ПАРРАНДА ГЎНГЛАРИНИНГ ДЕҲҚОНЧИЛИКДАГИ АҲАМИЯТИ

Парранда ахлати қимматли ва тез таъсир этувчи маҳаллий ўғит. Парранда ахлати таркибида ўсимликларнинг меъёрда ривожланиши учун зарур барча озиқ моддаларни тутади.

Парранда ахлати таркибидаги озиқ моддаларнинг миқдори парранда тури, озуқа миқдори ва сифатига қараб кескин ўзгаради. Йил давомида ҳар бош товуқдан 6—8, ўрдакдан 8—10 ва ғоздан 12 кг гача ўғит олиш мумкин. Парранда ахлати таркибидаги барча озиқ моддалар ўсимлик осон ўзлаштирадиган шаклдадир.

Азотнинг асосий қисми сийдик кислотаси шаклида бўлиб, сақлаш жараёнида аввал мочевинага, кейин аммоний карбонатга айланади. Нотўғри сақлаш шароитларида аммоний карбонат парчаланиб, тезда аммиак, С02 ва сув ҳосил бўлади.

Ўғит катта уюмларга тўплаб сақланса, тезроқ қизийди ва бунда ҳам аммиакнинг исроф бўлиши кузатилади. 6 ой сақланган парранда ахлати таркибидан 50 % га яқин азот йўқолади. Қиш фаслида ахлатнинг музлашидан ҳам кўп миқдорда азот йўқолади.

Азот исроф бўлишининг олдини олиш мақсадида парранда ахлатига массасининг 7— 10% и миқдорида суперфосфат талқони ёки 20—40%ига тенг торф кукуни кўшиш лозим. Паррандахонага майда қирқилган сомондан тўшама ташланса, ўғит таркибидаги озиқ моддаларнинг исроф бўлиши камаяди.

Янги, тўшамасиз парранда ахлати таркибидаги азот ҳали аммоний ҳолатига ўтиб улгурмаганлиги сабабли уни юқори (600—800°С) ҳароратда қуритиш мумкин. Бундай усулда қуритилган парранда ахлати ўз таркибида 4—6% азот, 2—3% фосфор (Р205) ва 2—2,5% калий (К20) тутади.

Қуритилган ўғит таркибидан ярим йил давомида атиги 4—11% органик модда ва 2—8 фоиз азот йўқолиши кузатилган. Парранда ахлатини экишгача ва ниҳолларни қўшимча озиқлантиришда қўллаш тавсия этилади.

Унга айниқса картошка, илдизмевалилар, сабзавот экинлари ва мевали дарахтлар талабчандир. Асосий ўғит сифатида қуруқ парранда ахлатини сабзавот экинлари ва картошкага 1—2 т/га миқдорда қўллаш керак.

Манба: @agrobloger телеграм канали