O‘zLiDePнинг амалий ташаббуси

Партия Зомин туманида 8900 гектар ерга узумзорлар ташкил 
этиш ҳисобига 11 минг янги иш ўрни яратиш лойиҳасини илгари сурмоқда

Бугун мамлакатимизда келгуси беш йилга мўлжалланган Ҳаракатлар стратегияси ва унинг асосида ишлаб чиқилган давлат дастури асосида кенг қамровли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Ўзбекистон Либерал-демократик партияси ўзини нафақат ушбу тарихий ҳужжат асосида олиб борилаётган ислоҳотларнинг самарасидан манфаатдор бўлган, балки унинг ҳаётга татбиқ этилишини ўз зиммасига олган сиёсий куч деб билади. Энг муҳими, бу жонбозлик фақат қоғозда эмас, балки амалда ўз исботини топмоғи лозим.

 Партиянинг жойлардаги ташкилотлари фаолиятини танқидий таҳлил қилиб, қайта кўриб чиқмоқда, ишни бугунги давр талабидан келиб чиқиб ташкил этишга алоҳида эътибор қаратаяпти. Бунинг натижасида қатор ҳаётий лойиҳалар, ташаббуслар юзага чиқмоқда. Биргина мисол, партиянинг Зомин туман Кенгаши тадбиркорлар, фермерлар, соҳа мутахассислари билан ҳамкорликда амалий лойиҳага қўл урди.

Хўш, ушбу лойиҳа нима мақсадда тайёрланди, унинг вазифалари нималардан иборат? Бу ҳақда тўлиқ маълумотга эга бўлиш учун бевосита ташаббускорлар фикри билан танишсак.

Эркин ХОЛМАТОВ,

O‘zLiDeP Жиззах вилоят

Кенгаши раиси:

 – О‘zLiDeP томонидан аниқ дастурий мақсадлар асосида республикамизнинг қатор туманларида қишлоқ хўжалик маҳсулотлари етиштириш, ер ва сув захираларидан унумли фойдаланиш масалалари атрофлича ўрганиб чиқилмоқда. Партиямиз ташаббуси билан Жиззах вилояти туманларида жойларга чиқиб, соҳа мутахассисларини жалб этган ҳолда боғ ва узумзорлар ҳолати ўрганилди. Ўрганиш натижалари шундан далолат берадики, вилоятимизда кейинги йилларда боғ ва токзорларда мева-узум навларининг айримлари турли экологик сабабларга кўра қурий бошлаган, кўпгина токзорларга касаллик ва зараркунандалар зарар етказиши сабабли узум мевалари пишмасдан сифатсиз ҳолга келиб тўкилиб кетиш ҳолатлари содир бўлмоқда. Вилоятимизнинг кўпгина худудларида узумнинг саноатбоп ва хўраки навлари камайиб кетган, чўл жойларда шўр ернинг устки қатламига кўтарилиб, токзорлар қурий бошлаган.

Ўрганиш давомида бу борадаги фойдаланилмаган имкониятлар ҳам кўзга яққол ташланди. Биргина Зомин туманида томчилатиб суғориш тизими асосида узумчиликни ривожлантириш, мўл ҳосил олиш, бўш ётган ерлардан унумли фойдаланиш борасида катта имкониятлар мавжудлиги маълум бўлди. Лойиҳа тўлиқ амалга оширилиб, узумчиликка ихтисослашган майдонлар кўпайса, ҳудуддаги 11 минг ишсиз аҳолининг бандлиги таъминланади. Чунки ушбу майдонлардан 135 минг тонна ҳосил олиш ҳисобига йиллик қуввати 94 минг тонна бўлган 19 та (ҳар бир корхонанинг йиллик қуввати 5 минг тонна) қайта ишлаш корхонаси қуриш имконияти яратилади.

Шуҳрат ҚЎЛДОШЕВ,

“Янгиобод узум сервис”

МЧЖ раҳбари:

– Ушбу соҳада озми-кўпми тажрибага эга бўлган киши сифатида шуни айтишим керакки, Зомин тумани тоғ ва тоғолди ҳудудларида узумнинг серҳосил истиқболли янги навларини экиб, янги токзорлар барпо этиш учун барча имкониятлар мавжуд. Ушбу ҳудудларга кузги хўраки навларидан тоифи, Паркент, ўрта пишар хўраки навларидан Ризамат, оқ ҳусайни, хурмани, қизил ҳусайни, кишмиш навларидан қора кишмиш, кишмиш Ботир, нилуфар, кишмиш Зарафшон, саноатбоп навлардан баян ширей, Ўзбекистон мускати, саперави каби навларни иқлим ва ер шароитини ҳисобга олиб экилса, республикамиз аҳолисидан ортган маҳсулотни хорижга экспорт қилиш ҳам мумкин.

