ПИЁЗ ЕТИШТИРИШ ТЕХНОЛОГИЯСИ

ПИЁЗ НАВЛАРИ. Пиёзни маҳаллий шароитда яратилган эртапишар Сумбула, Оқ дур, ўртапишар Истиқбол, Зафар навларини экиш тавсия этилади.

ПАРВАРИШЛАШ ТЕХНОЛОГИЯСИ. Ўзбекистонда пиёз уч муддатда эрта-баҳорги, ёзги-кузги ва тўқсонбости қилиб экилади. Баҳорги муддатда пиёз жанубий вилоятларда 5-25 январда, марказий вилоятларда 20 феврал-10 март, шимолий вилоятларда 5-25 март, 2- йил боғларга тўқсонбости муддатда марказий вилоятларда 15 ноябр 15 декабр ва шимолий вилоятларда 1 ноябр 1 декабрда, ёзги-кузги муддатда шимолий вилоятларда 15 август 1 сентябр бошқа вилоятларда 15 август- 10 сентябрларда уруғи экилади. Пиёз уруғи гектарига баҳорги муддатда гектарига 12-15 кг, ёзги – кузги ва тўқсонбости муддатда 20 кггача сарфланади. Пиёз СКОН – 4,2, СММ – 4 русумли сеялка билан ернинг нишабига қараб қатор ораларини 70-90 см. дан олиб тўрт қаторли усулда экилади. Уруғлар ерга 1,5 – 2 см чуқурликка кўмилади. Пиёз икки-уч марта дастлаб ўсимликларнинг бўйи 6 – 8 см га етганда, иккинчи марта боғлаб чиқариладиган товар ҳолига келганда ўтоқ ва ягана қилинади. Қатор ораларидаги бегона ўтлар КРН-2,8 А культиватори билан ерни 15-16 см чуқурликда ишлов берилади.

Ўғитлаш. Пиёз ўсимлиги патак илдизли сабзавот бўлиб, илдиз тизими асосан тупроқнинг устки қисмига яқин жойлашган. Шунинг учун у ернинг устки қисмида асосий озиқа элементларни кўп бўлишини талаб қилади. – Бўз тупроқларда пиёздан 30 тонна хосил олиш учун ҳар гектар ерга ўртача 300 кг азот, 220 кг фосфор ва 90 кг калий бериш керак. – Ўтлоқи, ўтлоқи ботқоқ тупроқларда эса 250 кг азот, 200 кг фосфор, 80 кг калий беришни тақазо этади. – Шўрланган, тупроқ бонитети паст бўлган ўтлоқи тақир, тақир тупроқларда пиёз етиштирилганда гектарига 320 кг азот, 220 кг фосфор ва 100 кг калий бериш керак.

Ўғитларни бериш муддати. Режалаштирилган ҳосилга белгиланган фосфор ўғитни йиллик миқдорини 70-75% ерни асосий ишловида, қолган қисми эса ерни бороналашдан олдин берилади. Азот ўғитини эса вегетация даврида озиқлантириш пайтида тенг иккига бўлиб берилади. Биринчи озиқлантириш пиёз ягоналаб, пиёз боши ўтоқ қилингандан сўнг, иккинчиси эса шакллана бошлаганда берилади. Пиёз ўсимлигига органик ўғитлардан янги гўнгни бериш тавсия этилмайди. Гўнг берилганда гўнгдаги бегона ўтлар уруғлари униб чиқиб, олинадиган ҳосилга салбий таъсир этади.

Суғориш. Пиёз ҳаво нами паст жойларда яхши ўсади, аммо тупроқнинг сернам бўлишини хоҳлайди. Пиёзнинг барг шапалоғини кичиклиги ва сувни тежаб-тергаб сарфлашига қарамасдан, унинг илдизи яхши ривожланмаганлигидан тупроқ намлигига талабчанлиги ниҳоятда кучли. Уруғ униб чиқаётган ва пиёз боши шаклланаётган даврда экиннинг сувга талаби айниқса ошади. Фақат ўсув даврининг охирида ва пиёз бошлари етилган пайтдагина ўсимликнинг сувга бўлган талаби бир оз камаяди. Бу даврда тупроқ ҳаддан ташқари сернам бўлса, пиёз кечроқ етилади ва уни узоқ сақлаб бўлмайди. Тупроқ нами етишмаса, пиёз бошининг катталашиши сустлашади,ўсув даврини барвақт тугаллайди, камбарг ва пиёзбоши майда бўлади, натижада ҳосилдорлик кескин камаяди.
Суғорганда тупроқ етарли даражада намиқмаса барги оқиш – яшил тусга кириб, учи эгилади. Ортиқча намланганда эса барги оч яшил рангга киради.
Сизот суви чуқур жойлашган бўзтупроқли ерларда кўкламнинг охири ёзнинг бошларида пиёз ҳар 7-10 кунда суғорилади.
Пиёзни тез-тез суғориш то пиёз боши шаклланишининг охиригача давом эттирилиб, янги барг ўсиб чиққандан сўнг тўхтатилади. Июннинг иккинчи ярмидан бошлаб, яъни пиёзбошининг ўсиши тўхтагандан кейин экин 12-14 кун оралатиб икки марта суғорилади ва йиғиб-териб олишга бир ой қолганда суғориш тўхтатилади. Экин шу тарзда суғорилганда пиёзбоши қаттиқ-тиғиз ва узоқ сақланадиган бўлиб етилади. Мана шу даврда ўсимлик суғориб турилса, у қайтадан кўклаб кетади ва бундай пиёз яхши сақланмайди. Сизот суви чуқур жойлашган бўз тупроқли ерларда кўкламда экилган пиёзни ўсув даврида 11-13 марта, сизот суви яқин бўлган участкаларда 7-9 марта суғориш керак.
Юқорида айтилганидек, пиёз илдизлари тупроқнинг юза қатламига таралишини ҳисобга олиб ҳар галги суғоришда гектарига 350-400 м3 хисобидан сув берилади.