Экиш учун тавсия қилинган пиёз навлари

Эртанги пиёз учун маҳаллий “Истиқбол”, “Зафар”, “Сумбула”, “Марғилон маҳаллийси”, “Самарқанд қизили”, хорижнинг “Алдова”, “Дайтона”, “Сибирь”, “Манас”, “Радар” навлари тавсия этилади.

“Марғилон маҳаллий”. Кечпишар нав, ўсув даври 150-160 кун. Пиёзбоши тухумсимон, баъзан сигаретсимон, қобиғи оқ рангли, эти оқ, жуда майин, серсув, тиғиз эмас, вазни 80-100 г, дегустацион баҳоси ширин. Ҳосилдорлиги 29-31 т/га ва аччиқ эмас.

“Каба 132”. Кечпишар нав, ўсув даври 150-160 кун. Пиёзбоши юмалоқ ёки қозонсимон, устки қисми кенг, илдизга яқинлашган сари ингичкалашиб боради, қобиғи сариқ, эти оқ, тиғизлиги ўртача, вазни 80-100 г, дегустацион баҳоси ярим аччиқ. Таркибида қуруқ модда миқдори 8,9%, Ҳосилдорлиги 25-30 т/га.
“Оқ дур”. Эртапишар нав, ўсув даври 110 кун. Ҳосили апрелнинг иккинчи ярми, майнинг биринчи ўн беш кунлигида пишиб етилади. Пиёзбоши юмалоқ, қобиғи оқ рангли, эти оқ, серсув, тиғиз, вазни 100-125 г. Таркибида қуруқ модда миқдори 12,3%, Ҳосилдорлиги 38-43 т/га. Эрта кузда августнинг иккинчи ва
сентябрнинг биринчи ярмида экиш мумкин.

“Истиқбол”. Кечпишар нав, ўсув даври 150-160 кун. Пиёзбоши тухумсимон, баъзан сигаретсимон, қобиғи оқ рангли, эти оқ, жуда майин, серсув, тиғиз эмас, вазни 80-100 г, дегустацион баҳоси ширин. Ҳосилдорлиги 29-31 т/га ва аччиқ эмас.
“Зафар”. Ўртапишар нав, ўсув даври 138-143 кун. Пиёзбоши юмалоқ, қобиғи бинафша ранг, эти оч бинафша ранг, серсув, тиғизлиги ўртача, вазни 130-150 г. Таркибида қуруқ модда миқдори 13,9%. Ҳосилдорлиги 40-45 т/га. Баҳорги ва тўқсонбости муддатларда экиш мумкин.

“Самарқанд қизили 172”. Кечпишар нав, ўсув даври 150-160 кун. Пиёзбоши яссиюмалоқ, қобиғи сиёҳ ранг, этли, эти оч гунафша ёки оч пушти ранг, тиғизлиги ўртача, вазни 70 -90г. Ҳосилдорлиги 25-30 т/га.

“Сумбула”. Эртапишар нав, ўсув даври 110 кун. Ҳосили апрелнинг иккинчи ярми, майнинг биринчи ўн беш кунлигида пишиб етилади. Пиёзбоши юмалоқ, қобиғи сариқ ранг, эти оқ, серсув, тиғиз, вазни 100-125 г. Таркибида қуруқ модда миқдори 11,4%, Ҳосилдорлиги 40-45 т/га. Эрта кузда августнинг 2- ва сентябрнинг 1-ярмида экиш мумкин.