Томчилатиб суғориш усули орқали дала эмас, экин турлари суғорилади. Қолаверса, томчилатиб суғорилганда токлар оралиғига техника ишлатилиши кескин камаяди. Чунки тупроқ юмшатилмагани ва ўғит сув билан бирга берилгани боис техника ёки қўл кучига эҳтиёж сезилмайди. Шунингдек, дала культивация қилинмайди, ўқариқ ва ариқлар олинмайди. Натижада суғоришдан сўнг намни қочирмаслик мақсадидаги ўқ ариқларни янгитдан олиш ёки кўмиш каби ташвишларга ҳам зарурият қолмайди. Одатдаги усулда далага трактор 10-15 марта кирса, томчилатиб суғорилганда 2-3 марта киради, холос. Мавсум давомида ҳар гектар майдон ҳисобига 50-60 литр атрофида дизель ёнилғиси тежалади. Томчилатиб суғорилганда йил бўйи бериладиган ўғитлар учун харажатлар 30 фоизга камаяди, экиннинг ўғитни ўзлаштириши 90 фоиздан юқори бўлади. Одатдаги усулда эса 30-40 фоиздан ошмайди. Томчилатиб суғорилганда қўл меҳнати кескин камаяди, сувчини сувнинг ортидан юришига ҳожат қолмайди. Биргина сувчи бир кунда 10-15 гектар ерни бемалол суғоради. Унинг меҳнат унумдорлиги сезиларли ортади.

Далада трактор юрмагани боис четда қолиб кетадиган ерларда ҳам экин етиштирилади. Ташламага сув ташланмайди, натижада зовурларга зарурият қолмайди. Токларнинг дастлабки ривожланиш даврида лалми шароитда қатор ораларига дуккакли экинлар экиб, фойдаланса ҳам бўлади. Дала тупроғи эрозияга учрамайди, тупроқнинг унумдор қатлами сақлаб қолинади. Сув фильтрда тозалангани боис бегона ўтлар уруғлари оқиб келмайди ва далани бегона ўт босмайди. Экинларни суғоришда ортиқча сув берилмайди, ер ости грунт сувлари сатҳи кўтарилмайди, шу боис тупроқнинг мавсумий шўрланиши юз бермайди. Ерни қишда ювишга ҳам ҳожат қолмайди. Ўз навбатида, сарф-харажат ҳам шунга яраша қисқаради.

Исоқ АЗИМОВ,

O‘zLiDeP Зомин туман

Кенгаши депутатлик гуруҳи раҳбари:

– Биз депутатлик гуруҳи аъзолари партиямиз билан биргаликда нафақат ушбу ҳудуднинг имкониятларини ўргандик, балки томчилатиб суғориш технологияси асосида токзорлар барпо қилиш учун ўртача 5 гектар ер майдонига кетадиган харажатлар сметасини ҳам ишлаб чиқдик. Ҳисоб-китобларга кўра кўчатларни экиш схемаси, ҳовуз-тиндиргич, К 25/32 маркали сув насоси, ўғитловчи мослама, магистрал қувур, тарқатувчи қувур (d=50мм), суғориш шланглари (d=16мм), томизгичлар (4 л/соат), ёрдамчи ва уловчи қисмлар, қурилиш харажатлари, лойиҳани тузиш нархи (400000 сўм/га) учун 40 миллион сўм атрофида маблағ талаб этилади.

Эътиборлиси, ушбу технология учун талаб этиладиган жиҳоз ва анжомларнинг 95 фоизи республикамизда ишлаб чиқарилмоқда. Бундан атиги 5–6 йил бурун мамлакатимиз шароитида томчилатиб суғориш тизимининг айрим қисмларинигина ишлаб чиқарувчи биргина “Санипласт” қўшма корхонаси фаолият кўрсатган бўлса, ҳозирги кунга келиб бундай корхоналар сони анча кўпайди. Агар сув насоси “Сувмаш” заводида тайёрланса, фильтр, ҳар хил диаметрдаги пластик қувурлар, шланглар, ёрдамчи ва уловчи қисмлар “Шўртангаз”, “Махсусполимер”, “Жиззахпластмасса” ва бошқа корхоналарда ишлаб чиқарилмоқда. Авваллари тўлиқ четдан келтирилган томизгичлар эндиликда Тошкент шаҳридаги “Pipe tehnologies” масъулияти чекланган жамиятида тайёрланмоқда. Маҳаллий хомашёлардан ишлаб чиқарилаётган ускуналар хорижникидан асло қолишмайди. Бу эса томчилатиб суғориш технологиясини жорий этиш таннархини пасайтиришнинг муҳим омилларидан бўлмоқда.

uzlidep.uz