бўлган ҳудудларда айниқса муҳим аҳамиятга эга. Совуқ уришидан ҳимоялаш учун дарахтларни тепадан ёмғирлатиб суғориш тавсия қилинади. Бунда ҳар бир дарахт учун алоҳида сув пуркагич қўлланилиб микроиқлим шароити яратилади. Микроиқлим яратиб суғоришнинг минимал даври – 3,5 ойни ташкил қилади. Совуқдан ҳимоялаш тизимидан вегетация даврида суғориш тизими сифатида фойдаланса ҳам бўлади.

Манба: Мевали дарахтларни томчилатиб суғориш режими бўйича тавсиялар. Маматов С.А. / Тошкент, 2015

Дўстларингизга ҳам улашинг!