Пиёз етиштириш технологияси

Экиш учун тавсия этиладиган навлар: маҳаллий шароитда яратилган эртапишар Сумбула, Оқ дур, ўртапишар Истиқбол, Зафар.

Уруғ танлаш. Экиладиган уруғи тоза, юқори унувчан, касалликлардан ҳоли, бутун, вазндор бўлиши зарур. Уруғлар бошқа ўсимликлар уруғлари ва аралашмаларидан тозаланади.

Ер тайёрлаш. Уруғ сепиладиган майдонлар ўтмишдош экин қолдиқлари ва бегона ўтлардан сифатли қилиб тозаланади. Тупроқ 20–25 см чуқурликда юмшатилади, йирик кесаклар майдалангач, яхшилаб текисланади ва суғориш эгатлари олинади.

Экиш муддати. Пиёз уч муддатда – эрта баҳорги, ёзги-кузги ва тўқсонбости қилиб экилади. Баҳорги муддатда пиёз уруғи жанубий вилоятларда 5–25 январь, марказий минтақада жойлашган вилоятларда 20 февраль–10 март, шимолий минтақаларда 5–25 март, тўқсонбости муддатда марказий минтақада жойлашган вилоятларда 15 ноябрь–15 декабрь ва  шимолий минтақаларда 1 ноябрь–1 декабрда, ёзги-кузги муддатда шимолий минтақаларда 15 август–1 сентябрь, бошқа вилоятларда 15 август–10 сентябрда экилади. Пиёз уруғи 10 сотих майдонга баҳорги муддатда 1,2–1,5 кг, ёзги-кузги ва тўқсонбости муддатда 2 кг. гача сарфланади. Ернинг нишабига қараб қатор ораларини 70–90 см. дан олиб тўрт қаторли усулда экилади. Уруғлар ерга 1,5–2 см чуқурликка кўмилади. Уруғлар сепилгандан кейин хаскаш билан тупроққа аралаштирилади.

Парваришлаш. Пиёзни баҳорда экиш учун жўяклар кузда олиб қўйилади. Ёзги-кузги ва тўқсонбости муддатларда пиёз ўртаги, ёзги сабзавот, картошка ҳамда ғалладан кейин экилади. Пиёз икки-уч марта — дастлаб ўсимликларнинг бўйи 6–8 см. га етганда, иккинчи марта боғлаб чиқариладиган товар ҳолига келганда ўтоқ ва ягана қилинади. Қатор оралари 15–16 см чуқурликда юмшатилиб бегона ўтлар йўқотилади.

Ўғитлаш. Пиёз патак илдизли сабзавот бўлиб, илдиз тизими асосан тупроқнинг устки қисмига яқин жойлашган. Шунинг учун у ернинг устки қисмида асосий озиқа элементларни кўп бўлишини талаб қилади. Бўз тупроқларда ҳар 10 сотихга ўртача 30 кг азот, 22 кг фосфор ва 9 кг калий бериш керак. Ўтлоқи, ўтлоқи-ботқоқ тупроқларда эса 25 кг азот, 20 кг фосфор ва 8 кг калий беришни тақозо этади. Шўрланган, тупроқ бонитети паст бўлган ўтлоқи тақир, тақир тупроқларда пиёз етиштирилганда 32 кг азот, 22 кг фосфор ва 10 кг калий бериш керак.

Суғориш. Ниҳоллар униб чиқаётган ва пиёз боши шаклланаётган даврда экиннинг сувга талаби айниқса ошади. Фақат вегетация даврининг охирида ва пиёз бошлари етилган пайтдагина ўсимликнинг сувга бўлган талаби бир оз камаяди. Сизот суви чуқур жойлашган бўз тупроқли ерларда кўкламнинг охири ёзнинг бошларида пиёз ҳар 7–10 кунда суғорилади. Пиёзбошининг ўсиши тўхтагандан кейин экин 12–14 кун оралатиб икки марта суғорилади ва йиғиб-териб олишга бир ой қолганда суғориш тўхтатилади. Сизот суви яқин бўлган жойларда пиёзни вегетация даврида 7–9 марта суғориш керак.

Касаллик ва зараркунандаларга қарши курашиш. Пиёз пашшаси, тамаки трипси, кузги тунлам ва бошқа зараркунандаларга қарши курашда 10 сотихга препаратлардан Каратэ 5% эм.к. (30–40 мл), Моспилан 25% н.кук. (25–30 мл), касалликлардан сохта ун шудринг, илдиз чириш, мозаика, сарғайиш, бўғин чириш касалликларига қарши 1 фоизли Бордо суюқлиги (мис сульфати бўйича 6–8 кг/га) билан ишлов берилади, 10–15 кунда қайта ишлов берилади. Топаз 10% эм.к. (12,5–15 мл) ёки Курзат Р н.кук. (200–250 г) препаратларини 60 литр сувда аралаштириб пуркаш тавсия қилинади.

Ҳосилни йиғиштириш. Пиёз поялари ётиб қолганда пиёз бошлари етилган деб ҳисобланади. Пиёз бошлари ковлаб ёки пояси билан бирга суғуриб олинади.

Манба: mehnat.uz

Ушбу мақолани дўстларингизга ҳам улашинг!