Пиёзнинг 400 дан ортиқ нави бўлиб, улар аччиқ, ярим аччиқ ва чучук турларга бўлинадилар. Улардаги аччиқлик пиёз таркибидаги эфир мойлари миқдори билан аниқланади. Пиёз миришкорлари асосан қуйидаги навларни етиштирадилар:
Оддий бош пиёз (лук репчатый) – икки йиллик ўсимлик бўлиб, уруғидан экилганида биринчи йили бош тугади, иккинчи йили эса уруғ беради. Унинг уруғи 2-3 градусларда униб чиқа бошлайди, аммо яхширок униб чиқиши учун харорат 18-20 бўлгани маъқул. Ушбу китобда худди шу пиёз турини етиштириш технологияси кўриб чиқилади.
Шалот пиёзи – вегетатив усулда кўпая оладиган пиёз тури бўлиб, унинг пиёзи умумий асосга бирлашган бир неча майда қисмларга бўлинади, лекин улар саримсоққа ўхшаб, битта пўстлоқ ичида бўладилар. Пиёзлар қишга жуда яхши сақланадилар ва экилганларидан сўнг 18-20 кунларда кўк пиёз хосил қиладилар. Шалот баргларининг таъми жуда яхши, пиёзлари ҳам майда бўлишларига қарамай, жуда мазалидирлар.
Порей пиёзи – нинг ташқи кўриниши кенг баргли саримсоққа ўхшаш бўлади. Унинг барглари текис ва устки қисми парафин қопланганга ўхшайди. Ёши катта пиёзда 9-13 дона барглар бўлади. Хаётининг иккинчи йилида порей пиёзи стрелка (гулбарг) чиқаради ва у гуллаб, уруғлар беради. Ушбу пиёз унча аччиқ бўлмаган таъм ва ёқимли хидга эга бўлади. Унинг кўкат баргларини ва гулбаргларини овқатга ишлатиш мумкин. Порейнинг пиёзида шакар, оқсил, турли хил витаминлар, натрий, калий, кальций, темир ва фосфор тузлари бор бўлгани учун уни истеъмол қилиш жуда ҳам фойдали. Унинг бошқа сабзавотларда учрамайдиган қимматли хусусиятларидан бири – баргларидаги аскорбин кислотаси миқдори барглар сақлаб қўйилганида икки баробар кўпайишидир. Порей пиёзини ошқозон-ичак касалликлари билан оғриган беморларга, подагра, ревматизм, буйракларда тош йиғилиши ва семириш касалликларига мубтало бўлганларга истеъмол қилиш тавсия этилади. Ушбу пиёз совуққа жуда ҳам чидамли бўлиб, 7 градусгача совуққа бемалол чидайди. Уни ораси 20 см ли икки қаторли ленталар шаклида 10-12 см оралатиб экилади. Ленталар орасидаги масофа эса 35 см бўлиши тавсия этилади. Унинг энг кўп экиладиган навлари Каратанский (тезпишар) ва Болгарский (кечпишар) ҳисобланади.
Батун пиёзи – бу пиёзда С витамини миқдори оддий пиёздагига қараганда икки марта кўп бўлиб, у қишга чидамли бўлган ўсимлик. Уруғлари 2-3 градус хароратда униб чиқа бошлайдилар. Батун пиёзи намликни тупроқнинг чуқур қатламларидан олгани учун у қурғоқчиликка жуда чидамли ва сув танқис бўлган ерларда ҳам бемалол ўсиши мумкин. Ўсимликни 140 см ли эгатда 20-25 см оралатиб экилади. Лента усулида экилганда ленталар орасидаги масофа 50 см, ленталар орасидаги қаторлараро масофа 20 см ва экиш чуқурлиги 0,5-1,5 см бўлиши тавсия этилади. Батуннинг бир, икки ва кўп йиллик турлари мавжуд. Бир йилликда пиёз эрта баҳорда экилади ва августда хосил йиғиштириб олинади. Икки йилликда эса батун пиёзи кейинги йилга қолдирилади ва барча пиёзни кейинги йил июн-июлида йиғиб олинади. Агар пиёзни кўп йил ўстириш режалаштирилса, у холда уни экишнинг энг яхши муддати июл бўлади, вегетатив кўпайтиришда эса энг яхши муддат август ҳисобланади. Батунни парникларда 50-60 кун давомида кўчат шаклида ҳам кўпайтириш мумкин. Ушбу пиёзнинг уруғлари 14-17 кун давомида униб чиқадилар. Уруғни экишдан олдин бир сутка давомида сувда ивитилиб қўйилади. Лекин бу вақт мобайнида сувни 2-3 марта алмаштириш лозим бўлади. Ундан сўнг уруғни сочиладиган холатгача қуритилиб, сўнгра далага, нам тупроқка сепилади. Ушбу амал уруғлариннг униб чиқишини 5-7 кунга тезлаштиради.
