Писта цитоспорози касаллиги

Цитоспорозда (замбуруғли касаллик) барг ва мева этлари зарарланади. Зарарланган баргларда қўнғир доғлар пайдо бўлади. Доғлар ўсган сари бутун барг пластинасини қоплайди. Доғлар қора тешиксимон ёстиқчалар (замбуруғ меваси) билан қопланади. Мева этларида аввал кичик доғчалар пайдо бўлади, улар кенгайиб, деярли бутун мева этини қоплаб олади. Касаллик май ойининг биринчи ярмида кўрина бошлайди, сўнг зарарланган дарахтлар фоизи ва зарарланиш даражаси кескин ортади. Июл ойининг бошида оммавий касалланиш кузатилади.

Касаллик ҳар ерда, айниқса писта ўсадиган жанубий ҳудудда тарқалган. Инфекцияли юкланма кучли бўлган шароитларда касаллик жуда жадал тарқалиб, ўсимликларнинг 90% га қадар зарарлантиради.

Касаллик келтирадиган зарар катта. Зарарланиш кучли бўлганда барглар аввал сарғаяди, букилади ва тўкилади, дарахтнинг ассимиляция жараёнини бузади, ўсишни секинлаштиради ва ҳосилни камайтиради. Мевалар эрта зарарланганда ундаги мағиз охиригича шаклланмайди, кучли зарарланган мевалар қурийди ва тўкилади.

Инфекция манбаи асосан зарарланган барглар ва мевалардир, улардаги инфекция қиш давомида сақланиб келади.

Курашиш мумкинми? Касалликни камайтирувчи асосий тадбир пистанинг касалликка чидамлигини оширишга хизмат қилувчи агротехник тадбирларнинг барчасини тизимли амалга ошириш ва касаллика чидамли нав ва шаклларни жорий этишдан иборат. Айни пайтда шуни ҳисобга олиш керакки, парвариш қилишда (шудгорлаш, поя ёни тўгаракларини ёмшатиш) тўкилган зарарланган барг ва мевалардаги инфекция ўчоғи йўқ қилинади.

Кимёвий кураш чораларини кучли зарарланган (баргларнинг 50% дан ортиғи зарарланган) пистазорлар ҳамда ўртача зарарланган ёш пистазорларда (ўрмон уруғчилиги майдонлари ва плантациялари) бажариш мақсадга мувофиқ.

Қишлаётган инфекцияга қарши курашиш учун вегатация давридан аввал эрта баҳорда дарахтлар, тўкилган барг ва меваларни 1 фоизли ДНОК ёки 5 фоизли нитрафен препаратлари билан ишлов бериш лозим. Касалликнинг илк аломатлари пайдо бўлганда (майнинг иккинчи ўн кунлиги) зарарланган дарахтларни поликарбацин ёки полихоннинг 0,5% концентрацияли аралашмаси билан (5-8 кг/га) ишлов бериш керак. Бу препаратлар билан такрорий ишлов бериш – 20 кундан сўнг.

Поликарбацин – 75% ли ҳўлланувчи кукун (кулранг ёки очиқ малларанг) шаклида чиқарилади, заҳарлилиги паст. Мис хлороксидли поликарбацин (полихон) – 80% ли комбинацияланган ҳўлланувчи кукун (ҳидсиз очиқ яшил кукун), заҳарлилиги ўртача. Аралашма бевосита ишлатишдан аввал тайёрланади.

Манба: Г. М. Чернова (2014). Ўзбекистон арид турдаги адирларида навлар асосида хандон писта ўрмонзорларини етиштириш бўйича тавсиялар.