Пиёзни ўғитлаш тартиби

Пиёз патак илдизли сабзавот бўлиб, илдиз тизими асосан тупроқнинг устки қисмига яқин жойлашган. Шунинг учун у ернинг устки қисмида асосий озиқа элементларни кўп бўлишини талаб қилади. Пиёз ўсимлигига органик ўғитлардан янги гўнгни бериш тавсия этилмайди.

Бўз тупроқларда пиёздан юқори тонна ҳосил олиш учун ҳар гектар ерга ўртача 30 тонна гўнг + минерал ўғитларни соф ҳолда N300P220K120 кг меъёрда бериш керак.

Ҳайдовдан олдин гектарига гўнгнинг ҳаммаси амофос, яъни тук ҳолда 358 кг, калий хлор 120 кг ернинг асосий ишловида берилади.

Биринчи озиқлантириш пиёз яганаланиб, пиёз боши ўтоқ қилингандан сўнг, гектарига 326 кг карбамид, 80 кг калий хлор, 104 кг амофос бериш тавсия қилинади.

Иккинчи озиқлантириш илдизмевалар шакллана бошлаганда азотнинг қолган қисми берилади

Ўтлоқи ва ўтлоқи ботқоқ тупроқларда минерал ўғитларни соф ҳолда N250P200K80 +25 тонна гўнг солиш тавсия этилади.

Ҳайдовдан олдин гектарига гўнгнинг ҳаммаси, аммофос ўғитидан 330 кг, калий хлор100 кг ернинг асосий ишловида берилади.

Биринчи озиқлантириш пиёз яганаланиб, пиёз боши ўтоқ қилингандан сўнг, азотли ўғитдан 272 кг карбамид, аммофос 104 кг ва калийни 60 кг бериш тавсия қилинади. Иккинчи озиқлантириш илдиз мевалар шакллана бошлаганда карбамид 272 кг берилади.

Шўрхок ва тақирсимон тупроқларда пиёз етиштирилганда соф ҳолда N320P220K100 кг/га меъёрда бериш керак.

Пиёз эрта, ўрта, кечки ва такроран етиштирилганда бериладиган минерал ўғитлар орасида деярли тафовут бўлмайди. Пиёз учун муқобил бўлган азот ўғити аммиак селитрасидир, фосфор ўғитларидан эса суперфосфат, аммофос, янги ўзимизда ишлаб чиқилаётган Муборак фосфоритидан тайёрланган фосфор ўғитидир. Ҳар хил даражада шўрланган ерларда пиёз етиштирилганда азот ўғити сифатида аммоний сульфат, калий ўғитларидан калий хлорид, калий сульфат каби ўғитларни бермаслик керак. Бу хилдаги ўғитлар тупроқда оз миқдорда бўлса ҳам шўрланиш даражасини оширади. Бу пиёз ўсимлигини униб чиқаётганда, ўсиб-ривожланишига, ниҳоят олинадиган ҳосилга, маҳсулот сифатига салбий таъсир этади.

Ҳайдовдан олдин фосфор ва калий ўғитларининг 70–75 фоизиберилади.

Биринчи озиқлантиришда азотнинг 50, аммофос ва калийнинг 25–30 фоизини бериш керак. Иккинчи озиқлантиришда азот ўғитининг қолган қисми берилади.

Р.Ҳакимов, Ф.Расулов

 

Дўстларингизга ҳам улашинг!