Щниит пиёзи – совуққа жуда ҳам чидамлилиги билан фарқланиб, у эрта баҳорда ичи кавак бўлган бигизсимон барг чиқаради. Бу баргнинг мазаси сал аччиқроқ ва ёқимли бўлади. Унинг стрелкаси ва барглари овқатга ишлатилади, чунки унда каротин ва витамин С нинг миқдори жуда юқори бўлади. Аскорбин кислотасининг миқдори баҳорги баргларда кўп бўлади. Унинг пиёзи майда бўлиб, диаметри 1 см дан ошмайди. Хар бир пиёзча иккинчи ва кейинги йиллар гулбаргларни беради ва улар узоқ муддат давомида (5 ой) гуллаб турадилар. Ушбу пиёз гули жуда ҳам чиройли – тўқ қизил ёки сиёҳранг гули асаларилар учун бамисоли хазина. Щниит-пиёзни 2-3 йиллик ўсимлик сифатида ўстирадилар, чунки 3-4 йили унинг махсулдорлиги анча камаяди, барглари калта бўлиб, гулбарглар кўпаяди. Уни экиш учун тупроққа кўп миқдорда минерал ва махаллий ўғитлар солиш керак бўлади, акс холда ўсимлик яхши ривожланмай, қуриб қолади. Уруғларни эрта баҳорда, ёзда ёки кеч кузда экиш мумкин. Уни худди батун пиёзи каби экиш ҳам мумкин. Бу пиёзни нафақат уруғдан ва кўчатдан, балки 3-4 йиллик ўсимлик кўчатларини бўлиш усулида ҳам кўпайтириш мумкин. Бу холда пиёз кўкати хосили 1,5-2 марта кўп бўлади.
Слизун пиёзи (темир элементили пиёз) – бошқаларидан кўк пиёзнинг олдинроқ ўсиб чиқиши билан фарқланади. Унинг барглари япалоқ, кенглиги 2-3 см, баландлиги эса 40 см гача бўлади. Унинг гулбарглари (стрелкалари) овқатга ишлатишга ярамайди, аммо баргларининг мазаси эса ёқимли ва унчалик аччиқ эмас. Барглари ва пиёзи витаминларга, аскорбин кислотасига ва темир тузларига жуда ҳам бой. Шунинг учун бу пиёз нави кам қонлилик касали билан оғриганларга тавсия этилади. Слизуннинг катта ёшли ўсимликлари совуққа жуда чидамли, аммо ёш ўсимликлар – 5-6 градусли совуққагина дош бера оладилар. Бу ўсимлик намликни жуда яхши кўради, агар намгарчилик етишмаса, барглари қалинлишиб, таъми ҳам анча айнийди. Экиш эрта баҳорда ёки ёзда амалга оширилади, аммо уни 1 августдан кейин экиш тавсия этилмайди. Слизунни кўчат қилиш ва ўсимликларни бўлиш усулларида ҳам кўпайтириш мумкин. Уни 3 қаторли қилиб 20-25 см оралиқда экилади. Мол гўнгини 1:8 ва товуқ гўнгини 1:20 нисбатда сув билан аралаштириб озиқлантириш яхши натижа беради. Кеч кузда унинг гулбарглари (стрелкалари) ва барглари олиб ташланади. Унинг хосилдорлиги 1 кв.м. дан 18 кг гача бориши мумкин.
