Пахта ҳосилдорлигига қатор оралиғининг таъсири

Республикамиз пахтачилигида тупроққа асосий ва қатор орасига ишлов беришда ресурс ва манбатежамкор, юқори самарадорликка эга бўлган модернизациялашган техника воситаларидан фойдаланиш ҳамда ғўзани мақбул қатор оралиқларида етиштиришга қаратилган кенг қамровли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Бу борада, жумладан, энергия ва ресурсларни тежаш ҳисобига ёқилғи-мойлаш
материаллари, меҳнат сарфи ва бошқа харажатларни камайтириш, иш унумдорлигини ошириш мақсадида юқори унумли тракторлардан ерни ҳайдаш, қатор орасига ишлов беришни такомиллаштиришга қаратилган қатор илмий-тадқиқот ишларини олиб бориш муҳим аҳамиятга эга.
Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 17 июндаги ПФ-5742-сонли “Қишлоқ хўжалигида ер ва сув ресурсларидан самарали фрйдаланиш чоратадбирларитўғрисида”ги Фармонининг 7-бандида “тупроқ унумдорлигини ошириш, сув ва бошқа табиий ресурслардан самарали фойдаланиш бўйича илмий тадқиқотлар олиб борилиши” фармонига мувофиқ, шунингдек, кластерлар фаолиятини янада ривожлантириш мақсадида охирги йилларда, чигит экиш мавсумидаёқ юртимиз деҳқончилигида янги усуллар жорий этилмоқда. Жумладан, чигитни кўп қаторли яъни, саккиз ва ўн икки қаторли сеялкаларда экилиб, ғўза турли қатор оралиқларида парваришланиб келинмоқда.
Ҳозирги кунда кластерлар томонидан чет давлатлардан олиб келинаётган техникаларни ҳисобга олган ҳолда иш унумдорлигига таъсир таҳлиллари тўлиғича аниқланмаган. Масалан, янги яратилаётган ғўза навларининг морфо-биологиясини
ҳисобга олган ҳолда чигит экиш, қатор ораларига ишлов бериш, культивация қамров кенглиги ва чуқурлиги, тупроқ агрофизик, агрокимёвий хоссаларига таъсири, ўсиш ва ривожланиши, илдиз тизими шаклланиши, пахта ҳосилдорлиги, тола сифат кўрсаткичларига ҳамда пировардида иқтисодий самарадорлигига таъсири бўйича илмий тадқиқот ишлари етарлича олиб борилмаган. Масалан, тупроқни ҳимоя қилиш технологиялари ҳозирги кунда чет эл мамлакатлари қишлоқ хўжалигида ресурстежамкор технологияларнинг ажралмас бир қисми сифатида
қўлланилиб келинмоқда.
А.Қашқаров Фарғона вилоятининг ўтлоқи тупроқлари шароитида олиб борган тажрибаларида 70 см қатор оралиғида ғўза парваришланганда, 90 см қатор оралиғига нисбатан самарали бўлиб, 1,9 ц/га юқори ҳосил олинганлигини аниқлаган.
О.Махмудов ва бошқалар Андижон вилояти хўжаликларида ўтказилган тадқиқотларида ғўзани 80 ва 60 см қатор оралиқларида парваришланганда, 80 см қатор оралиғида
60 см қатор орасига нисбатан 4,2 ц/га қўшимча ҳосил олинганлигини, бироқ, баъзи майдонларда ўрганилган қатор оралиқларида ҳосилдорликда сезиларли даражада фарқ кузатилмаганлигини исботлашган.
М.Меднис, А.Лудколарнинг фикрларича, ғўза парваришлашда квадрат уяли экишни қўллаш, қатор орасига ишлов беришда юқори даражада механизацияга эришилиб, қатор ораси 60 ва 70 см экилганга нисбатан меҳнат сарфи 35–45% гача камайганлиги аниқланган.

