ПАКАНА, ДЕМАНГ БИЗНИ…

Айрим боғбонлар нега ҳамон анъанавий дарахтларни афзал кўрмоқда?

Интенсив боғлар майдони ҳамма вилоятларимизда ҳам кенгаймоқда. Бундай пастак боғлар ўз самарасини беряптими? Яратиш борасида улкан ишлар амалга оширилмоқда. Яқинда Ўзбекистон Боғдорчилик, узумчилик ва виночилик илмий-тадқиқот институтида хорижий мутахассислар билан ҳамкорликда пакана, ярим пакана мевали дарахтлар кўчатларини «in vitro» шароитларида кўпайтириш бўйича янги лаборатория ташкил этилгани боғбонларимизга нима бермоқда?

Мутахассисларнинг айтишича, янги технология йил мобайнида, исталган об-ҳаво шароитида вируслардан ҳоли, тўла соғлом, бақувват кўчат олиш имконини бераркан. Агар ана шу янгича технология асосида ишлар давом эттирилса, яқин йиллар ичида бутун юртимизни ана шундай кўчатлар билан таъминлаш мумкин бўлади. Қолаверса, бундай кўчатларни экспорт қилиш ҳам яхшигина даромад келтиради.

— Пакана ва ярим пакана мевали интенсив боғларнинг афзалликлари кўп, — дейди Ўзбекистон Боғдорчилик, узумчилик ва виночилик илмий-тадқиқот институти олими, қишлоқ хўжалиги фанлари номзоди Абдулла ОРИФОВ. — Улар пакана бўлишига қарамай, баланд бўйли дарахтлар берадиган ҳосилни беради. Масалан, оддий олмали боғнинг бир гектаридан 10-20 тоннагача ҳосил олиш мумкин. Пакана ва ярим пакана дарахтлардан эса 50-80 тоннагача ҳосил олса бўлади.

— Бундай юқори ҳосилдорликнинг сабаби нимада?

— Аввало, экиш технологиясида. Пакана ва ярим пакана мевали дарахт кўчатларни тиғизроқ, масалан, қатор ораси 3,5 метр масофада экиш тавсия этилади. Оддий мевали дарахт кўчатларини эса кенгроқ, ораси камида 4-5 метр масофада экилади. Пакана ва ярим пакана мевали дарахтларнинг танасига нисбатан ҳосил бериш коэффициенти анча юқори бўлади. Негаки, қуёш нурлари тушиш даражаси ва фотосинтез жараёни яхши кечгани сабабли ҳам маҳсулдорлиги юқори бўлади.

Бундан ташқари, пакана дарахтларнинг айрим турлари экилган йилнинг ўзидаёқ мева бериши мумкин. Баланд бўйлиларда эса бу жараён 4-8 йилгача чўзилади. Пакана дарахтлар тўртинчи йилдан бошлаб ҳар йили барқарор ҳосил бера бошлайди. Баланд бўйли дарахтлар борасида бундай деб бўлмайди: бир йил шиғил мева солса, янаги йили «дам олади». Пакана дарахтларга шакл, ишлов бериш, ҳосилини териш анча осон.

— Янгича технологиянинг оммалашиши қандай кечмоқда?

— Қатор афзалликларига қарамасдан, кўпгина фермеру боғбонлар анъанавий боғдорчиликни интенсивига алмаштиришга шошилмаяпти. Аксарият боғбонларни интенсив боғларнинг паканаси максимум 18 йил, ярим паканаси 25-30  йил умр кўриши ўйлантирмоқда. Баланд бўйли мевали дарахтлар эса ўртача 60 йилгача умр кўради. Яна боғбон пакана ва ярим пакана боғлар билан ишлаш технологиясини ҳам ўзлаштириб олиши зарур. Боз устига катта майдонда интенсив боғ яратиш учун катта харажат ҳам талаб этилади. Лекин оддий боғларда ҳам қаторасига ўнлаб йиллар барқарор яхши ҳосил олишга ҳеч қандай кафолат йўқ. Бироқ мутахассислар ҳар йили куздан баҳор ойлари охирига қадар жойларда тушунтириш ишлари, махсус ўқув-семинарлари, тренингларни ташкил этмоқда. Хуллас, яқин йиллар ичида юртимизда интенсив боғлар майдони янада кўпаяди.

«Оила даврасида» газетаси

Ушбу мақолани дўстларингизга ҳам улашинг!