Хидли пиёз (лук душистый) – бу турдаги пиёз Хитойда, Узоқ Шарқда ва Ўрта Осиёда кенг тарқалган бўлиб, унинг барглари кенг, қалин ва сувли бўлади. Пастки тана қисми ҳам қалин бўлади ва унинг қуйи қисмида оқ пўстлоқлар бўлиб, уларнинг орасидан вегетацион куртаклар ривожланади. Хидли пиёз кеч кузгача шохлаб туради ва унинг барглари хеч качон қўпол бўлиб кетмайди, таъми ёқимли, бироз аччиқроқ бўлади. Баргларида каротин ва аскорбин кислотаси миқдори жуда кўп бўлади. Бу пиёзнинг барглари ва гулбаргларини янги, пиширилган ва тузланган холларда овқатга ишлатилади. Хидли пиёз кўп йиллик ўсимлик бўлиб, хар мавсумда жуда кўп барглар ва шохлар беради. У совуққа чидамли, минус 4-5 градусли совуқлар унинг ўсишига умуман таъсир қилмайди. Ушбу пиёзнинг агротехникаси худди слизун-пиёзникига ўхшаш. Унинг баргларини ердан 3 см баландликда кесиб олинади. Хидли пиёзнинг яхши кўрган озик моддаси мочевинадир (10 литр сувга 15-20 грамм).
Кўп ярусли пиёз – бу пиёз тури ҳам батун-пиёзга ўхшаб кўп йиллик ўсимлик бўлиб, у узунлиги 80 см ва диаметри 2 см га етадиган трубасимон барглар ва илдиз ости пиёзига эга. Ёш баргларининг мазаси ёқимли ва бироз ширин. Унинг гулбарги гуллар билан эмас, балки хаво пиёзчалари билан тугалланади ва бу пиёзчалар бир неча ярусдан иборат бўлади. Энг катта хаво пиёзчалари 1-чи ярусда бўлади, қолганлари майдароқ бўлиб, 2-3-4-чи ярусларда жойлашадилар. Бу ўсимлик уруғлар хосил қилмайди, балки у вегетарив равишда кўпаяди. Унинг барглари, пиёзлари ва хаво пиёзчалари овқатга ишлатилади, чунки буларда кўп миқдорда аскорбин кислотаси, турли хил витаминлар ва эфир мойлари мавжуд. Унинг фитонцид хоссалари ҳам бошқа турдаги пиёзларга қараганда анча кўпроқ бўлади. Бу пиёзни 4-5 йил давомида бир жойда ўстириши мумкин. Уни илдиз атрофи пиёзчалари ва хаво пиёзчалари (очиқ майдонларда шуниси маъқул) воситасида кўпайтириш мумкин. Хаво пиёзчаларини кўпинча август ойи бошида экилади. У 3-4 қаторли қилиб, қаторлар орасидаги масофа 20-35 см ва ўсимликлар орасидаги масофа 20 см бўлган холда экилади. Пиёзчаларни 3-5 см чуқурликка экилади.
Бош пиёз нинг Ўзбекистонда маҳаллийлаштирилган асосий ва кенг тарқалган навларига Истиқбол (чўзинчоқ ва салатбоп), Зафар (қизил рангли), Сумбула (эртапишар, май ойидаги) ва қуйида тавсиф этилган бир қанча бошқа навларни киритиш мумкин. Қуйида бош пиёзнинг бу ва бошқа асосий навларга қисқача тавсиф бериб утамиз:
Сумбула – эртапишар нав бўлиб, эрта кузда, августнинг иккинчи ва сентябрнинг биринчи ярмида экилади (уруғи сепилади), гулпоя чиқармайди, хосилдорлиги гектарига 35-40 тонна, хосили май ойида етилади, пиёзи думалоқ шаклда, вазни 90-120 грамм. Қуруқ устки пўстининг ранги сариқ, ички пўстлари этли оқ рангда, совуққа чидамли. Бу пиёзни тўқсонбости ва эрта баҳорда сепиш тавсия этилмайди, чунки бу муддатларда пиёзбошлар майда бўлиб қолади. Экишнинг бошқа усули ҳам мавжуд – августнинг охирида очиқ майдонга уруғини сепиб, октябр ойининг биринчи ўн кунлигида ниҳоллар 4-6 см бўлганда асосий майдонга кўчатини кўчириб ўтказиш ҳам мумкин.