Ҳозирги кунда қишлоқ хўжалик ходимлари олдига қўйилган асосий вазифа фанда интеграцияга асосланиб янги техникаларни иш унумлигини ҳисобга олган ҳолда тежамкорли мажмуий типдаги машиналар тизимига ўтиш зарур. Шу билан
бирга, тупроқ унумдорлигига ижобий таъсир этувчи жадаллаштириш жараёнини қўллаган ҳолда ресурстежамкор, янги ғўза навларига мос мақбул қатор оралиғини ишлаб чиқиш ҳамда мўл ва сифатли ҳосил етиштириш долзарб аҳамиятга эга.
Тажриба Тошкент вилояти Қибрай туманида жойлашган Пахта селекцияси, уруғчилиги ва етиштириш агротехнологиялари илмий-тадқиқот институти (ПСУЕАИТИ) “Оқ-қовоқ”
марказий тажриба участкаси типик бўз тупроқлари шароитида ўтказилди. Типик бўз тупроқлар эскидан суғорилиб келинаётган шўрланмаган автоморф тупроқ турига кириб, сизот сувлари 18-20 метр чуқурликда жойлашган. Тупроғининг механик таркиби ўртача ва оғир чангсимондир. Чириндили қавати 30-35 см га боради. Ҳайдалма қатлами остидаги она жинси кучли аллювиал-лойқа чўкиндилар билан характерланади. Типик бўз тупроқлар таркибида чиринди ўрта ҳисобда 1,0-1,3%, азот 0,10-0,16% га боради. Тупроқнинг соз ва қумоқлардан бўлган айирмаси соз тупроқ ётқизиқларидан иборат бўлиб, карбонатларнинг энг кўп миқдори 20-80 см
қатламларда тўпланиши кузатилган, тупроқ ҳажм массаси 1.1-1.5 г/см3 атрофида ташкил этади.
Илмий изланишларимиз ўрта толали “Навруз” ғўза навини 60 см (назорат) ва 80х40 см қатор оралиқларида 90-100 ва 120-140 минг туп/га кўчат қалинликларида парваришланиб, 80х40 см қатор оралиғидаги 40 см тор орасига ишлов берилмасдан ҳамда бир ва икки марта ишлов берилиб, дала тажрибаси олиб борилди. Бунда амал ўсув даври бошида тупроқнинг ҳажм массаси 0-30 см ҳайдов қатламида 80х40
см қатор орасига чигит экилган вариантдаги тор 40 см қатор орасига 2 марта ишлов берилганда, 1,28 г/см3 ни, 60 см қатор орасига ва 80х40 см қатор орасига ишлов берилмаган ҳамда бир марта ишлов берилган вариантлардаги тупроқнинг ҳажм
массасига нисбатан 0,04-0,02-0,03 г/см3 гача зичланиши кам бўлганлиги аниқланди. Ҳайдовости 30-50 см қатламларда тупроқнинг зичланиши ўртасида тафовут катта бўлмади.
Тупроқнинг ғоваклиги мутаносиб равишда 0-30 см қатламда 52,6-54,1 фоизни ва 30-50 см қатламда 49,6-48,9 фоизни ташкил этди.
Тадқиқотларимиз давомида ғўза илдиз тизимининг ривожланиши шоналаш даврида қатор ораларида турлича бўлган. Бунда асосий ўқилдиз 60 см қатор оралиқларида чуқурроқ, яъни 36,3 см гача кетганлиги маълум бўлиб, бунда ҳар бир қатор орасига ишлов берилганда, ўқилдиз ривожланиши ёнилдизларга нисбатан яхши ривожланган. Қатор оралиқлари 80х40 см да, аксинча, илдиз 31,2 см гача бориб, бунда 80 см
оралиқда кўпроқ ишлов берилиб ён илдизлар асосан ҳайдов қатламигача яхши ривожланган, ўқилдиз эса ёнилдизларга нисбатан ривожланиши сустроқ бўлган. Шунинг учун бу қатор оралиқларида юқорида қайд қилингандек, 80х40 см қатор
оралиғида 40 см тор оралиқларига чуқур ишлов берилмайди, суғоришлар ҳам шу 80 см оралиқда бўлди, ён илдизлар яхши ривожланишига имкон яратилди. Демак, илдиз тизимининг ривожланиши тупроқ таркибидаги озиқаларнинг кўп ёки озлигидан ташқари, ўсимликнинг ер устки қисмига, хусусан, фотосинтез жараёнига боғлиқдир. Шунингдек, ғўзанинг амал даврида (сентябр) олиб борилган кузатишларимизда қатор
оралиғи 80х40 см даги, 40 см тор орасига икки марта ишлов берилган вариантда ҳосил шохлари ўртача 12-13 дона, бўйи 88.4-97.8 см ва кўсаклар сони 11,5-11,8 донага тенг бўлганлиги кузатилиб, яъни 60 см (назорат) га нисбатан кўчат қалинликларига мутаносиб равишда 0.7-1.0 донага кўсаклар кўплиги аниқланди. Амал даври охирига келиб назарий кўчат қалинлиги 120-140 минг туп/га қолдирилган вариантларда
қатор оралиғи назоратга нисбатан ўзгарувчан 80х40 см да бироз бўлса-да, яъни 4.2 минг туп кўп кўчат олиш имконияти таъминланди.
Илмий тадқиқотларимизда ғўза қатор оралиқларидаги тупроқнинг ҳажм массаси ва ғоваклиги ўзгарувчан 80х40 см қатор оралиғи ҳамда 60 см қатор оралиғида ўсув даври
давомида деярли катта ўзгаришсиз ижобий сақланган. Бунда 80х40 см қатор оралиғида суғоришни қатор оралатиб ишлов беришда трактор юриши қисқариши ҳисобига тупроқнинг ҳажм массасига, ғоваклигига таъсири камайиб, ўз навбатида
ғўзанинг ўсиш ва ривожланиши, илдиз тизимининг шаклланиши меъёрида бўлиши намлик ва озуқа моддаларни ўз вақтида ўзлаштирилиши таъминланган.
Олиб борилган уч йиллик дала тажрибаларига асосан гектарига назарий кўчат қалинлиги 90-100 минг туп бўлган вариантларда, ҳақиқатда 90.9-93.5 минг туп кўчат олиниб, ҳосилдорлик 34.4 ц/га гача, 120-140 минг туп/га кўчат қалинлигида эса ҳақиқатда 114.1-119.2 минг туп кўчат олиниб 36.8 ц/ га ҳосил олишга эришилди.
Умуман ўтказилган дала тажрибаларида энг яхши кўрсаткичлар ғўза 80х40 см қатор оралиғидаги тор 40 см оралиққа икки марта ишлов берилган вариантда кузатилиб, тупроқ агрофизик-агрокимёвий хоссаларининг яхшиланиши, илдиз тизимининг меъёрида шаклланиши, ўсиш ва ривожланиши яхшиланиб ҳосил элементларининг кўпайиши кузатилиб, 60 см га нисбатан қўшимча 3,7 ц/га ҳосилдорлик ошиши
таъминланди.

Шавкат САЛОМОВ, қ.х.ф.д., Йўлдошбек МУҲАММАДОВ, таянч докторант, ПСУЕАИТИ.

Манба: «AGRO ILM» 2021 йил, 3-илова (73)-сон

Сайтда имловий ёки услубий хатога кўзингиз тушдими? Хато жумлани белгиланг ва CTRL+ENTER босиш орқали бизга хабар беринг.