Зафар нави – пиёзи думалоқ шаклда, пўсти пушти рангда, ўртача етти этли, эти пушти рангда, узоқ муддат яхши сақланади, пиёз бошининг оғирлиги 130-150 граммагача бўлади. Ушбу пиёзда қанд миқдори 9,1%, қуруқ модда 13,9% ва аскорбин кислотаси миқдори 15,6%. Хосилдорлиги гектарига 40-45 тоннани ташқил қилади. Трипс ва пероноспороз каби зараркунандаларга нисбатан чидамли. Бу пиёзнинг уруғи эрта баҳорда (март ойининг биринчи ўн кунлигида) ва тўқсонбоши муддатда (ноябрь-декабрь ойларида) очиқ майдонга сепилади ҳамда 143 кунда пишиб етилади. Баҳорги пиёз уруғини жуда сийрак, деярли ягана бўлмайдиган ниҳол қалинлигини таъминлайдиган даражада гектарига 10-12 кг миқдорида сепиш керак.
Каба 132 нави кечпишар нав бўлиб, 160-170 кунда етилади, хосилдорлиги гектарига 200-250 центнер, пўстининг ранги оч-қўнғир, сарғиш, эти қалин, оқ рангли, пиёзининг ўртача оғирлиги 65-160 грамм. Унинг барраси тез етилгани учун бу пиёз асосан барра пиёз етиштириш учун ишлатилади. Унинг пиёзбошиси ясси-думалоқ, пўсти бинафша-қизил рангда, салатбоп, мазаси ўртача аччиқ, эти оч бинафша рангли.
Маргилон чўзинчоқ кечпишар нави 150-170 кунларда етилади, хосилдорлиги гектарига 250-320 центнерни ташкил қилади, пиёзбоши узунчоқ-овал шаклда, қуруқ пўсти оқ рангда, таъми ширин, яхши сақланади.
Истиқбол нави ўртапишар, ярим аччиқ, униб чиққандан то етилгунча 133-143 кун ўтади. Бу пиёз нави салатлар тайёрлашда ва консерва саноатида ишлатилади. Пиёзбошиси узунчоқ тухумсимон шаклда, ўртача оғирлиги 100-грамм, пўстининг ранги сариқ, хосилдорлиги гектарига 35-40 тонна, қишга яхши сақланади. Етилган пиёзи ердан бироз кўтарилиб туриши сабабли, хосилни йиғиштириш анча осон.
Қоратол нави ўрта тезпишар бўлиб, 100-120 кунда етилади, хосилдорлиги гектарига 200-300 центнер, пиёзбошиси юмалоқ, меваси ярим аччиқ, яхши сақланади.
Самарқанд қизил кечпишар пиёз нави 150-160 кунда етилади, мазаси ўртача-аччиқ, пўсти бинафша қизил рангда, гўшти оч бинафша рангли, салатбоп, хосилдорлиги гектарига 130-280 центнерни ташкил қилади.
Айлса Грайг – Ушбу навга мансуб пиёзлар катта думалоқ формада бўлади, пўстининг ранги эса чиройли тилла рангли бўлади. Унинг таъми жуда ҳам яхши ва у хосилдор навдир.
Антей – Эртапишар, таъми аччиқ, хосилдорлиги эса 1 метр квадрат майдондан 2,2 – 3,8 кг бўлган навдир.
Брунсвик – Ўртапишар, пиёзлари думалоқ-ботиқ кўринишда, массаси 80-120 гр ва ундан каттароқ, 12,7-22% гача қуруқ элементи мавжуд, шакар миқдори 8-14,3%, пиёзнинг С витамини миқдори эса 7-9,5 мг%. Пиёзнинг пустлоғи ранги тўқ қизил ва хосилдорлиги 1 кв. м майдондан 1,4-2,6 кг гача боради. Бу навли пиёз жуда яхши сақланади.
Буран – Универсал кечки нав бўлиб, унинг экилишдан то етилишгача бўлган даври 68-83 кунни ташқил қилади. Пиёзи думалоқ шаклда, ранги тўқ сариқ, пиёз массаси 67-98 грамм, таъми аччиқ ва хосилдорлиги гектарига 85-центнер.
Сарик Вертью – ўртапишар, хосилдор нав бўлиб, етилиш муддати 110-115 кун, пиёзлари ясси-думалоқ, катталиги 120-250 грамм, ранги жигарранг-сариқ, мазаси эса ғаройиб.
Грандина – пиёз шакли думалоқ, ранги сариқ, таъми аччиқ, массаси 35-48 грамм, хосилдорлиги гектарига 145-365 центнер, вегетацион даври эса 90-95 кунни ташкил қилади.
Испания 313 нави – кечпишар, таъми унчалик аччиқ эмас ва ширинроқ, салатбоп, хосилдорлиги гектарига 230-350 центнер ва 134-170 кунларда етилади. Пиёзи думалоқ-ясси шаклда, массаси 60-260 грамм, 0,5-10,3% қуруқ моддаси бор, шакар миқдори 5,1-7,9%, С витамини миқдори эса 5,3-9,3мг% ни ташкил қилади.
Капиня – тезпишар, пиёзи думалоқ шаклда, ранги сариқ-тилларанг, массаси 35-110 грамм, 10-13% қуруқ моддаси бор, шакар миқдори 6,3-8,3%, витамини миқдори эса 5,8-10,4 мг% ни ташкил қилади, массаси 52-68 грамм, вегетацион даври 92-96 кунни ташкил қилади. Уни кўк пиёз олиш учун ҳам тавсия этилади.
Кармен – Ўртапишар, аччиқ таъмли, пиёзининг ранги сиёхранг аралаш тўқ-қизил, етилиш даври 120-130 кун, хосилдорлиги эса 1 кв.м га 4-5 кг атрофида.
Комред – Ўртапишар, аччиқ таъмли, пиёзининг шакли думалоқ ва ранги тўқ-қизил.
Ниорт қизил пиёзи – Франциянинг эртаки нави, етилиш муддати 90 кун, пиёз шакли ясси, массаси 120-250 грамм.
Пингвин – Тезпишар, унча аччиқ эмас, массаси 50-150 грамм, хосилдорлиги 1 кв. м. майдондан 3,5-5,0 кг. Пиёзининг 1/3 кисми тупроқ тепасида туради ва шунинг учун хам пиёз яхши етилади ҳамда уни териб олиш осон бўлади.
Эртаки сариқ нав – эртапишар, пиёзи думалоқ, хосилдорлиги 1 кв. метр майдондан 2,2-3,3 кг.
Сильвер мун – Салатга ишлатиладиган, ширин мазали, пиёзи думалоқ шаклда, чиройли кумушранг.
Стурон – ўртапишар перспектив нав, пиёзи думалоқ, яхши сақланади.
Халцедон – ўртапишар, аччиқ таъмли, массаси 90-130 грамм, баъзилари 300-400 граммгача бориши мумкин. Пиёзининг 1/3 қисми тупроқ тепасида туради ва шунинг учун ҳам пиёз яхши етилади ҳамда уни териб олиш осон бўлади.
Хиберна – шакли думалоқ, пўстининг ранги тилларанг-сариқ. Агар уруғлари августда сепилса, кейинги йилнинг июлида хосилни йиғиб олиш мумкин. Хосилдорлиги 1 кв. метр майдондан 8 кг ни ташкил қилади.
Штутгартер Ризен – Германиядан келтирилган нав бўлиб, эртапишар, аччиқ эмас ва таъми иштаҳа очадиган. Пиёзи думалоқ-ясси шаклда, ранги жигарранг-сариқ, хосилдорлиги гектарига 208-345 центнергача боради. Пиёзининг массаси 35-58 грамм, етилиш муддати 120 кун атрофида.
Дойтона F1 нави 120 кунда етилади, хосилдорлиги юқори ва пиёз бошлари йирик, узоқ муддат яхши сақланади, эти пушти рангда ва зич.
Банко нави ўртапишар нав бўлиб, пиёзининг ранги сариқ-жигарранг, пиёз бошлари катта ва юмалоқ, сариқ ялтироқ рангда, ўртача оғирлиги 150 грамм, қуруқ модда миқдори эса 10%, анча хосилдор нав ҳисобланади.
Манба: Пиёз етиштириш технологияси – Р.Х. Аюпов.